Жорий йилнинг 20 март оқшомида, Ўзбекистондаги Milliy TV канали улуғ ëзувчи Чингиз Айтматовнинг “Сарвқомат дилбарим” қиссаси асосида суратга олинган фильм лейтмотивини белгиловчи асосий кадрларни кесиб ташлаб намойиш қилди.
Озодлик билан суҳбатда фильм режиссери 34 яшар Сарвар Каримов “Milliy TV ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериш учун юристлар билан гаплашаëтгани ва умуман бу қайчилашлар муаллифлик ҳуқуқини топташ” эканлигини билдирди.
21 март куни Сарвар Каримовнинг бу юзадан ëзган очиқ мактуби ижтимоий тармоқнинг барча ўзбек сегментларида эълон қилинган эди.
Очиқ мактубда режиссёр Сарвар Каримов фильми кесилгани учун “Миллий ТВ”ни судга бермоқчи эканини таъкидлайди.
Milliy TVнинг ўзини таништирмаган ходими эса¸ 24 март куни Озодлик билан суҳбатда ҳеч ким уларни судга бермагани ва “ўпишиш” саҳнаси "ўзбек халқининг юксак маънавий мезонларига тўғри келмагани учун" кесиб ташланганлигини айтиш билан кифояланди.
Киночи таассуфи
Сарвар Каримов ўз очиқ мактубида “ўпич” саҳнаси метафора эканлигини тушунмаган Milliy TV ходимлари жаҳолатидан таассуф билдиради.
“Уялмасдан, мендан рухсат сўрамасдан, бир оғиз маслаҳатлашмасдан фильмнинг энг муҳим саҳналаридан бири бўлмиш Илёс ва Асалнинг Иссиқкўл бўйидаги бўса саҳнасини кесиб ташлабсизлар. Авваламбор, бу саҳна сюжет учун ўта муҳим. Қолаверса, айнан шу саҳнада фильмнинг ғоясига хизмат қилувчи кийик образи илк бора томошабин кўз олдида гавдаланарди. Бу кийик метафора бўлиб, бахт тимсолини ўзида ифода этади. Афсуски, сизлар метафора нима эканини тушунмасангиз керак.”
Озодлик билан қисқа суҳбатда режиссëр Каримов¸ кино сўнггидаги титрлар ва кино қаҳрамони фонида кўринган рассомлик асарлари билан боғлиқ эпизод ҳам кесиб ташланганидан ташвиш билдирди.
Режиссëрга кўра¸ фильм қаҳрамони Илëснинг “Илҳом” театрида фойеси кўргазма залида рассом Сардор Эркиновнинг “Метаморфозалар” деган асарлари фонида юрган кадр ҳам кесиб ташланган. Эркинов асарларида ярим яланғоч аëллар тасвирланган ва бу тасвир ҳам эфирга кетган вариантдан олиб ташланган.
Сарвар Каримов ва қирғиз кинодраматурги Керез Зарликова сценарийси асосида суратга олинган фильм “Ўзбеккино” миллий агентлиги бадиий кенгашидан ўтган. Бадиий кенгаш аъзоларида фильмдаги ўпишиш саҳнаси эътироз уйғотмаган.
Давлат грантига олинган фильм 2019 октябрида айни ўпиш саҳнаси билан Ўзбекистон, Қирғизистон, Россия, Туркия кинотеатрларида намойиш этилган¸ фестиваль ва танловларда Ўзбекистон номидан қатнашган.
20 март куни соат кечки 22 да намойиш қилинган фильм 16+ деган тамғага ҳам эга.
Фильм қизил дуррачали қизни севиб қолиб кейин айрилган ҳайдовчи йигит армонлари ҳақида.
Ўзбекистонлик таниқли кинорежиссëр Рустам Сагдиев “Milliy TV” тарафидан киночининг асари қайчиланганини маъқулламаслигини билдирди. Сагдиевга кўра¸ кинорежиссëр асарни қандай тасаввур қилса шундай суратга олиш ҳуқуқига эга.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Толибонча зеҳният
Ўзбекистонлик санъатшунос Абдумалик Турдиев Озодлик билан суҳбатда ТВ каналлардаги қайчилаш иштиëқмандларини икки гуруҳга бўлади:
"Ўзбекистондаги телеканалларда савиясиз ва жоҳил одамлар бор. Улар бемалол қўл телефонида хизмат жойида ҳам порно кўриб ўтиришади. Аммо “Ўткан кунлар” ëки “Шум бола” фильмидаги ўпишиш саҳнасини кўриб қолишса¸ “мумкин эмас” дея қайчилашади. Бунга рухсат берадиган қонун¸ инструкция бор-йўқлиги ҳақида бошини ҳам оғритмайди. Булар - биринчи гуруҳ.
Иккинчиси¸ телеканаллар ичига кириб жойлашиб олган “толибонча зеҳният”ли ходимлар. Уларнинг кўпи Туркияда террорчи деб топилган Гулан тарафдори экани ҳақида маълумот бор. Эсингизда бўлса¸ “нурчилар” иши дея ўнлаб киши телеканаллардаги ишидан бўшатилган эди. Булар Ўзбекистондаги мавжуд конституция ато қилган эркинликларга ғоявий қарши одамлар. Улар аввалига спорт каналларида кўринмасгина бўлиб ишлаб¸ штат рўйхатига киришади. Кейин секин бошқа каналларга ëйилишади. Бу ëмон ва жамиятни толибонлаштирадиган тенденция”¸ дейди Турдиев.
Суҳбатдош ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегментларида “Чингиз Айтматов китобини ўқимаганман¸ киносини кўрмаганман¸ аммо уятсиз режиссëрни лаънатлайман” деган кампания ҳам ўша толибон зеҳниятли медиаторлар томонидан парваришланаëтганидан хавотир билдирди.
Ўзбек ўпишмайдими?
Киночи Сарвар Каримов очиқ мактубида мавжуд конституцияга хилоф равишда ўзидан ахлоқ полицияси ясаб олган ходимларга савол беради.
“Икки одам кадрда ўпишса, мусаффо осмонимиз узилиб¸ қаро ерга қулаб тушадими? Ёки ўзбек ўпишмайдими? Ёки бу фильмда уйдан қочиб, кўча-куйда ўпишиб юриш тарғиб қилинганми? Фильмни кўраётганда мундоқ умумий маъно-мазмунига ҳам аҳамият берасизларми? Ёки ақлу фаросатингиз фақатгина асарни алоҳида-алоҳида кадр даражасида кўришдан уёғига ўтмайдими?"
"Кичкина Вера"дан бошланган катта қайчилаш
Ўзбекистоннинг яқин тарихида севги саҳналари акс этган киноларни тақиқлаш ëки қайчилаш 1990 йилда бошланган. “Кичкина Вера” фильми Москвадан - Марказий телевидениедан намойиш қилинганида, Ўзбекистон бу трансляцияни Ўзбекистон ҳудудида тўхтатиб қўйган эди.
Элъëр Эшмуҳаммедов суратга олган "Шок" фильмидан эса аввалига бассейнда чўмилаëтган аëллар қисми кесиб ташлаб намойиш қилинган¸ охирида эса бутунлай тақиқланган эди.Ўтган 30 йилга яқин даврда ўзбек телеканалларида 20 га яқин фильм намойиши тақиқланди.
Улар орасида "Ўзбетелефильм"да давлат маблағига суратга олинган "Судхўрнинг ўлими" ва хусусий тадбиркорлар сармояси асосида суратга олинган "Тоҳир-Зуҳра 2" фильмлари бор.
Бундан 13 йил олдин таниқли кулги устаси марҳум Обид Асомов кинопродюсерлигида олинган "Фотима-Зуҳра 2" фильмининг нега тақиқда қолаëтгани ҳозиргача номаълум.
Киночиларни ром қилган “Қизил дуррача”
Улуғ ëзувчи Чингиз Айтматов тарафидан 1956 йили ёзилган ва қатор соврин, мукофотларга сазовор бўлган “Сарвқомат дилбарим” ёки “Қизил дуррали нозик ниҳолим” қиссасининг бир қанча кино талқинлари мавжуд.
Уларнинг аксарида Чингиз Айтматовнинг ўзи сценарист сифатида қатнашган.
Бу асар асосидаги илк фиьм 1961 йили кино режиссёр Алекс Сахаров томонидан “Фрунзефильм” студиясида “Перевал” — “Довон” номи билан экранлаштирилган эди.
Фильм 1962 йил Ўрта Осиё ва Қозоғистон халқлари кинематографиячилари танловида “Энг яхши сценарийси учун” дипломини олган эди.
1972 йилда Чингиз Айтматовнинг айнан шу асарига "Мосфильм"нинг “Юность” ижодий бирлашмасида экранлаштириш учун кинорежиссёр Ирина Поплавская ва сценарий муаллифи сифатида Чингиз Айтматовнинг ўзи таклиф этилган эди.
Асар “Мен Тянь Шань” номи билан мелодрама жанрида экран юзини кўрган ва 1973 йил 19 мартда Москвада премьераси бўлиб ўтган эди.
Бу тақдимотда қатнашган киночи Али Ҳамроев Озодлик билан суҳбатда¸ фильм ўша давр ижодий жамоатчилиги тарафидан яхши қаршиланганинини айтган эди.
1978 йилнинг 11 ноябрида Чингиз Айтматовнинг “Сарвқомат дилбарим” қиссаси асосида “Selvi boylum, al yazmalim” (“Қизил дуррача)” бадиий фильми турк ижодкорлари томонидан тақдим этилди.
Фильмни Туркиянинг таниқли кинорежиссёри Атиф Йилмаз экранлаштирган¸ Асал ролини эса Туркиянинг ўша даврдаги машҳур кино актрисаси, соҳибжамол Туркан Шўрай (Türkan Şoray) ижро қилган эди.