Ким ўзарга Наврўз ўтказадиган чироқчилик синфдошлар бу йил Чиялига Муниса Ризаевани олиб келди (ВИДЕО)

Чиялидаги 2019 йилги Наврўз сайли.

Қашқадарё вилоят, Чироқчи туманидаги қишлоқларда Наврўз байрамини ўтказиш навбати бу йил ўрта мактабни 1985 йилда битирганларга келди. Чироқчининг Чияли қишлоғилик синфдошлар элга 2 тонна гуруч дамлаб, ош тортди. Байрамга Муниса Ризаевани таклиф қилди.

Таниқли хонанда Муниса Ризаева Instagram саҳифасида эълон қилган видеода Чироқчининг Чияли қишлоғида ўтказилган Наврўз сайлидаги концерти акс этган.

Видеода қўлида мобил телефонини кўтариб олган минглаб ëш йигитнинг саҳнада ашула айтаëтган Ризаевани олқишлаëтгани акс этади. Ёзган изоҳида Ризаева ўз чиқишигa бу қадар кўп одам келишини тасаввурига ҳам сиғдира олмаганини билдиради.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Муниса Ризаева чироқсиз Чироқчини чироқсиз ёритди

Ўтган йилларда айнан Чиялидаги Наврўзга¸ чироқчиларга кўра¸ Ўзбекистодан донг чиқарган катта санъаткорларнинг кўпи борган.

Муниса Ризаева¸ қолаверса бошқа машҳур ашулачилар айнан Наврўз кунида нега Ўзбекистоннинг бу чекка қишлоғига бориб¸ яйдоқ майдонда концерт беради¸ деган саволга жавоб излаш жараëнида Озодлик фақат Чироқчигагина хос бўлган Наврўз феноменига дуч келди.

Бепул ош ва томошани Азамат уюштирдими¸ ëки азаматлар?

Чироқчидаги Чияли чувиллоқ қишлоғидаги Наврўз байрами соҳиби (айнан шундай дейилган - таҳр.) Бобомирзаев Азамат (Костя) бўлади. 2 тонна гуруч дамлади¸ 5 минг доллар бериб Муниса Ризаевани, Дилшодни 10 миллионга обкелиб Чироқчига Наврўз қилиб берди. Азамат (Костя) викупга Тошкентдан олган Нексияда юради¸ лекин Наврўзга 250 млндан ортиқ пул сарфлади”¸ деб хабар берди Озодликка шахсини очиқламаган чироқчиликлардан бири.

Озодлик гаплашган бошқа чироқчиликлар¸ бу маълумотнинг қисман тўғри эканини билдирдилар.

Чиялидаги кечаги байрамга мен ҳам бордим. Камида 12 қозон ош тортилди¸ Муниса Ризаева концерт берди. Лекин буни Азаматнинг бир ўзи қилмади. Синфдошлар пул тўплаб қилишди. Бу йил Чиялида¸ адашмасам¸ 85-йилгиларнинг гали келган”¸ деди айни Наврўз сайлида қатнашганлардан бири.

Чироқчиликлар билан суҳбатдан аëн бўлишича¸ 90-йилларнинг охирларидан бери бу тумандаги қишлоқларда ҳар йили мактабни тугатган йилига қараб¸ синфдошларнинг ўз қишлоғида "пул ташлашиб"¸ Наврўз сайли ўтказиши ëзилмаган қонунга айланган.

Бу ишга раҳбарлар аралашмайди. Галма-галдан синфдошларнинг ўзи қилади. Наврўздан анча олдин пул йиғиш бошланади. Мажбурийлик йўқ – ҳамма ҳолига қараб¸ 1 миллионми¸ 10 миллионми ташлайди. Тўпланган пулга қараб¸ қанча гуручдан ош дамлаш¸ қайси артистни олиб келишга келишилади. Кеча Чиялидагилар Мунисани олиб келган бўлса¸ бугун Оқтўнли қишлоғидаги синфдошлар Шерали Жўраевнинг ўғлини олиб келишди. Эртага Тухморга Юлдуз Усмонованинг қизи Нилуфар келади”¸ - деди Озодлик гаплашган чироқчиликлардан бири.

Кимўзар Наврўз

Чироқчи қишлоқларида йиллардан бери анъанага айланган синфдошлар пулига бериладиган Наврўз оши ва томошаси ҳақида гапирган чироқчиликлар¸ бугунга келиб бу бепул сайлларнинг қишлоқлар ўртасидаги кимўзар мусобақага айланганини айтадилар.

Ўтган йилларда Ортиқ Отажонов¸ Гулсанам Мамазоитовалар келган Чиялига. Ўзбекистондаги манаман деган артистларнинг ҳаммаси Чироқчи¸ Наврўз десангиз¸ билади. Чунки синфдошлар ҳар йили ўтган йилгидан машҳурроғини олиб келишга ҳаракат қилади. Синфдошлар Наврўзи тонгги соат 6 лардан тарқатиладиган бепул ош билан бошланади¸ кейин Тошкентдан келган ашулачилар концерт беради¸ ундан кейин кураш бўлади. Энди баъзилар кўпкарини бошлаган¸ лекин ҳамма қишлоқда ҳам эмас”¸ дейди чироқчиликлардан бири.

Суҳбатдошларга кўра¸ халқ қайси қишлоқнинг Наврўзи қайси куни бўлиши¸ унга қайси артист келишини овозалардан билади ва бу тадбирга ëн қишлоқ ва туманлардан ҳам одамлар оқиб келади.

Биров сен кимсан¸ масалан¸ чиялиданмисан-йўқми¸ деб сўрамайди – байрам ҳаммага очиқ. Бепул ош етганга етади¸ етмаган ўша майдонда кечаси билан ўрнатилган кўчма ошхона ва дўконлардан балиқми¸ шашликми сотиб олади. Бепул ошга кеч қолганларга - хафа бўлиш йўқ”¸ дейди суҳбатдошлардан бири.

“Чиялини ҳамма санъаткор билади”

Youtube порталида “Чироқчи¸ Наврўз” деган сўзлар қидирувга берилса¸ бу туманнинг яйдоқ майдонларида ўтказилган ўнлаб Наврўз сайллари видеолари чиқиб келади. Улар орасида Чияли ва Тухмор қишлоғидаги Наврўз тасвирлари кўпни ташкил қилади.

2018 йил Чияли қишлоғидаги Наврўзда қатнашган Ортиқ Султонов¸ оддий чироқчиликларнинг “синфдошлар Наврўзи” уюштиришнинг фақат шу туман қишлоқларига хос анаъана экани ҳақидаги гапини тасдиқлайди.

"Устидаги кийими¸ тагидаги машинаси¸ Тошкентдаги икки қаватли уйини айнан чироқчиликлар пулига қилинган"ини таъкидлаган Султонов:

- Чияли ўзи четроқ бўлсаям¸ Ўзбекистонда машҳур бўлган 4-5 қишлоқдан биттаси. Чияли деса¸ любой жойда¸ “биламиз”¸ дейди. Бу юртнинг йигитлари қилаëтган бунақанги иш бошқа ҳеч қаерда йўқ оғайнилар. Бу йил 84-йил укаларимиз мани бориб шартта таклиф қилиб келди. Ман жон-жон деб рози бўлдим¸ чунки Чиялига келиб хизмат қилиш шараф биз санъаткорлар учун¸ - дейди 2018 йили Чиялида ўтказилган Наврўз сайли видеосида.

Энг қолоқ қишлоқларнинг танти йигитлари?

Озодлик гаплашган айрим чироқчиликлар ўз қишлоқларида йилдан-йилга кучайиб бораëтган Наврўзга ким неча қозон ош дамлайдию¸ қайси ном чиқарган ашулачини олиб келади¸ деган мусобақани кўп ҳам қўлламасликларини билдирдилар.

Бу қишлоқлардаги аҳволни кўрсангиз¸ хафа бўп кетасиз. Йўл йўқ¸ сув йўқ¸ боғ ëки тузукроқ дам оладиган жой йўқ¸ мактаб-касалхоналар хароб. Синфдошлар тўплайдиган пулини бир кунлик чанг-тўзон ичидаги томошага сарфламай¸ халқ ҳаëтини сал яхшилайдиган ишларга сарфласа бўлмайдими¸ деб ўйлаб қоламан. Бугунги байрамда ҳам охиригача қололмадим. Концерт тугагандан кейин¸ ëш-ëш болаларни курашга солишди. Айланиб¸ одамлардан пул йиғишди¸ бир аҳволдагилар ҳам чўнтагида борини ташлади. Миллион сўм берганлар ҳам бўлди. Жаҳлим чиқиб¸ уйга қайтаяпман ҳозир”¸ дейди Чиялидаги томошага борганлардан бири.

Суҳбатдошларга кўра¸ Чироқчи қишлоқларидаги ҳар йилги Наврўз сайлларига пул берадиганларнинг кўпчилиги Россияда ишлаб юрганлардир.

Булар йиллаб оиласини кўрмай¸ Россияда оғир ишларни қилиб¸ пул топаяпти. Наврўзга синфдошлар пул йиғаяпмиз¸ деб эшигига борса¸ оиласи йўқ деëлмайди. Ўзи Россияда бўлса ҳам¸ бола-чақаси Чироқчида¸ Наврўзга чиқиб ош еб¸ бепул томоша кўради. Еган оғиз уялади¸ булар ҳам беради”¸ дейди чироқчиликлардан яна бири.

Маҳаллий ҳокимият ва қишлоқ Наврўзлари

Озодлик мухбирининг 22 март куни Чироқчи туман ҳокимлигига қилган қўнғироқларига ҳеч ким жавоб бермади. Туман ички ишлар бўлимининг Озодлик гаплашган ходими¸ Чияли ва бошқа қишлоқларда ҳар йили синфдошлар тўплаган пулга Наврўз уюштириш анаъаси борлиги ва бу тадбир хавфсизлигини таъминлашга ички ишлар ходимлари ҳам қатнашишини билдирди.

"Бугун ҳамма ўша жойда"¸ деди Чиялини назарда тутган ички ишлар ходими жумладан.

Озодлик гаплашган оддий чироқчиликлар эса¸ бу сайлларга ҳокимият ва хавфсизлик тизимлари деярли аралашмаслиги¸ фақат сайл ўтказилаётган қишлоқларга масъул участка нозирларигина четдан қараб туришини айтди.

"Мелиса-хавфсизлик бўлмаса ҳам шу пайтгача бирор тўполон чиққанини билмайман. Одамларнинг ўзи байрам бузилмасин деб¸ маст-аласи бўлса ҳам¸ ўзи тартибга солиб келаяпти"¸ дейди чироқчиликлардан бири.