Ўзбекистон мусулмонлари идораси пойтахт Тошкентдаги масжидларнинг 18 нафар имом ва имом ноибларини ишдан четлатган.
Бу ҳақда 11 сентябрь куни диний идорада ўтказилган мажлисда маълум қилинган, аммо расмий хабарда ишдан четлатилган имомларнинг кимлиги айтилмаганди.
ЎМИ хабарномасида “дин пешвоси сифатида иш фаолиятига эътибор қаратмаган ва меҳнат мажбуриятларини етарли даражада бажармаган Тошкент шаҳридаги масжидларда фаолият юритган 8 нафар имом-хатиб, 10 нафар имом ноиби вазифасидан озод этилгани” қайд этилган. Бундан ташқари, 2 нафар имом-хатиб ва 2 нафар имом ноибига ҳайфсан берилгани айтилади.
Тўлиқ рўйхат
Озодликнинг Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитасига яқин манбаси вазифасидан четлатилган имом ва ноибларнинг тўлиқ рўйхатини тақдим этди:
1. Рустамжонов Абдулатиф - “Абдуллоҳ ибн Ҳузофа" масжиди имом-хатиби;
2. Мирзалиев Жаҳонгир - "Дорул ислом" масжиди имом-хатиби;
3. Муҳаммадий Эргашев - "Аҳмаджон қори" масжиди имом-хатиби;
4. Муҳаммадхон Султонхонов - "Мирза Ғолиб" масжиди имом-хатиби;
5. Луқмон Аблоқулов - "Зангиота" масжиди имом-хатиби;
6. Тошболтаев Химойиддин - "Азиз ота" масжиди имом-хатиби;
7. Ҳафизуллаев Закариё - “Камолиддин Ориф Ал-Бухорий” масжиди имом-хатиби;
8. Ибн Турсун Билолқори ибн Султонмурод - “Чўлпон ота” масжиди имом-хатиби;
9. Зияев Бекмирза - “Дорул ислом” масжиди имом ноиби;
10. Мухамаджонов Муҳаммадали - "Абу Бакр Қаффоли Шоший" масжиди имом ноиби;
11. Турдалиев Камолиддин – “Ҳазрати Али" масжиди имом ноиби;
12. Парпиев Бахриддин - "Тўхтабой" масжиди имом ноиби;
13. Юлдашев Жаҳонгир - "Ҳазрати Умар" масжиди имом ноиби;
14. Марупов Ойбек - “Сузук ота" масжиди имом ноиби;
15. Абдувакилов Олимжон - “Абу Сахий” масжиди имом ноиби;
16. Эсонқулов Иноятуллоҳ - “Хожа Аламбардор” масжиди имом ноиби;
17. Собитжонов Абдувохид - "Иброҳимбой ва Орифжонбой" масжиди имом ноиби;
18. Абиев Хикматулла - "Ахмаджон қори" масжиди имом ноиби.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Озодликка маълум бўлишича, имомларнинг барчаси бир кунда ишдан олинмаган. Уларнинг 16 нафари жорий йил бошидан буён вазифасидан четлатилгани айтилмоқда.
Рўйхатдаги ҳар бир имом ва ноибнинг айнан қандай камчилиги учун ишдан олингани борасида маълумот йўқ.
Озодлик манбалари ҳукумат айрим дин уламоларининг тармоқлардаги зиддиятли чиқишларидан норози эканини айтишади.
Шунингдек, сўнгги пайтларда мамлакатда "диний фон" кучайиб кетгани расмийларнинг хавотирига сабаб бўлган.
Олдинроқ Озодлик Бош вазир Абдулла Арипов мамлакатдаги давлат рўйхатидан ўтмаган юзлаб масжидларни бузиш тадбиркорларга бериш ҳақида кўрсатма берганини хабар қилганди. Ҳукумат расмийлари бу хабарни тасдиқламаган, аммо рад ҳам этмаган.
Ўтган йилги ҳукумат масжлисида соқол ва ҳижоб масаласи муҳокама қилинган, унинг ортидан хусусан пойтахт Тошкентда диндорларга тегишли бизнесларга рейдлар ўтказилганди.
Ўтган йилларда кузатилгани каби, бу йил ҳам янги ўқув йили таълим муассасаларида қизларнинг ҳижоб ўраши билан боғлиқ можаролар фонида бошланган.
Диний эркинликлар
Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач Ўзбекистондан минглаб диндорлар қора рўйхатлардан чиқарилган, янги масжидлар очилишига рухсат берилган. Соқол ва ҳижобга қўйилган тақиқлар юмшатилгани кузатилади.
Аммо айни пайтда дин устидан давлатнинг қатъий назорати сақланиб қолмоқда.
Олдинроқ АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистон ҳукумати диний эркинликларни таъминлашга доир айрим ваъдалари устидан чиққан бўлса-да, кўплаб ваъдалар амалга ошмай қолаётганини танқид қилганди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Давлат департаменти ҳисоботида жумладан, диний қўшиқ (нашида) йўллагани учун жазога тортилган Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабаси Жаҳонгир Улуғмуродов ва 21 ёшли IT мутахассиси Сардор Раҳмонқулов кейслари ёдга олинган. Қайд этилишича, 3 йил олдин синфдошига юборган диний қўшиқ сабаб аввалига 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган, кейинроқ жамоатчилик босими остида 2 йил синов муддати билан озодликка чиқарилган Сардор Раҳмонқуловга нисбатан, шунингдек, давлат томонидан тайинланган имомларни танқид қилгани ортидан узоқ муддат қамоқ жазосига ҳукм қилинган, 2023 йил декабрь ойида эса озодликка чиқарилган диний блогер Фозилхўжа Орифхўжаевга нисбатан тергов чоғи қийноқ қўлланган.
АҚШ ҳукумати диний таълимга чеклов сақланиб қолаётганини танқид қилган.
"Хусусан, диний эътиқодни давлат рухсатисиз амалга ошириш, ўқитиш ва баҳам кўриш тақиқлангани, шунингдек, диний адабиётларга нисбатан қаттиқ цензура юзасидан хавотир изҳор этилган”, дейилади йиллик ҳисоботда.