“Док-1 Макс” иши бўйича суд жараёнини кузатиб бораётган “Дарё” нашрининг 5 январда хабар қилишича, мазкур сиропдан 18 бола заҳарланагани юзасидан алоҳида 17 нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Хабарда айтилишича, суд жараёнида “Док-1 Макс” сиропидан яна 16 нафар бола оғир, 2 нафари "енгил тан жароҳати" олгани, 3 нафар бола эса заҳарланиш оқибатида вафот этгани маълум бўлган.
Мазкур ишни кўриб чиқаётган суд раиси Мусо Юсупов 5 январдаги суд жараёнида бу ҳақда маълум қилган.
“Суд томонидан кўриб чиқилаётган аввалги жиноят ишига янги жиноят иши қўшилиб, битта иш юритувига бириктирилди. Энди иккита жиноят иши битта иш юритувга бириктирилган ҳолда битта иш сифатида кўриб чиқилади. Шу сабаб суд жараёни келаси чоршанба, 10 январга қадар танаффус эълон қилди”, — деб иқтибос келтирди “Дарё” судланувчилардан бирини ҳимоя қилаётган адвокат Даврон Аҳмадов баёнотидан.
Озодлик радиоси 2023 йил 1 декабрда Тошкент шаҳар суди “Док-1 Макс” жиноят иши юзасидан жараённи бир ойга тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилгани ҳақида хабар берганди.
Ўшанда жиноят иши “айбловни тўлдириш ва бошқа шахсларни айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш билан боғлиқ қўшимча процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун тергов органига юборилган”.
Ўзбекистонда камида 65 боланинг ўлимига сабаб бўлган “Док-1 Макс” сиропи юзасидан суд жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида 11 август куни бошланган эди.
Иш доирасида жами 21 киши, жумладан, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбари, Ҳиндистон фуқароси, “Quramax Medikal” МЧЖ директори ҳамда бошқаларга айблов эълон қилинган. Айбланувчиларнинг 16 нафари эркак ва 5 нафари аёл.
Ўтган йилнинг январь ойида ДХХ Тергов бошқармаси томонидан “Quramax Medikal” МЧЖ ҳамда “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” мутасаддиларига нисбатан жиноят иши очилганди. “Док-1 Макс” сиропини Ўзбекистонга олиб кирган “QURAMAX MEDICAL” МЧЖнинг лицензияси ҳам 2023 йил 13 январь куни бекор қилинган.
Суд жараёнида мансабдорлар мазкур сиропни Ўзбекистонда махсус текширувларидан ўтказмасдан сотувга чиқарилиши учун камида 33 минг доллар пора бергани аниқланган.
Мазкур воқеалар фонида 2024 йилнинг 5 январида 2022 йил декабридан то шу кунгача соғлиқни сақлаш вазири бўлган Амрилло Иноятов меҳнат таътилида бўлиб турган бир пайтдаўз лавозимидан озод этилгани тўғрисидаги хабарлар тарқалди.
Унинг ўрнига президент администрацияси Ижтимоий ривожлантириш департаменти раҳбарининг биринчи ўринбосари Асилбек Худоёров президент Шавкат Мирзиёев фармонига асосан соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
Айрим хабарларда айтилишича, Худоёровнинг вазир вазифасини бажарувчи этиб тайинлангани тўғрисида бош вазир Абдулла Арипов иштирокида «танқидий руҳда» ўтган йиғилишда маълум қилинган. Шунингдек, Худоёров президент администрациясидаги лавозимини ҳам сақлаб қолган.