6 июнь куни Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви раиси сифатида иш бошлаган Мамаризо Нурмуратов¸ уни бевосита билган мутахассислар томонидан¸ билим ва тажрибали раҳбар сифатида таърифланмоқда. Айни пайтда¸ Озодлик гаплашган таҳлилчилар¸ Марказий банк мустақил тизимга айлана олмаган Ўзбекистон шароитида унинг янги раиси ҳам сиëсий иродага тўлиқ қарамлигини таъкидлади.
1-иш куни
6 июнь куни Ўзбекистон Марказий банкида янги раис иш бошлади. Президент Миризëевнинг кейинги 11 йил давомида Марказий банк раисининг маслаҳатчиси бўлиб ишлаган сенатор Мамаризо Нурмуратовни банк бошқаруви раислигига тайинлаш таклифи Сенат томонидан маъқулланди.
Сенатдаги Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси¸ 57 яшар Нурмуратов шу куни президент маслаҳатчиси томонидан Марказий банк бошқаруви ва ходимларига янги раис сифатида тақдим этилди.
Бу тадбирда ўз устивор вазифалари ҳақида гапирган Нурмуратов¸ янги раис чиқишини тинглаганлардан бирининг айтишича¸ Марказий банкнинг бундан сўнг “Кабмин топшириғинигина бажарувчи тизим бўлишдан чиқиб¸ президент белгилаб берган давлат дастурига амал қилажаги"ни таъкидлаган.
Бу дастурнинг “Иқтисодиëтни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари” деб номланган III бобида “миллий валютанинг ва ички бозордаги нархларнинг барқарорлигини таъминлаш¸ банк фаолиятини тартибга солувчи замонавий тамойил ва механизмларни жорий қилиш, уларнинг самарали фаолият кўрсатишига йўл қўймаётган тўсиқларни бартараф этишва валютани тартибга солишнинг илғор бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш” Марказий банк зиммасига юклатилган асосий вазифалардан қилиб белгиланган.
Озодлик суҳбатлашган банк-молия соҳаси мутахассислари¸ бу вазифаларни Ўзбекистонда эркин конвертацияни жорий қилмасдан амалга оширишнинг иложи йўқлигини таъкидладилар. Улар фикрича¸ конвертация масаласида берилиши кутилаëтган қарор¸ Нурмуратовнинг Марказий банк раиси сифатидаги фаолиятини баҳоловчи асосий мезон бўлади.
Нурмуратов Марказий банкка неча фоиз эркинлик ола олади?
Ўзбекистон Молия вазирлигининг собиқ мулозими Сапарбой Жубаев¸ Мамаризо Нурмуратовни билим ва тажрибали молиячи сифатида таърифлар экан¸ мамлакатдаги банк-молия тизимини ислоҳ қилиш¸ хусусан¸ валюта конвертациясини очиш-очмаслик борасида Марказий банк раиси эмас¸ сиëсий раҳбар қарор беришини айтади:
- Америка Федерал резерви¸ сиëсий ҳокимиятдан мустақил¸ валюта сиëсати бўйича 100 фоиз мустақил қарор қабул қилади. Россия Марказий банки эркинлигини 50 фоиз¸ дейиш мумкин. Путин Набиуллинани (Россия Марказий банки раиси - таҳр.) тинглайди¸ лекин охирги қарорни барибир ўзи беради. Қозоғистон Марказий банки 25 фоизга эркин¸ улар қарорининг 75 фоизи Назарбоев топшириғига асосланади. Минг афсусларким¸ Ўзбекистон Марказий банкининг қарор беришдаги эркинлигини 0¸25 фоиз дейиш мумкин¸ қолган 99¸75 фоизи сиëсий ҳокимият¸ аниқроғи¸ президентга тегишли. Шунинг учун Мамаризо Нурмуратов олдида турган бирламчи вазифа¸ ўзи бошқарадиган Марказий банк тизимининг қарор беришдаги эркинлик ва мустақиллиги фоизини оширишдир¸ дейди Жубаев.
Нурмуратов – 2003 йилда конвертацияни очганлардан бири
Мамаризо Нурмуратов 2000-2004 йилларда Ўзбекистон Молия вазири лавозимида ишлаган ва мамлакатда Халқаро валюта жамғармаси билан узоқ музокаралардан кейин эркин конвертацияга ўтиш айнан Нурмуратов вазирлиги даврида кузатилган.
ХВЖ билан ўтказилган бу музокараларда бевосита қатнашган вазирлик собиқ мулозимларидан бири Нурмуратовни конвертация очилиши учун ҳаракат қилган¸ жараëннинг муҳим жиҳатларини муҳокамага қўйиб¸ муаммоларни тўғри ҳал қилишга уринган мутахассис сифатида эслайди:
- Конвертация ҳақидаги катта мажлисда ХВЖ таклиф қилган 75 миллионлик ëрдам муҳокама қилинди. Ўшанда Азимов "конвертацияни очмай туриб¸ пахтанинг ўзидан бир миллиард доллар олиб турган жойимизда¸ 75 миллионни бошимизга урамизми"¸ деди. Азимовнинг бу гапига мажлисда ўтирганлардан бири ”ХВЖ берадиган ҳар бир доллар ортидан бир миллион долларлик тўғридан-тўғри инвестиция киради”¸ деб жавоб берди. Бу одам эса, Марказий банкда ишлайдиган Мамаризо Нурмуратов эди. Мана¸ орадан шунча йил ўтиб¸ Азимовнинг ўша гапи¸ шу концепцияси ўзининг бошига етди – Мирзиëев уни мамлакатга инвестиция келмаëтгани учун ишдан бўшатди. Мамаризо Нурмуратов бу муҳокамаларда жуда ўринли саволларни кўтарганида¸ МБ раиси Муллажонов уни гапиришга қўймаган эди¸ деб эслайди валюта конвертациясини очиш масаласида ўтмишда бўлган муҳокамаларнинг бевосита иштирокчиси.
Бу муҳокамалардан бир неча йил ўтиб¸ ХЖВ ва ЕТТБ банки билан келишувлар асосида ўшандаги президент Ислом Каримов конвертацияни очишга қарор берган ва бу жараëнни амалга оширишда бевосита қатнашганлардан бири Мамаризо Нурмуратов бўлган эди.
(2008 йилга келиб турли сиëсий кучлар келтирган турли сабаблар асосида Каримов эркин конвертацияни тўхтатди ва шундан бери мамлакатда валюта алмашинувининг дунëда деярли кузатилмайдиган тўртта курси мавжудлигича қолмоқда.)
“Конвертацияни очишга билим ва тажриба бор¸ ҳозирча сиëсий ирода етмай турибди”
Озодлик билан 7 июнь куни¸ қолаверса¸ бундан олдин ҳам конвертация масаласида гаплашган ўзбекистонлик мутахассислар¸ валюта сиëсатини либераллаштириш жараëнини бошлаш учун велосипед қайта ихтиро қилишга ҳожат йўқлигини айтадилар:
- Агар эртага президент Шавкат Мирзиëев¸ Рустам Азимов ўрнига тайинланган Жамшид Қўчқоровни¸ Молия вазири Ходжаев ва Марказий банк янги раҳбари Нурмуратовни олдига чақириб¸ конвертацияни очинглар¸ деса¸ буларнинг ҳаммаси жуда билим ва тажрибали мутахассислар¸ улар нима қилишни яхши билади. Лекин¸ уларнинг бирортаси Миризëевга кириб¸ конвертацияни очайлик¸ деб қаттиқ туролмайди. Чунки Ўзбекистонда бу банк-молия муаммосидан жуда катта сиëсий масалага айланган ва бу қарорни фақат президент бера олади¸ дейди Сапарбой Жубаев.
Озодлик билан суҳбатда Мамаризо Нурмуратов билан бир неча йил бирган ишлаган иқтисодчилардан бири ҳам Марказий банк янги раисининг Мирзиëев аниқ буйруқ бермагунча¸ ўз соҳасида жиддий ислоҳот бошлашга журъат қилишига шубҳа билдирди.
“Нурмуратов Нархоздаги кучли домлалар¸ кейин Ленинграддаги либерал профессура қўлида ўқиган яхши мутахассис. Ҳатто уни¸ макроиқтисод бўйича Ўзбекистондаги энг яхши мутахассислардан дейиш мумкин. Бошқаларни эшитадиган¸ мулоҳазали¸ оғир-босиқ раҳбар. Лекин унда ислоҳотчининг жасорати борлигига¸ либерал сиëсатни қаттиқ туриб олдинга суришига ишонмайман. Бу масала ундан тепада¸ президент даражасида ҳал бўладиган нарса. Президент қарори эса¸ жуда кўп манфаатлар тўқнашуви ва омиллардан келиб чиқиб берилади. Ҳозирча¸ Марказий банк ҳам¸ конвертацияни очишга алоқадор бошқа тизимлар ҳам бу таклифга ўз муносабатини билдириб бўлган. Гап Миризëевда¸ унинг сиëсий иродасида қолган”¸ дейди ўтмишда Нурмуратов билан бирга ишлаган банк соҳаси мутахассиси.