Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:36

Блог: Мирзиëев ислоҳотчию Иноятов унга қарши “қора кучлар” тепасидами?


Шавкат Мирзиëев 2016 йилнинг 8 сентябрида Ўзбекистон олий ҳокимияти тепасига келганидан бери унга берилган ваколатлар чегараси¸ мамлакатда ëпиқ эшиклар ортида давом этаëтган ҳокимият кураши ҳақида турли иддаолар илгари сурилмоқда. Бугунга келиб халқаро матбуот саҳифаларига ҳам кўчган шундай иддаолардан бирига кўра¸ Мирзиëев президент этиб сайланганига қарамай¸ Ўзбекистон сиëсатини белгилаëтган ягона раҳбар эмас.

Reuters манбалари иддао қилади...

Reuters агентлиги 7 март куни эълон қилинган “Эксклюзив: Ўзбекистон ҳукмдорлари ислоҳотлар бўйича низолашмоқда – манбалар” деб номланган мақолада¸ президент Шавкат Мирзиëев ўзбек иқтисодини ислоҳ қилмоқчи¸ лекин ҳокимиятга шерикчилик қилаëтган Рустам Иноятов бунга йўл қўймаëтир¸ деган иддао илгари сурилди.

Бу иддаони қувватлаш учун келтирилган биринчи мисолга кўра¸ Шавкат Мирзиëев Европа тикланиш ва тараққиëт банки билан 2007 йилдан тўхтаб қолган ҳамкорликни қайта тиклаш ва улар берадиган кредитлар ëрдамида мамлакат иқтисодини модернизация қилмоқчию бу ҳаракат МХХ раиси Иноятов қаршилигига учрамоқда. Агентликнинг ЕТТБдаги манбаси ҳам¸ ҳамкорликни тиклаш уриниши Иноятов қаршилигига дуч келганини айтган.

Reuters таянган дипломатик манбалар иддаосича¸ Ислом Каримовнинг ўлимидан сўнг мамлакатда ҳокимият учун очиқ курашга чап бериш мақсадида¸ гўë учовлон – Бош вазир Шавкат Мирзиëев¸ МХХ раиси Рустам Иноятов ва Бош вазирнинг 1-ўринбосари Рустам Азимов давлатни биргаликда бошқариш ҳақида келишувга эришган.

Агентлик гаплашган дипломатик ва бизнес манбалар¸ учовлон аксар ҳолатларда келиша олмаëтгани боис¸ мамлакатда қарор қабул қилиш қийин ва олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган бўлиб қолганини айтган.

“Ҳамма масалада қарор беришда Мирзиëев¸ Иноятов ва Азимов ўртасида зиддият бор”¸ деган Reuters манбалари.

Мирзиëев қабул қилган Ғарб ва айрим Осиë ватандошларининг 2017 йил 1 апрелидан бошлаб Ўзбекистонга визасиз киритиш ҳақидаги қарор ижросининг 5 йилга кечиктирилгани¸ 15 январь куни қарорга айланиши кутилган валюта сиëсатини либераллаштиришга оид лойиҳанинг ҳамон кучга кирмагани ва Душанбе-Тошкент рейсларининг бир марта парвоздан кейин тўхтатиб қўйилгани¸ агентлик манбаларига кўра¸ бу зиддиятда ислоҳотчи Мирзиëевнинг эмас¸ унинг қудратли “шериги” Иноятовнинг қўли баланд келгани ифодасидир.

Қоронғу хонада қора мушук ушлаш уриниши...

Ислом Каримов миясига қон қуюлиб комага тушган 2016 йилнинг 27 августидан бери Озодликка ҳокимиятга яқин турли манбалардан ҳокимият тақдири билан боғлиқ турли хабарлар келмоқда ва келишда давом этмоқда.

Бу жараëн ëпиқ эшиклар ортида¸ ниҳоятда кичик гуруҳ шахслар орасидаги сўзлашувларга оид бўлгани учун Озодлик уларни на тасдиқлаш ва на инкор этиш имконига эга.

Reuters илгари сурган ҳокимиятни шерикликда бошқаришга оид Мирзиëев¸ Иноятов ва Азимов ўртасидаги махфий келишув ҳақидаги иддаолар ҳам айнан тасдиқлаш имкони деярли йўқ иддаолар сирасига киради.

Каримов ўлимидан сўнг ҳокимиятнинг қандай бўлинганию¸ ундаги сўнгги сўзни ким айтгани ҳақида Озодликка кўпинча бир-бирига зид иддаолар айтилмоқдаки¸ уларнинг бугун аксар ўзбекистонликлар қулоғига чалинган айримларини санаб ўтмасликнинг иложи йўқ.

“Азимов ҳокимият тепасида эмас”

Узоқ йиллар Ислом Каримовга ворис бўлиш эҳтимоли энг юқори деб чамаланган Бош вазир ўринбосари Рустам Азимов¸ Каримовнинг ўлимидан сўнгги бошқарув жараëнларидан яхши хабардор собиқ мулозимга кўра¸ посткаримов даврида ҳокимият йўналишини белгилаш ваколатларидан маҳрум бўлган.

“Ҳеч қандай учлик йўқлигини¸ Мирзиëев ўтказаëтган мажлисларда унинг Азимовга қилаëтган муомаласи кўрсатиб турипти. Ҳозир ўзбекистонликлар Азимовни “товуқчилик”ка масъул амалдор, деб биладиган бўпқолди. Ҳукумат мажлисида Мирзиëев уни ўрнидан турғизиб¸ қишлоқ жойларда ҳамманинг уйида 100 тадан товуқ боқилишини сиз назорат қиласиз¸ дегандан бери бу ҳақда аскиялар кўпайиб кетди. Албатта¸ Азимов тажрибали ва пихини ëрган финансист. Ўзбекистондаги молия структурасини қурганлардан бири шу одам. У молиявий сирлар¸ хусусан¸ бадавлат элитанинг қанча пули қаерга бекитилганини яхши билгани¸ ҳатто уларнинг айримларига доступи бўлгани учун ушлаб турилипти. Лекин унинг бу ролда ҳукуматда узоқ қолиши даргумон”¸ дейди собиқ ҳукумат мулозими.

“Путин Иноятов режасини бузди”

Озодликка ўзини Олий мажлис депутатига яқин шахс, деб таништирган манба¸ 8 сентябрь кунги парламент қўшма мажлиси бошлангунга қадар кўпчилик давлатни бошқариш конституциянинг 96-моддасига мувофиқ Сенат раиси Ниғматулла Йўлдошевга ўтади¸ деган ишончда бўлганини айтади.

Бу манбага ишонилса¸ қўшма мажлиснинг олдиндан тайëрланган барча ҳужжат лойиҳаларида ҳам вақтинча президентлик ваколатининг уч ой давомида айнан Йўлдошевга топширилиши ëзилган ва бу лойиҳалар 8 сентябрь арафасида ўзгартирилган.

Бу кутилмаган ўзгариш муаллифи эса¸ манба иддаосича¸ Россия президенти Владимир Путиндир.

“6 сентябрь куни Каримов қабрини зиëрат қилиш баҳонасида Самарқандда бир неча соат тўхтаб ўтган Путин бу ерда Рустам Иноятов¸ Зелимхон Ҳайдаров ва Татъяна Каримовани¸ Конституцияга зид тарзда бўлса ҳам¸ вақтинчалик президентликка Мирзиëевни қўйишга кўндирди. Бунинг эвазига¸ Каримовлар оиласининг дахлсизлиги кафолатланадиган¸ Иноятовнинг давлат бошқарувидаги аввалги қудратли роли сақлаб қолинадиган бўлди. Мирзиëев ана шу келишув натижасида 8 сентябрь куни муваққат президент бўлди¸ лекин давлатни бошқариш ваколатларини Иноятов билан бўлишишга кўнди. Аслида¸ Конституциянинг 96-банди айнан Иноятовнинг қўллови билан Мирзиëевнинг Каримов ўрнини эгаллашига йўл қўймаслик мақсадида киритилган эди”¸ деди ўзини ўзбек парламентига алоқадор деб таништирган Озодлик манбаси.

“Мирзиëев, Иноятов - тенг кучли рақиблар”

Ўзбекистон хавфсизлик тизимига яқин бошқа бир манба Озодликка айни иддаони сал бошқача шаклда айтади.

“Путиннинг ворис танлашда белгиловчи роль ўйнагани бор гап. Иноятов ва Мирзиëев¸ азалдан¸ бир-бирига рақиб¸ Каримов даврида бир-бирига қарши яширин кураш олиб борган¸ бир-бирига кучли компроматлар йиққан. Бир-бирини ëмон кўрса ҳам¸ улар қўлидаги кураш воситалари¸ иқтисодий ресурслар тенг кучли бўлгани учун¸ муроса қилишга мажбур. Путин уларнинг иккаласини ҳам қўллайди¸ чунки биридан қутулмоқчи бўлса¸ иккинчиси керак бўлади. Мирзиëев ҳокимиятни камида беш йилга Иноятов билан шерикчиликда бошқаришга кўнган ва шунга ҳозирча амал қилаяпти. Эътибор берсангиз¸ ҳокимиятга келгандан бери Мирзиëев ҳаммани¸ ҳатто Рустам Азимовни ҳам ëш боладек турғизиб қўйиб¸ танқид қилаяпти. Прокуратура¸ мелиса¸ вазир ва ҳокимларни обориб-опкелаяпти. Лекин ўзини гўë мамлакада МХХ деган қудратли структура ва унинг тепасида ўтирган қудратли Иноятов деган генерал йўқдек тутаяпти. Бирор марта МХХ деган сўзни оғзига олиб¸ танқид қилгани йўқ. Ваҳоланки¸ мамлакатдаги коррупциянинг бошида ҳам¸ адолатсизликнинг пойдеворида ҳам шу структурага берилган чексиз ваколатлар ëтибди. Нимадир фундаментал ўзгариш қилмоқчи бўлса¸ ана шу структурани бузишдан бошлаш керак. Лекин нимага бу ҳақда индамайди - чунки орада келишув бор”¸ деган иддаосини илгари суради хавфсизлик тизимидаги Озодлик манбаси.

МХХ (Иноятов) нега ислоҳотларга қарши?

Озодлик манбалари Иноятовни аксил-ислоҳотчи сифатида кўрилишига унинг шахсияти¸ шунингдек¸ у қарийб 25 йилдан бери бошқариб келаëтган тизимнинг ниҳоятда ëпиқ ва қоронғулиги асос беришини айтадилар.

“МХХ Ўзбекистондаги ҳокимият ва иқтисод тизимларига бошдан оëқ сингиб кетган минг оëқлик махлуққа айланган. Бош прокурор¸ ИИВ¸ солиқ¸ божхона раҳбаридан тортиб¸ район даражасидаги ҳар бир лавозимга қадар¸ МХХ кадрлари ўтирипти. Ҳар қандай сиëсий-иқтисодий ўзгаришни буларга тегмай туриб қилиб бўлмайди. Бу эса¸ Иноятов қудратининг камайишига олиб келади. Унинг иқтисодий ислоҳотларга қаршилиги сабаби ҳам оддий. МХХ Ўзбекистонда конвертация йўқлиги боис мавжуд тўртта валюта курси орқасидан миллиардлаб доллар фойда кўраëтган қудратли структурага айланди ва бу сиëсатни ўзгартириш ана шу бойлик манбасидан айрилиш демакдир. Қариб¸ турли хасталиклардан қийналаëтган Иноятов буни қабул қилган тақдирда ҳам¸ у қурган структуранинг бунга кўниши қийин. Зиддият илдизи¸ манфаатлар тўқнашувидадир”¸ дейди Ўзбекистон хавфсизлик тизимига яқин Озодлик манбаси.

Мирзиëев ислоҳотчими?

Айни масалада фикр билдирган Озодликнинг Тошкент бошқарувидаги жараëнлардан яхши хабардор уч манбаси¸ Шавкат Мирзиëев ҳокимиятда қолиш учун нималарнидир ўзгартириш лозимлиги¸ хусусан¸ иқтисодни қисман бўлса ҳам ислоҳ қилиш лозимлигини тушунишига ишонишларини билдирди.

“Ислоҳотчи деганда¸ мамлакатдаги сиëсий-иқтисодий тузум табиатини ўзгартириб¸ демократик¸ очиқ ва шаффоф давлат қурмоқчи¸ деб тушуниш нотўғри бўлади. Мирзиëев иқтисодда нималардир ўзгармаса¸ давлат идораларининг бедодлиги бироз жиловланмаса¸ узоқ ўтира олмаслиги мумкинлигини билади. Шунинг учун халққа ўз кунини кўриш¸ бизнес қилиш имконини бермоқчи. Бунга эса¸ ташқаридан инвестиция келмаса¸ бўлмайди. Инвестиция учун¸ валюта сиëсати либераллашиши¸ конвертация очилиши керак. Масалан¸ қўшни Қозоғистонда конвертация ҳам бор¸ иқтисодий эркинлик ҳам бор¸ айни пайтда¸ коррупция¸ хусусан¸ давлат бошқарувидагиларнинг энг сердаромад соҳаларни ўз назоратига олгани ҳам бор. Ислоҳотлар билан¸ Мирзиëев¸ лоақал шу Қозоғистон моделига яқинлашмоқчи. Бунинг тагида Мирзиëев ва яқинларининг Ўзбекистон бойликларини ўз қўлига олиш истаги йўқ¸ деб айта олмаймиз. Лекин давлатнинг 1- раҳбари сифатида у юзаки бўлса ҳам¸ ўзгаришларга қўл урмасликдан бошқа чораси йўқлигини билади”¸ деди Озодлик билан суҳбатда собиқ ҳукумат мулозими.

Реаллик эмас¸ истакка эргашиш...

Озодлик манбалари тақдим этаëтган маълумотлар¸ бошда айтиб ўтилгани каби¸ тасдиқлаш имкони деярли йўқ жараëнларга тааллуқлидир.

Айни пайтда¸ бундай маълумот ва иддаолар халқаро агентликлар мақоласига мавзу бўлишдан ойларча олдин ўзбекистонликлар ўзаро суҳбатларидаги асосий мавзулардан бирига айланиб бўлган.

“Шавкат Мирзиëв мамлакатни тўлиқ бошқараяптими ўзи? Рустам Иноятов яна қанча МХХ тепасида қолади? Мирзиëевнинг МХХ ва бошқа генералларга кучи етадими ўзи? Нега унинг айтган кўп гаплари амалга ошмаяпти? Нега у ўзи қабул қилган қарорларининг айримларидан яна ўзи қайтишга мажбур бўлаяпти? Мирзиëев ўзи айтгани каби Каримов сиëсатини давом эттирадими ëки уни секин-аста ислоҳ қилмоқчими?

Ҳозирча бу саволларга аниқ жавоб Озодликда йўқ.

Посткаримов даврининг жавоби бор жиҳати эса¸ ўзбекистонликлар¸ қолаверса¸ Ўзбекистонга қизиқиши бор ҳукумат ва халқаро тизимдагиларнинг янги ҳукуматдан ўзгаришлар¸ ҳатто катта ислоҳотлар кутаëтганидир.

Озодлик суҳбатлашган таҳлилчилар фикрича¸ узоқ бу кутишдан сўнг ҳам маҳаллий¸ ҳам халқаро ҳамжамият кўриш-эшитишни истаганини реаллик ўрнида қабул қилишга ошиқмоқда.

Мирзиëвни ислоҳотчи¸ халқпарвар¸ адолатпарвар сифатида¸ Иноятовни эса¸ Каримов даврининг энг оғриқли жиҳатлари – қўрқув¸ ҳақсизлик¸ бедодлик рамзи сифатида кўриш¸ улар таъкидича¸ ана шу истак ифодаси бўлиши мумкин.

“Агар Мирзиëев ва Иноятов ўртасида қандайдир келишув бўлса¸ бу сен халққа умид бериб¸ уни томошага қаратиб тур¸ мен эса¸ ҳар иккаламиз учун ҳам манфаатли бўлган авввалги тузумни қандай бўлса¸ шундай ушлаб тураман”¸ деган мазмунда бўлиши мумкин¸ дейди Озодликка посткаримов бошқарув моҳиятига оид иддаолардан яна бирини илгари сурган Ғарб таҳлилчиси.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG