Ўтган 2 йил давомида қишда кузатилган кучли энергетик бўҳрон бу йил ҳам давом этиши мумкин.
Жойлардан олинган маълумотга кўра, президент сайлови арафасида яхшиланган электр энергияси таъминотида яна узилишлар кўпайган.
Тахминан 1 триллион кубометр табиий газ захираларига эга бўлган Ўзбекистонда аҳоли қишга кўмир, ўтин ва таппи ғамлаш билан овора.
Озодлик мамлакатнинг турли худудларида яшовчи аҳоли билан боғланиб, қишга тайёргарлик масаласини ўрганди.
“Сайловдан кейин чироқ ўчиши бошланди”
Сурхондарёнинг Ангор туманида яшовчи 32 яшар Дилоромга кўра, президент сайлови ўтгач, туманда яна свет ўчиши бошланган:
“Сайловдан олдин свет яхши эди. Ҳозир свет 1 кунда атиги 10- 12 соат берилади холос. Бугун эрталаб соат 7да ўчганди, соат 10да ёнди. Тушдан кейин соат 2да яна ўчди, ҳозир соат 6 бўляпти, ҳалиям ёнгани йўқ. Газ умуман йўқ. Уйларни ғўзапоя билан иситяпмиз. Боғдаги қуриган дарахтларни кесиб ўтин қилганмиз. Ҳали бу йилга ўтин сотиб олмадик. Бир машина ғўзапоя 1, 5 миллион сўм. Ҳозирча олишга пул йўқ. Бошида бир машинаси 1 миллион эди, ишқилиб яна қимматламасин. Кўмир олишга пулимиз йўқ”.
“Кўмир қиммат бўлгани учун фақат ўтин ишлатамиз”
Хоразмлик 44 яшар Анвар эса электрда муаммо йўқлигини, бироқ ўтин ва кўмир нархи қимматлигини айтади:
“Хоразмда совуқ октябрнинг ўрталарида бошланди. Шундан бери уйларни иситиш учун ўтин ёқамиз. Свет ҳозир аввалгидай ўчмайди. Лекин ўтин муаммо. Газ умуман йўқ. Бир ойга уйни иситиш учун ойига 200 минг сўм кетади. Уйда 3 киши яшаймиз, фақат 1та уйни иситамиз. Кўмир қиммат бўлгани учун олмайман. Кўмирни бир килоси 1350 сўм. Қишдан чиқиш учун 3-4 тонна кўмир керак. Ўтинни бир машинаси 1, 5 милллион сўм. Ўтинни ҳам тежаб ишлатамиз, светни ҳам кўп пул чиқиб кетмасин деб, тежаб ишлатамиз”.
“Таппи ишлаб чиқаришни ривожлантириш керак”
Фарғоналик блогер ва печка сотувчи Дима Қаюм совуқ тушиши билан печка бозори ҳам жонланганини айтади.
“Бу йил нафақат темир печкалар, балки электр билан ишлайдиган печкаларнинг ҳам бозори чаққон. Электрда узилишлар аввалгига қараганда камроқ бўлаётгани учун электр печкаларнинг хариди яхши. Табиий газ йўқ, одамлар газ баллони ишлатяпти. Шундай хонадонлар албатта печка оляпти. “Дарахт кесиш мумкинмас” деганига ўтиннинг нархи қиммат. Битта “моторола муравей”га ортилган ўтиннинг нархи 400-500 минг сўм. 2-3 болали бир оиланинг қишдан чиқиш ҳаражати 500-600 долларга тушади. Бу маблағ уйни иситишнинг 3 ойлик қишдаги ҳаражати".
Дима Қаюмнинг айтишича, арзон кўмир 310 сўмдан, аммо уни ишлатмаган маъқул.
"Сифатли кўмир 1200 сўмдан 1500 сўмгача. Мен печкани яхши тушунганим учун айтишим мумкинки, арзон кўмир сифатсиз ва у ис газининг ҳақиқий “энаси” десам ҳам бўлади. Шунинг учун сифатсиз кўмир ишлатмаган маъқул. Бизга сифатли кўмир Ангрендан келади. Лекин ҳозир импорт кўмир ҳам келяпти. Энг қизиғи, Қозоғистон ва Қирғизистондан келаётган импорт кўмир маҳаллий кўмирдан ҳам арзон сотиляпти. Масалан, қозоқ кўмирининг бир килоси 1000 сўм, Ангренники 1200 сўм. Лекин маҳаллий кўмир сифатлироқ”.
Айни пайтда Дима Қаюм таппи ишлаб чиқаришни ҳам ривожлантиришни таклиф қилади:
“Таппи ота-бобомиз қилиб келган нарса, бундан уялмаслик керак. Энди шу соҳани ҳам инновацион технологиялар қилиб, ривожлантириш керак. Бошқа илож йўқ. Кўмир тугайди, ўтин тугайди. Лекин био ёқилғи- таппи тугамайди. Ёки қуёш энергиясига ўтиш керак ёки таппига”.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Энергетика вазирлиги: Электр камроқ ўчяпти
15 ноябрь куни Энергетика вазирлигининг Озодлик боғланган мулозими “Мирзиёевнинг Янги Ўзбекистонидаги энергетик вазият Каримов даврига нисбатан яхшиланганини” таъкидлади.
Мулозим сўзларига исбот сифатидаги фактларни вазирлик сайтидаги махсус мақоладан топишимизни таъкидлади.
12 ноябрь куни вазирлик сайтида чоп қилинган ўша мақолада охирги беш йил ва Каримов даври таққосланган:
- "1991-2016 йилларда ёки 25 йил ичида республика бўйича 9 300 км электр узатиш тармоқлари ва 4 800 та трансформаторлар янгиланган.
- 2017-2021 йиллар давомида (охирги беш йилда) 40 600 км бўлган электр узатиш тармоқлари ва 12 900 та трансформаторлар янгиланмоқда. 4 600 МВтдан зиёд янги қувватлар ишга туширилмоқда”.
Айни пайтда мақолада Каримов давридаги электр тақчиллиги Янги Ўзбекистонда ҳам кузатилаётгани тан олинган:
“Ҳақиқатан ҳам электр таъминотида қисқа муддатли узилишлар ҳали ҳам учраб турибди. Бироқ кўп ҳолларда, бу 10 дақиқадан 2 соатгача бўлган қисқа муддатли узилишларни ташкил қилади”.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси мулозими вазирликнинг бу маълумотини “бекор гап” деб атади.
Мулозим мамлакатдаги энергетик бўҳрон бўйича федерация махсус ҳисобот тайёрлаётгани, яқин кунларда у матбуотда эълон қилинишини айтди.
Расмий маълумотга кўра, федерацияга жорий йилнинг тўққиз ойида аҳолидан жами 8 686 та мурожаат келган бўлиб, уларнинг 1188 таси (13,7%) газ таъминоти, 915 таси (10,5%) электр таъминоти, 437 таси (5 %) сув таъминоти бўйича шикоятларни ташкил қилади.
Айни пайтда Sizdan Telegram лойиҳасига келаётган хабарларда ҳам мамлакатдаги энергетик бўҳрон манзарасини кўриш мумкин:
Тармоқлар Норбоевани 5 йил олдинги зулматга "қайтарди"
Ўзбекистон энерготизими жиддий ислоҳотларга муҳтож экани тан олинди, соҳага жиддий инвестициялар киритилгани айтилди. Вазиятни ўнглаш ваъда қилинди. Бироқ вазият ҳануз ўнгланмагани Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Норбоеванинг электр билан боғлиқ мунозарали чиқишидан сўнг янаям ойдинлашди.
Норбоеванинг "свет ўчиши тарихда қолгани" тўғрисидаги сўзларидан сўнг ижтимоий тармоқларда ўзбекистонликлар электр энергияси билан боғлиқ ҳақиқий манзарани ижтимоий тармоқларга олиб чиқишди. Улар ўзларининг электр энергиясисиз, зулматда ўтирган сурат ва видеоларини тармоқларга жойладилар.
Пойтахт Тошкент дохил йирик шаҳарлар ва қишлоқ жойларида электр тармоғидаги узилишлардан азият чекаётган оддий фуқаролар Сенат раисини халқнинг турмушидан бехабарлик ва "ёлғончилик"да айблашди.
Мавзуга алоқадор "Ўзининг уйида свет ўчмайди". Тармоқлар Норбоевани 5 йил олдинги зулматга "қайтарди"Ўтган қишдаги вазият
Тахминан 1 триллион кубометр табиий газ захираларига эга бўлган Ўзбекистон ўз фуқароларини газ билан таъминлашда муаммога дуч келмаслиги керак.
Аммо ўтган йилги қишда кўплаб одамлар, жумладан, пойтахт Тошкентдаги маҳаллалар турғунлари газ таъминотидан вақтинча узиб қўйилди.
Мавзуга алоқадор Марказий Осиё бу йил қишдан кўмир билан чиқадими?Бир неча шаҳарда газ таъминотидаги узилишлардан норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Декабрь ойи ўрталарида президент Шавкат Мирзиёев газ экспортини тўхтатишни буюрди.
Ўзбекистон бу қиш газ муаммосини бартараф этиш мақсадида импорт қилинадиган газ тарифларни озайтирди ҳамда қўшни Туркманистон билан кўпроқ газ сотиб олиш учун янги шартнома имзолади.
Ўтган қишда амалдорлар электр энергияси ва газ таъминотидаги узилишлар давомида кўрган ягона чора газ баллонлари, ўтин ва кўмир миқдорини кўпайтиришдан иборат бўлди.
Ўзбекистон Ҳисоб палатасининг 2022 йил учун давлат бюджети юзасидан берган хулосаларига кўра, электр энергияси ва табиий газни ички истеъмолчиларга сотиш нархи ошиши мумкин.