"Пичоқ бориб суякка қадалди". Enter Engineering ишчилари иш ташлади

Ишчиларнинг ўзлари тасвирга тушириб, ижтимоий тармоқларга жойлаган видеоларда юзлаб ишчи қурилиш бораётган майдонда тўпланиб, “ойлик, ойлик” деб бақираётгани, расмийлардан иш ҳақларини талаб қилаётгани кўринади.

Enter Engineering ширкатига қарашли Олмалиқдаги 3-мисни бойитиш фабрикаси (МБФ) қурилишининг ўзбекистонлик ишчилари 8 апрель куни стихияли иш ташлаш эълон қилди.

Ишчилар тўрт ойдан буён маошсиз қолаётганларидан шикоят қилишмоқда.

Бу заводда ҳиндистонлик ва қозоғистонлик ишчилар ҳам ишлайди. Уларга ойлик маошлари вақтида тўлаб берилган.

Аммо ўзбекистонлик ишчиларга тўрт ойдан буён маош берилмаган. Озодлик билан суҳбатда улар уйларда егулик қолмагани, кундан-кунга қарзга кириб бораётганлари ва кредитларини тўлай олмаётганларини айтиб ёзғиришди.

"Пичоқ суякка бориб қадалгани"ни айтган ишчилар 8 апрель куни иш ташлаш эълон қилишди ва ширкат маъмуриятидан ўтган йилнинг декабрь ойидан буён ололмаётган маошларини тўлаб беришни талаб қилдилар.

Ишчиларнинг ўзлари тасвирга тушириб, ижтимоий тармоқларга жойлаган видеоларда юзлаб ишчи қурилиш бораётган майдонда тўпланиб, “ойлик, ойлик” деб бақираётгани, расмийлардан иш ҳақларини талаб қилаётгани кўринади.

Мавзуга алоқадор Путиннинг бир қўлидан иккинчи қўлига. "Газли" омбори Фозиловга ўтди - Озодлик суриштируви

Тармоқларда тарқалган видеоларда Олмалиқ МБФ-3 нинг мулозимларидан бири чиқиб, ишчиларга маошларни тушириб берамиз, деб ваъда бераётгани, аммо ишчилар бу "навбатдаги ёлғон" эканлигини айтаётганлари кўринади.

Озодлик суҳбатлашган ишчилардан бирининг айтишича, расмийлар маошларни 9 апрель соат 12га қадар тушириб беришни ваъда қилганлар. Аммо ишчи бу "корхона раҳбарларининг навбатдаги найранги" эканлигини айтади:

“Норозиликнинг каттаси бугун бошланди. Душанба куни ойлик берамиз, дейишганди. Бугун эрталаб сота 6 да йиғилиш бўлди. Унда тушда хабар қиламиз, деди. Обедда тўпландик, бизга январдан уёғи, ноябрь ва декабрь ойликларини берамиз, буёғи ҳали йўқ дейишди. Биз, нега қозоғистонлик, ҳиндистонлик ишчилар оляпти-ю, бизга йўқ, деб эътироз билдирдик. Хуллас, халқнинг сабр косаси тўлди, ҳамма ишни ташлаб, қурилиш кетаётган майдонга йиғилди ва “ойлик, ойлик” деб талаб қила бошлади”.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Enter Engineering. Кўпмиллиардлик лойиҳаларни олган ширкат ишчиларига ойлик бермаяпти


Enter Engineering ширкатининг Ўзбекистон бўйлаб 200 дан ортиқ объекти бор. Катта-кичик бу объектларда қурилиш, таъмир, қайта таъмир ёки модернизация лойиҳалари амалга оширилади.

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида ишлаётган ширкат ишчилари ўзларининг Телеграм каналида уч-тўрт ойдан буён маош ололмаётганидан ёзғиришади.

8 апрель куни тушдан кейин ижтимоий тармоқларда бу вқоеа бўйича Enter Engineering ширкатининг расмий баёноти эълон қилинди.

Унда ишчиларга январь ва февраль ойлари учун маош тўлаб берилгани иддао қилинади:

"Ходимларнинг иш ҳақи бевосита буюртмачи олдида бажарилган иш ҳажмини муваффақиятли асослаб берилишига тўғридан-тўғри боғлиқ. Шунга кўра, ҳозирги кунда ходимларнинг февраль ойи учун маошлари тўлиқ тўлаб берилган. Айни вақтда март ойи учун ҳажмларни асослаш жараёни кетмоқда, уларнинг якунига кўра, бутун иш ҳақи тўлаб берилади".

Аммо бу расмий хабар эълон қилинганидан сўнг, компания ишчиларининг Телеграм-каналида ишчилар маъмуриятни ёлғончиликда айблашди.

Уларга кўра, хорижий ишчилар, яъни экспатларнинг январь ва февраль ойликлари берилган, лекин Ўзбекистон фуқаролари маоши эса декабрь ойигача тўланган, холос.

Декабрь маоши ҳам ўтган ойнинг бошида ишчиларнинг ярмига берилган.

Компания бу эътирозларга ҳозирча бошқа муносабат билдиргани йўқ.

Enter Engineering ширкатининг Сурхондарё вилоят, Бойсун туманидаги газни қайта ишлаш корхонасининг ўзбекистонлик ишчилари ҳам декабрь ойидан буён маошсиз ишлаётганларини айтишади.

Озодлик суҳбатлашган, исми сир қолишини сўраган корхона ишчиларидан бирининг айтишича, ҳиндистонликлар ҳам "тўполон қилиб пулларини ундириб олишган":

“Ўтган ҳафта ҳиндистонлик ва бангладешликлар забастовка қилди. Жанжал қилиб бориб, кадрлар бўлими ойналарига тош отиб синдиришди. 2500 одам уч кун ишламади.Кейин қора ниқобдаги махсус кучларни ташладилар. Улар ҳиндларни ўзлари яшаб турган городокка қайтариб туширишди. Хуллас, ҳиндларга пулларини тўлашди, лекин 500 кишини ширкатнинг самолётида Ҳиндистонга қайтариб олиб кетишди”.

Ҳужжатларга қараганда, бу обьектда 8 мингга яқин ишчи бор. Ишчиларнинг сўзларига кўра, ҳар ойлик маошни жанжал-тўполон билан олиш одатий ҳолга айланган.

Мавзуга алоқадор Олигархлар қўлига ўтаëтган Ўзбекистон: Ўзметкомбинат ҳам Eriell гуруҳига берилди

Ишчиларга кўра, ЕЕ нинг Ўзбекистон бўйлаб, ўнлаб йирик ширкатида ўтган йилнинг ноябрь-декабрь ойлари маошини ололмаган жами 50 мингдан ортиқ ишчи бор ва норозилик кучайиб бормоқда.

Исмини ошкор этишни истамаган мутахассисларидан олинган маълумотларга кўра, ҳозирда Enter Engineering ширкатининг Тошкент, Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро, Зарафшон, Фарғона, Андижон вилоятларидаги 200 дан ортиқ объектида жами 52 минг ишчи бор.

Ишчилар Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан борган арматурачи, бетончи, ҳайдовчи, монтажчи, уста, чилангар, сваршчик каби қурилишдаги 20 дан ортиқ касб ва ҳунар эгалари.

Буларнинг 12 мингга яқини қозоғистонлик, ҳиндистонлик, туркиялик ва россиялик ишчилар. Ойлик иш ҳақи 2 миллиондан 25 миллион сўмгача.

Ишчилар ойлик маошлари кечикиши билан бирга тўланадиган меҳнат ҳақидаги улкан тафовутдан ҳам норози, аммо айтишларича, бошқа танлов йўқ.

Ишчиларига ойлаб маош бермаётган ҳар икки компания - Enter Engineering ҳам, Eriell ҳам Озодликнинг қатор суриштирувлари қаҳрамони, Кремлга яқин олигарх Бахтиёр Фозиловга тегишли.

Enter Engineering ва Eriell ширкати Ўзбекистоннинг кон-металлургия, газ ва нефть, туризм, турли ишлаб чиқариш объектлари модернизацияси, айрим йирик бинолар эксплуатацияси каби 228 та лойиҳани қўлга киритган.

2008 йилда Россияда фаолиятини бошлаган ERIELL гуруҳи акцияларини Газпромбанк сотиб олган, 2015 йил декабрида ERIELL бу акцияларининг бир қисмини қайта сотиб олган. Гуруҳ акцияларининг 39.6 фоизи, очиқ маълумотларга кўра, ҳамон Газпромбанкка тегишли.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Enter Engineering. Кўпмиллиардлик лойиҳаларни олган ширкат ишчиларига ойлик бермаяпти


Россиянинг Украинага босқини ортидан жорий қилинган Ғарб санкцияларидан сўнг, Фозилов ERIELL ширкати Россиядан чиқиб кетди.

Россиянинг нефть-газ соҳасидаги йирик ахборот портали - ROGTEC хабарига кўра, 2023 йилнинг августида ERIELL ширкатининг Россиядаги бўлинмаси MetallStroyService ширкатига сотилган.

Нашр битимнинг президент Путин рухсати билан амалга оширилганини таъкидлаган.

Аммо ширкат, кейинги йилларда Ўзбекистон нефть ва газ соҳасидаги йирик лойиҳаларни қўлга олаëтгани айтилади.

ОКМК - йиллик мис ишлаб чиқариш ҳажми бўйича МДҲда учинчи ўринда туради - 148 минг тонна мис қазиб олинади. Биринчи ўринда Россия - 973 минг тонна, иккинчиси эса Қозоғистон - 500 минг тонна.

Комбинат сайтида келтирилишича, ҳозирги кунда ОКМК ташқи сотувининг асосий бозори Туркия бўлиб, у ерга товарларнинг 60−70 фоизи етказиб берилади.