Фейсбук Эрон билан Россияга қарашли нотўғри ахборот тарқатган саҳифаларни ёпиб қўйди

Марк Цукерберг

Фейсбук вакиллари хабар қилишича, компания Эрон билан Россияга тегишли 652 та аккаунт ва веб-саҳифани ёпиб қўйди. Бунга уларнинг ноябрь ойида АҚШ Конгрессига бўлиб ўтадиган сайловдан олдин нотўғри сиёсий ахборот тарқатгани сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

21 август куни компания Фейсбук ва Инстаграм сингари ижтимоий тармоқларидан аккаунтларни ўчириб ташлаганини маълум қилди, чунки улар ўқувчиларни чалғитувчи сиёсий материалларни тарқатишда“мувофиқлаштирилган ва ғаразли хатти-ҳаракатлар”ни содир этган.

Рейтер ахборот агентлиги хабарида Твиттер компанияси ҳам 21 август куни Эроннинг Саудия Арабистони, Исроилга қарши ва Фаластинни ёқловчи мавзуларда тарғибот билан шуғулланган 300 га яқин аккаунтини ёпгани айтилди. Маълум қилинишича, ушбу ижтимоий тармоқдаги “мувофиқлаштирилган найранглар” ўтган йили бошланган.

Фейсбук маъмурияти миллиардлаб одамлар фойдаланадиган ушбу тармоқни ўтган йилдан бошлаб қаттиқ назорат остига олди. Ўшанда компания Россия агентлари ушбу ижтимоий тармоқ орқали ҳар хил чалғитувчи хабарлар тарқатганини ва шу йўл билан АҚШнинг 2016 йилги президент сайлови натижасига таъсир кўрсатишга уринганини тан олган эди.

Ижтимоий тармоқ АҚШ ва Буюк Британия ҳукуматларини, АҚШ Молия вазирлиги ва Давлат департаментини ушбу қўллаган чораларидан хабардор қилди.

‒ Одамлар Фейсбукда кўзи тушаётган нарсаларга ишониши учун биз бундай хатти-ҳаракатларни тақиқлаймиз, чунки ҳаққонийлик муҳим аҳамиятга эга, ‒ деди бош директор Марк Цукерберг журналистларга видеоконференция чоғида. Яна компания аккаунтлар ортида турган кишилар “қилаётган ишларнинг кўпчилигидан бехабар” эканини ҳам айтди.

Эрон билан Россия Фейсбук кўрган чораларга зудлик билан жавоб қайтармади.

Компаниянинг сўнгги чоралари 4 та тергов билан боғлиқ, уларнинг учтаси Эрон, биттаси Россияга дахлдор.

Биринчи иш "Liberty Front Press" ташкилоти билан боғлиқ, у Фейсбук билан Инстаграмда бир қанча аккаунтлар очган ва 150 мингдан ошиқ бошқа аккаунтлар унинг материалларини кўчириб босган. Ушбу ташкилот Эроннинг давлатга қарашли ОАВ билан баҳамжиҳат иш кўради, дейилади Фейсбук тарқатган хабарда.

Дастлабки аккаунтлар 2013 йилда очилган ва уларда Яқин Шарқ, Буюк Британия ва Қўшма Штатларга оид сиёсий маълумотлар чоп этилган.

Иккинчи ташкилотнинг кўплаб аккаунтлари ва 15 мингдан ошиқ издоши бор. У ҳам Liberty Front Press ташкилотига алоқадор бўлиб, зарарли таъминот дастурларини тарқатиш учун одамларнинг аккаунтларини бузиб киришга уринган. Бироқ Фейсбук ушбу уринишларга барҳам берган.

Эрондан ташқарида фаолият юритган учинчи ташкилотнинг 813 минг издоши бор эди, у ҳам Яқин Шарқ, Буюк Британия ва Қўшма Штатларга оид сиёсий маълумотлар тарқатган.

Эронга алоқадор ташкилотлар реклама учун 12 минг доллар сарфлаган ва 28 та турли тадбир ўтказган.

Сурия ва Украина билан боғлиқ масалаларга оид сиёсатга таъсир кўрсатишга уринган тўртинчи ташкилот, АҚШ ҳукумати таъбири билан айтганда, Россия ҳарбий разведкасига тегишли манбаларга тааллуқлидир.