Энергетика вазири Россиядан сотиб олинаётган газ нархи сир сақланишини билдирди

Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов.

Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Россиядан сотиб олинаётган газ нархи бўйича жамоатчиликка маълумот берилмаслигини айтди. Вазирга кўра, “миллий манфаатлар, бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб, рақобатбардош нарх белгиланган”.

Kun.uz нашрига берган интервьюсида вазир: “Нархни ошкор қилолмаймиз, чунки бу — икки томонлама шартнома. Буни тушунтирганмиз. Умуман, шу йўналишдаги шартномаларни қарасангиз, бирор шартномада [нарх] очиқланмайди, лекин шуни айтишим мумкинки, миллий манфаатларни инобатга олган ҳолда рақобатбардош нархга келишилди”, — деб билдирди.

Энергетика вазирлиги 19 июнда тарқатган расмий билдирувида Россиядан 2 миллиард 800 миллион кубометр, кунига 9 миллион кубометр газ сотиб олинишини маълум қилган эди. Мазкур билдирувда ҳам газ нархи ошкор этилмаган ва “табиий газ нархи минтақадаги бозор нархлари асосида, шунингдек, республикамиздаги амалдаги нархлар ҳамда уларни бозор тамойиллари асосида шакллантириш бўйича амалга оширилиши режалаштирилаётган ислоҳотлардан келиб чиқиб, келишилган”и айтилганди.

Вазирликнинг таъкидлашича, мазкур шартнома “истеъмолчиларнинг табиий газга бўлган йилдан-йилга ошиб бораётган эҳтиёжини қисман қондириш ҳамда куз-қиш мавсумини беталафот ўтказишга қаратилган чора тадбирлардан биридир”.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Россия газининг Қозоғистон орқали Ўзбекистонга етказиб бериш ишлари 2023 йилнинг тўртинчи чорагидан бошланиши ҳақида маълум қилганди.

Мавзуга алоқадор "Эҳтиёжни қисман қондиради"."Газпром" билан шартнома қишда аҳолининг газ муаммосини ҳал қилмайди