"Биз ҳам иссиқ жонмиз!"- Намангандаги газга навбат ва жанжал видеоси Телеграм каналидан ўчирилди

Намангандаги газ қуйиш шохобчаларидан бирида узун навбат ва жанжал акс этган видеодан олинган сурат - 8 декабрь, 2020

Телеграм тармоғида 409 мингга яқин обуначиси бўлган Namanganliklar.Uz канали Намангандаги газ қуйиш шохобчаларидан бирида узун навбат ва жанжал акс этган видеони, чоп этилганидан бир неча соат ўтиб, ўчириб ташлади.

Ўчирилган видео ўрнида эса, “Ажабланманг, биз ҳам иссиқ жонмиз! Яшасин очиқ Ўзбекистон!” деган изоҳ қолдирилди.

Электрон ОАВ таҳририяти видеонинг олиб ташланганию ортидан қолдирилган бу пост бўйича Озодлик саволларига ҳануз жавоб бермади.

Namanganliklar.Uz - алоҳида вебсайт, Телеграм канали ва қатор ижтимоий тармоқларда саҳифалари бўлган электрон ахборот воситаси сифатида шу йилнинг июнь ойида АОКАда рўйхатдан ўтган хусусий Интернет нашридир.


Наманган шаҳридаги газ қуйиш шохобчасида ўнлаб одам газ учун навбатда тургани акс этган видео Namanganliklar.Uz каналида 8 декабрь куни эълон қилинди.

Видеода навбатда турганлардан бир нечаси ёқалашаётгани, бир-бирини ҳақорат қилаётганини кўриш мумкин. Телеграм каналига жойланган видеода ҳақорат сўзлар ўчирилган.

Видео остида водийда яна газ учун узун навбатлар пайдо бўлаётгани, ҳайдовчилар навбат талашиб, бир-бирини уришгача бораётгани ҳақида деган изоҳ берилди.

Namanganliklar.Uz Телеграм каналида берилган изоҳ, 8 декабрь, 2020

Видео эълон қилинганидан бир неча соат ўтиб, ўчирилди ва унинг ўрнида “Мабодо баъзи видеолар каналдан учиб кетиб қолса ажабланманглар, биз ҳам иссиқ жонмиз!! Яшасин очиқ Ўзбекистон”, деган изоҳ қолдирилди.

Озодлик мухбири видео нега олиб ташлангани, унинг ўрнида “иссиқ жонмиз”, дея қолдирилган изоҳга изоҳ сўраб, электрон ахборот воситаси маъмуриятига боғланди.

Namanganliklar.Uz сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида берилган телефон рақамини кўтарган вакил видео ўчириб ташланганини тасдиқлади. Аммо бу борада изоҳ беришга ваколати йўқлигини айтди ва Телеграм каналининг ботига ёзишни тавсия қилиш билан чекланди.

Namanganliklar.Uz веб-сайти 2020 йилнинг 19 июнь куни электрон ОАВ сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида (АОКА) рўйхатдан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1354.

Телеграм тармоғида эса, айни номдаги гуруҳ анча аввал очилган. Шу кунда ушбу каналнинг 409 мингга яқин обуначиси бор.

Каналдан олиб ташланган видео, айни пайтда АОКАдан рўйхатдан ўтмаган ва аудиторияси у қадар катта бўлмаган бошқа Телеграм каналларида ҳануз айланиб юрибди.


Namanganliklar.Uz Телеграм каналида бир неча соат ичида кузатилган бу ҳолат мамлакатдаги бир неча йирик интернет нашрлари айнан энергетик тақчиллик билан боғлиқ воқеаларни ёритгани учун АОКАдан расман огоҳлантириш олганидан сўнг кузатилмоқда.

26 ва 27 ноябрь кунлари Kun.uz, Gazeta.uz, Podrobno.uz ва Daryo.uz нашрлари баъзи танқидий чиқишлари учун “ҳуқуқий оқибатлардан” АОКА расман огоҳлантирганини билдирган ва буни ўзларига нисбатан босим, деб баҳолаган эди.

Бундан ташқари, хусусий Zo’rTV ахборот дастурида Қаршида газ-свет тақчиллигидан норози аҳоли йиғини акс этган лавҳа кетгач, телеканал таҳририяти АОКА томонидан огоҳлантирилгани ва бу мавзудаги чиқишларни чеклаганидан журналистлар шикоят қилганди.

Телеканал муҳаррири Озодлик билан мулоқотда бу шикоятни рад этган, аммо мухбирларга ТВ раҳбариятидан йўлланган кўрсатмада “АОКА ва яна бир қатор ташкилотларда” айнан Zo’rTV да Қаршидан узатилган лавҳада митинг намойиши кўрсатилган ва бу “давлат имижига минус таъсир қиладиган ҳолат” деган эътироз билдирилганди.

28 ноябр куни эса АОКА директори Асаджон Ходжаев Наманган ва Фарғона вилоятларидаги журналист ҳамда блогерлар билан учрашди. Учрашувда қатнашган журналистларга кўра, республика миқёсидаги хусусий нашрларни расман огоҳлантирган А. Ходжаев вилоят ОАВдан ҳам газ-свет муаммосидан норози аҳоли чиқишларини “ўта эҳтиёткорлик билан ёритиш ҳақида огоҳлантирган”.

АҚШ, Буюк Британия ва Германия дипломатлари ҳамда чет эл инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бу ҳолатни, Шавкат Мирзиёев ваъда қилган ислоҳотларга зид, демоқда ва президентдан зудлик билан вазиятга аралашишни сўради.

Аммо Тошкент расмийлари ва президент айнан шу огоҳлантиришлар ва энергетик тақчилликка оид матбуот чиқишларининг бостирилиши ҳақида ҳануз аниқ изоҳ бермади.

3 декабрь куни чет эл дипломатик корпус вакиллари, журналист ва блогерлар иштирокида Тошкентда ўтган анжуманда юқори мартабали расмийлар демократик ҳуқуқ ва сўз эркинлиги "жамоат тартиби ва қонунларни бузиш учун баҳона бўлмаслиги керак”, деган огоҳлантириш билан чиқди.

“Сўнгги пайтларда айрим, ҳаттоки демократик ривожланган мамлакатларда ҳам оммавий кайфиятларнинг кескинлашуви натижасида ҳуқуқий тартибнинг бузилишига, тартибсизликларга, ўт қўйишларга ва ҳатто одамларнинг қурбон бўлишига гувоҳ бўляпмиз. Бу қонунбузарликларнинг барчаси демократик ҳуқуқ ва эркинликларни суиистеъмол қилиш орқали содир этилган. Натижада биз табиий бир хулосага келдик: мамлакатнинг барқарорлиги, хавфсизлиги ва демократик ривожланиши фақат давлат ва жамиятнинг яқин конструктив ҳамкорлиги шароитидагина таъминланиши мумкин”, деди ўша тадбирда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов.

Мавзуга алоқадор Тошкентдаги анжуманда ОАВга босим “барқарорликни сақлаш" билан изоҳланди – анжуман эфирдан узилди

Ўзбекистонда 18 ноябрдан ҳаво ҳарорати кескин совиб, қор ёғиши билан мамлакат бўйлаб энергетик бўҳрон юзага келди.

Тошкентнинг қатор туманларида қозонхона ва қувурлар ишдан чиққани, аксар вилоятларда электр токи узилган, суюлтирилган газ учун навбатлар узайгани кузатилди.

Расмийлар энергия инқирозини об-ҳаво совиб, электр истеъмоли кескин ортгани билан изоҳлади, аммо йиллардан буён айни муаммо такрорланаётганига жўяли изоҳ бермади.

Президент Шавкат Мирзиёев 2016 йилда президентликка сайланишидан олдин аҳолининг электр ва газ муаммосини ҳал қилишга ваъда берган эди.

Президент бу йилги энергетик инқироз юзасидан ҳозиргача ҳеч қандай баёнот бермади. Мамлакат бўйлаб кузатилаётган ўткир газ ва электр тақчиллиги манзарасида ҳар йили 8 декабрь - Конституция куни арафасида ўтадиган тантанали маросим қолдирилди. Мирзиёевнинг ўзи маросимнинг қолдирилишига расман коронавирус пандемияси сабаб бўлганини айтди.

Мавзуга алоқадор Арзон кўмир ва огоҳлантириш: Расмийлар свет-газ талаб қилиб чиққан аҳолини тинчлантиришга уринмоқда