Gazeta.uz президентлик муддати ҳақидаги мақола ортидан "троллар ҳужумига учради"

Мустақил “Gazeta.uz” нашри Ўзбекистондаги сўнгги конституциявий ислоҳотлар ҳақида чоп этган икки мақоласини сайтдан ўчиришга мажбур бўлди. Таҳририятнинг билдиришича, айнан президент муддатининг 5 йилдан 7 йилгача узайтирилиши ҳақидаги мақола ортидан нашр навбатдаги "троллар ҳужуми"га учраган.

25 июнь куни эълон қилинган “Президентлик муддатини 7 йилга узайтириш таклиф қилинмоқда” деб аталган мақолада "Конституциянинг 90-моддаси 2-қисмидаги “беш” сўзини “етти” сўзи билан алмаштириш назарда тутилгани, охирги марта президентлик муддати 2011 йилда ўзгартирилгани, кейин муддатлар 7 йилдан 5 йилгача қисқартирилгани” қайд этилган.

Таҳририятнинг билдиришича, мақола ортидан “Gazeta.uz” троллар ҳужумига нишон бўлган.

“Диққат! “Gazeta.uz” ушбу хабар изоҳларида троллар тўлқинига дуч келди. Шарҳлар айнан бир хил ёки бир-бирига ўхшаш IP-манзиллардан қолдирилмоқда, турли муаллифлар номидан эълон қилинаётган айрим шарҳлар бир хил мазмунга эга. Улар сони жуда ҳам кўп. Таҳририят фейк хусусиятига эга шарҳларни чоп этмаслик ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади”, дейилади нашр номидан берилган баёнотда.

Мақолага турли номдаги фойдаланувчилар томонидан “Ҳозирги шароитда Ўзбекистонга Ш.Мирзиёев сингари кучли раҳбар зарур. Шунинг учун ваколат муддатини 5 йилдан 7 йилгача узайтиришни қўллаб-қувватлайман”, “Мне лично понравилось очень разумное предложение, большое спасибо за работу, проводимую для развития нашей страны” каби эгизак шарҳлар қолдирилганини кўриш мумкин.

Аввалроқ “Gazeta.uz” эълон қилган “Конституцион ислоҳот: бизни нимага тайёрлашмоқда?” деб аталган таҳлилий мақола ҳам сайтдан ғойиб бўлганди. Кейинроқ BBC Ўзбек хизмати томонидан қайта чоп қилинган мақолада муаллиф Комил Жалилов янги Конституция шахсларга асосланган тизимдан институтларга асосланган тизимга ўтиш имконини бериши кераклигини таъкидлайди.

“Менимча, Конституцияга киритилган ўзгартиришлар шахсларга асосланган тизимдан институтларга асосланган тизимга ўтиш имконини бериши керак... Зеро, ҳокимиятнинг ҳар бир тармоғи бир-бирини назорат қиладиган ва уни ҳар қандай субъектив қарорлар қабул қилишдан тийиб туриш учун етарли ваколатга эга бўлган тизимда янги шахснинг ислоҳотларни четлаб ўтиши ёки орқага қайтариши қийин бўлади. Муайян шахснинг кетиши билан ҳамма нарса барбод бўлади дея қўрқувга тушсак, давлат институтларининг барқарорлиги ҳақида гапириш мумкинми?” деб ёзган таҳлилчи.

Муаллиф, айни чоқда, Конституциянинг референдумга қўйилиши тартиби масаласида ҳам ўз таклифини берган.
“Референдум “барча тузатишлар тарафдори” ёки “барча тузатишларга қарши” тамойили бўйича партиявий овоз бериш имкониятини эмас, балки тузатишларнинг ҳар бир алоҳида банди бўйича овоз бериш имкониятини бериши керак”, деб ёзади у.

Мавзуга алоқадор CPJ Ўзбекистон ҳукуматини Озодлик журналистларига таҳдидларни текширишга чақирди

25 июнь куни Ўзбекистон Конституциясини ўзгартиришга оид қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. “Gazeta.uz” нашри мазкур лойиҳа таҳлили доирасида “Конституцияда Қорақалпоғистоннинг мақомини ўзгартириш таклиф этилмоқда” (Статус Каракалпакстана в Конституции предлагается изменить) сарлавҳали мақола чоп этди.

Унда амалдаги Конституцияга кўра Қорақалпоғистон суверен республика сифатида референдум йўли билан Ўзбекистон таркибидан чиқишга ҳақли экани, янги лойиҳада эса ушбу тартиб бекор қилинаётгани баён этилган. Орадан кўп ўтмай, мазкур мақола сайтдан олиб ташланди.

Сайтдан мақолаларнинг ўчирилиши ва таҳририят троллар ҳужумига нишон бўлгани юзасидан ҳозирча на Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, на Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди муносабат билдирган.
Gazeta.uz” 2008 йилдан бери “Afisha Media” МЧЖ муассислигида чоп этиб келинади. Сайт ижтимоий-сиёсий воқелик борасида мустақил ва нисбатан эркинроқ ёндашувга эга экани айтилади.

Мустақил нашрларга тролл ҳужумлари Ўзбекистонда илк бор кузатилмаяпти.

2021 йилда “Kun.uz” ҳам троллар ҳужумига учрагани, ижтимоий тармоқларда таҳририятга нисбатан туҳмат ва иғводан иборат постлар жойлаштирилганини маълум қилинган эди.

Ўтган йил октябрида Озодликнинг Телеграм-каналида мувофиқлаштирилган ҳужум қайд этилган. Ярим соат мобайнида ёпиқ аккааунтлардан Озодлик журналистларига ўлим ва жинсий тажовуз билан таҳдид қилувчи ўнлаб мактублар йўлланган.

Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) Ўзбекистон ҳукуматини Озодлик журналистларига таҳдидлар юзасидан текширув ўтказиш ва айбдорларни жазолашга чақирган. Аммо ҳозиргача бу каби текширув ўтказилгани маълум эмас.