Президент Мирзиëев погонини юлган собиқ вазир қаерда?

Генералликдан маҳрум этилган собиқ вазир Адҳам Аҳмадбоев.

22 декабрь кунги чиқишида президент Шавкат Мирзиëев¸ жорий йил 4 январь куни ишдан олинган собиқ Ички ишлар вазири Адҳам Аҳмадбоевни “хиëнат ва сотқинликда” айблаб:

“Тўдаларга қўшилган сотқин министр" қаерда юрипти¸ биласан! -

дея Олий суд раиси Козимжон Комилов ва Олий ҳакамлар кенгаши раиси Маъруф Усмоновга юзланди.

Президент ўз маърузасида фақат тор доирадаги давлат раҳбарларигагина маълум айрим фактларни қисман ошкор қилгани ортидан саволлар ўртача чиқди.

Вазирликдан давлат маслаҳатчилигига?

Бу саволлардан энг муҳими президент таъбирига кўра¸ “тўдаларга қўшилган сотқин министр” ҳозир қаерда? Агар президент айтганидек¸ “погони юлинган” бўлса¸ нега Ички ишлар вазирининг ишдан бўшагани ҳақидаги маҳаллай нашрлар тарқатган хабарларда унинг давлат маслаҳатчиси қилиб тайинлангани айтилди?

(Жорий йил январида ишдан бўшаган Адҳам Аҳмадбоевнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва назорат идоралари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича давлат маслаҳатчиси этиб тайинлангани ҳақида қатор маҳаллий нашрлар билдирган эди.)

Мирзиëев Аҳмадбоевни генераллик рутбасидан маҳрум қилганини ўзи эълон қилди.

Бу тайинловдан бир йил ўтиб жорий президент ўз маърузасида генерал лейтенант Аҳмадбоевнинг “сотқинлиги”ни “фош қилди”¸ айни пайтда¸ ҳокимият ичида ўзига қарши тўдалар мавжудлигини ҳам эътироф этди.

- Аҳмадбоевнинг ҳамма генералларини қайтиб олиб¸ қаерда юрипти биласан. Министр МВД! Сотқинлиги учун. Хиëнатчилиги учун! МВДни министри бунақа хиëнатчи бўлиб¸ бир-иккита тўдага қўшилгани учун ман уни виждоним қабул қилмади¸ Ўзбекистонни Ички ишлар вазири бўлиб туриб¸ погонни¸ иккита генералиниям тортиб олдим. Генерал-лейтенант эмиш - деди бу ҳақда қаттиқ гапиришини ўзи ҳам тан олган президент.

Аҳмадбоев қаерда?

Ўзбекистон президентининг бу очиқламаси ортидан Озодлик собиқ вазир Адҳам Аҳмадбоевни яқиндан биладиганлар билан мулоқот қилиб¸ унинг қаердалигини суриштирди.

Бу суриштирув асносида унинг яқинлари жорий йил мартидан бошлаб Адҳам Аҳмадбоевнинг Ўзбекистон ИИВ академиясига ўқитувчи қилиб юборилганини билдирди.

Ўзбекистон ИИВ академиясининг ўзини ректор ëрдамчиси дея таништирган мулозими Озодлик мухбири билан 26 декабрь кунги суҳбатда Адҳам Аҳмадбоевнинг пенсияга чиқарилганини айтди:

- У киши пенсияга чиқарилди. Фақат шу маълумотни айта оламан сизга, деди ИИВ академияси мулозими.

Қисқа суҳбатдан Аҳмадбоевнинг охирги иш жойи Ўзбекистон ИИВ академияси бўлгани тушунилади.

-У киши давлат маслаҳачиси лавозимидан кейин бизга ўқитувчи бўлиб келиб пенсияга чиқди¸ деди айни суҳбатдош.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Мирзиëев погонини юлган собиқ вазирнинг уй қамоғига олингани айтилмоқда

Қочув ëки уй қамоғи?

Аҳмадбоев билан яқин муносабатда бўлиб келган ҳукумат мулозимларидан бирининг 25 декабрь куни исми сир қолиш шарти билан Озодликка билдиришича¸ собиқ вазир генераллик рутбасидан маҳрум қилиниб¸ норасмий уй қамоғига олинган.

"Собиқ вазир жорий йил февралида генерал унвонидан маҳрум қилиниб полковник даражасига туширилди ва расман пенсияга чиқарилди. Норасман эса ҳаракатланиши устидан назорат ўрнатилган. У МХХнинг собиқ ўринбосари Шуҳрат Ғуломов устидан очилган жиноий иш доирасида доимий назоратда қолмоқда. Аҳмадбоевнинг Ўзбекистондан қочиб кетгани ҳақидаги иддаолар асоссиздир¸" деб иддао қилди ҳукумат мулозими.

Бу маълумотни Озодлик мухбири гаплашган собиқ вазирнинг яқинлари ҳам тасдиқлади.

Уларга кўра¸ “Аҳмадбоев пенсияда жим юришни маъқул кўрмоқда”.

Бунгача айрим норасмий манбалар¸ Аҳмадбоевнинг Ўзбекистондан қочиб кетганини иддао қилган ва эҳтимолий манзил сифатида Латвия¸ Туркия ва Бирлашган араб амирликларини тилга олган эди.

Ҳозирча Озодлик ихтиëрида на Аҳмадбоевнинг Тошкентда экани¸ на унинг хорижда қочувда эканини тасдиқловчи аниқ ҳужжатлар йўқ.

Аҳмадбоев кимни ëки нимани сотди?

Озодликнинг бу саволига жавоб берган Аҳмадбоев ва ҳукуматга яқин мулозим иддаосига кўра¸ Аҳмадбоев президент ва унинг оиласини МХХ раисининг ҳозирда собиқ 1-ўринбосари Шуҳрат Ғуломов топшириғи асосида кузатиб юргани учун Мирзиëев ғазабига учраган.

"Аҳмадбоев МХХ раисининг ҳозирда собиқ ўринбосари Шуҳрат Ғуломов топшириғига кўра¸ 2016 йил май ойидан 201 7 йил январь ойига қадар слежка қилган (кузатиб юрган) ва ИИВ 7-бўлимининг ҳозирда собиқ бошлиғи Алишер Холматовга Шавкат Мирзиëевнинг телефон сўзлашувларини эшитишни топширган. Бу нарсадан хабар топган Шавкат Мирзиëев президент лавозимига ўтирганидан роппа-роса бир ой ўтиб, Аҳмадбоев ва МХХ раисининг собиқ ўринбосари¸ ўша пайтда генерал-лейтенант рутбасида бўлган Шуҳрат Ғуломовни ишдан бўшатди. Телефон сўзлашувларини амалга оширган Алишер Холматов ҳам ишдан олиб ташланди¸" дея иддао қилди ўз шахси очиқланмаслигини сўраган суҳбатдош.

Ички ишлар вазирлиги расмий сайтида келтирилган ташкилий тузилмадан¸ вазирликнинг 7-ўринда келтирилган бошқармасининг Ахборот технологиялари¸ алоқа ва ахборотни ҳимоялаш деб номланганини кўриш мумкин. Расмий номидан бу бошқарманинг вазирликда айнан алоқа соҳаси¸ содда қилиб айтганда¸ телефон сўзлашувларини назорат қилишга масъул экани англашилади.

ИИВ тизими

(Бу бошқарма раҳбарининг кимлигига оид на вазирлик расмий сайти ва на очиқ манбалардан маълумот топилмади.)

Аҳмадбоевга яқин мулозим Озодликка тақдим этган тафсилотлар Мирзиëев нутқидаги “иккита генералиниям погонини тортиб олдим” деган жумлага нисбатан ойдинлик киритади.

"Погони юлинган иккинчи генерал Шуҳрат Ғуломов эди¸" дейди бу иккала генералга яқин тадбиркор Озодлик билан суҳбатда.

Шуҳрат Ғуломов МХХ раисининг 1-ўринбосари лавозимидан бўшатилгани ҳақида Озодлик ўтган йил январида хабар берган эди.

Ўзбекистон президентининг 22 декабрдаги нутқидаги ғазабли хитобларда “ҳеч ким бировнинг телефон сўзлашувларини суд қарорисиз эшитиши мумкин эмас” деган таъкид қизил чизиқ бўлиб ўтади.

“Ҳар бир ташкилот ўз иши билан шуғуллансин. Телефондаги мулоқотларни эшитиш ҳеч қайси ташкилотга конститутция тарафидан берилмаган. Мен қарор қабул қилдим¸ бу ҳуқуқ энди судга ўтади. Тушунган одам тушунади. Бу революция¸ лекин адолатли революция” деди Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати ҳақида гапира туриб президент Мирзиëев.

Участкавойдан чиққан вазир

51 яшар генерал-майор Адҳам Аҳмадбоев 2013 йил 13 декабрда Баҳодир Матлюбов ўрнида Ўзбекистон Ички ишлар вазири сифатида иш бошлаган эди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 2014 йил 22 август кунги фармонига мувофиқ¸ Адҳам Аҳмадбоевга генерал-лейтенант унвони берилган эди.

Расмий маълумотларга кўра¸ 1984 йили ўз фаолиятини Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида оддий участка милиционери лавозимидан бошлаган Аҳмадбоев 1990-2000 йиллар оралиғида Тошкент вилояти ИИБ бошқармасида терговчи¸ 2000-2004 йиллар оралиғида айни бошқарма бошлиғи ўринбосари¸ 2004-2006 йилларда эса Ўзбекистон президенти девонида масъул ходим бўлиб ишлаган.