"Ҳудудгазтаъминот" иссиқхоналар нима учун газдан узилганига изоҳ берди

Иссиқхона.

Озодликда 3 ноябрь куни “Иссиқхоналар: Умурзоқов газни қайтарди, бироқ "Ҳудудгаз" истаган пайт узиши мумкин” мақоласи чоп этилганидан сўнг "Ҳудудгазтаъминот" АЖ таҳририятнинг ёзма саволларига жавоб қайтарди.

Озодлик мақоласида тадбиркорлар норозилигидан сўнг, Президент администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқовнинг фармойиши билан узилган газ қайта тиклангани, бироқ “Ҳудудгазтаъминот” тадбиркор билан шартнома қилиш учун куракда турмас шартларни қўяётганлиги ҳақида сўз борган эди.

Озодликка юборилган жавобида “Ҳудудгазтаъминот” “Истеъмолчиларга табиий газ қонунчиликда белгиланган тартибда етказиб берилиши таъминланиши"ни айтган.

Мавзуга алоқадор Иссиқхоналар: Умурзоқов газни қайтарди, бироқ "Ҳудудгаз" истаган пайт узиши мумкин

Озодликнинг нима сабабдан иссиқхоналарни газдан узиш бошланган эди, деган саволига жавобан “Ҳудудгазтаъминот”:

“Ўзгидромет” хабарларига кўра, келаётган куз-қишда хаво ҳароратининг кескин пасайиши кутилаётгани сабабли “ЎзГазТрейд” АЖдан томонидан аҳоли ва ижтимоий аҳамиятга эга истеъмолчиларни биринчи навбатда табиий газ билан таъминлаш, бошқаларга муқобил ёқилғи етказиб бериш таклифига асосан, иссиқхона мажмуаларига муқобил ёқилғидан фойдаланиш тавсия этилган. Ҳозирги вақтда иссиқхона мажмуаларининг табиий газга бўлган эҳтиёжини қондириш учун “ЎзГазТрейд” АЖ томонидан “Ҳудудгазтаъминот” АЖга “зангори” ёқилғи етказиб бериш ҳажми оширилгани"ни айтган.

Аммо, Озодик суҳбатлашган тадбиркорлар бир неча ўн минг доллар турадиган қозонхоналар газга мослашгани, уни кўмирга ўтқазиш учун вақт ва катта харажат талаб қилинишини айтишади.

“Ҳудудгазтаъминот” нинг жавоблари билан танишган тадбиркорларнинг сўзларига кўра, газ таъминоти билан боғлиқ энг муҳим саволлар жавобсиз қолмоқда.

Озодлик мақоласида тадбиркорлар шартнома қилиш жараёнидаги бюрократиядан азият чекаётгани, бир ой давомида ўнлаб ҳужжат тайёрлаш шарт эканлигидан шикоят қилган эди. Озодлик ҳам тадбиркор мушкулини енгил қилиш учун шартномани соддалаштирса бўлмайдими, деб сўраган.

Расмий жавобда “амалдаги шартнома жорий йилнинг март ойида қабул қилингани, олдинги шартномага нисбатан қўлланиладиган талаблар соддалаштирилган”и айтилади.

Аммо исми сир қолишини сўраган самарқандлик тадбиркорнинг айтишича, шартнома тузиш енгиллаштирилмаган, аксинча оғирлаштирилган:

“Йўқ, ҳеч нарса содалаштирилмаган. Шартнома қилиш учун бир даста документ йиғиш керак. Соддалаштирилган деганда, масалан, менга шунча газ керак, мана пулинг, шартномани қилиб бер. Нима керак мингта ҳужжат сўрашни. Контехназоратдан ўнта ҳужжат, бошқасидан ўнта ҳужжат. Қоғоз тўплаймиз деб тилимиз осилиб қолади. Яна ҳаммасига тўлов қилиши керак. Кошки қозоннинг техник ҳолатини бирортаси келиб текширса ёки ўрганиб чиқса. Ҳаммаси кўзбўямачилик. Масалан, менда замонавий технология асосида ишлаб чиқарилган қозон бор, ҳаммаси электронлаштирилган. Газ босими пасайса, ўзи ўчиб қолади ва газнинг катта-кичик келишини ўзи назорат қилади”.

Озодликнинг “тадбиркорлар шартнома тузишдан олдин улардан “уч ойлик муқобил(солярка, кўмир) ёқилғи захира қилганлиги ҳақида далил ва расм-видеолар талаб қилиняпти ва тилхат олиняпти экан, нега, деган саволига “Ҳудудгазтаъминот” АЖда шартнома тузиш жараёнида бундай ҳолатлар кузатилмагани, агар “Озодлик” радиоси мухбирларида шу каби мурожаатлар бўлса, кўриб чиқилиши учун тақдим этилишини сўраймиз, дея жавоб берди.

Аммо Озодликда чоп қилинган ҳужжатнинг 9-бандида “Камида 3 ойлик захира ёқилғиси мавжудлиги тўғрисида маълумот ва фотосуратлар” тақдим қилиниши шарт деб ёзилган.

"Ҳудудгазтаъминот" билан шартнома тузиш учун талаб қилинадиган ҳужжатлар.

Ҳужжатнинг иловасида эса, “юқоридаги талаблар тўлиқ бажарилганда, “Ҳудудгазтаъминот” АЖга барча ҳужжатлар тўпламлари электрон вариантда тақдим қилиниб, рухсатнома берилганидан сўнг, шартнома тузилади”, дея қайд этилган.

“Ҳудудгазтаъминот” эса ўз жавобида шартнома тузиш жараёнида бундай ҳолатлар кузатилмаганини айтмоқда.

Ўзбекистонда қиш фаслида табиий газнинг тақчиллиги ҳар йили кузатилади.

Аммо ички истеъмолчилар юз тутаётган тақчиллик манзарасида маҳаллий нашрлар жорий йилда Ўзбекистон Хитойга табиий газ етказиб беришни қарийб 60 фоизга оширгани ҳақида ёзди.

Хабарларга кўра, жорий йилнинг 9 ойида Ўзбекистон Хитойга 768 миллион долларлик газ сотган. Ўтган йили куз-қиш мавсумида кузатилган энергетика инқирози фонида президент Мирзиёев ҳукуматга хорижга газ экспортини чеклаб, ички истеъмолга йўналтириш ҳақида топшириқ берган эди.

Ўзбек газининг асосий харидори бўлган Хитой билан газ экспортига доир келишувларининг тафсилотлари, жумладан газнинг қанчадан сотилаётгани ҳеч қачон очиқланмаган.

Газга бой Ўзбекистон аҳолиси ҳар йили қишда газ тақчиллигидан азият чекади. Электр ва газ таъминотидаги узилишлар аҳолининг норозилик чиқишларига сабаб бўлиб келади.