Жиноят ишлари бўйича Сирдарë вилоят суди ўтган ойда ноқонуний ҳужра очиб олти яшар болани "яхши ўқимагани учун савалаб ўлдирган" Шерали Ибодовни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 104-моддасида (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) айбли деб топиб, 7 йилга озодликдан маҳрум қилди.
Озодлик суҳбатлашган баъзи ота-оналар ноқонуний ҳужраларда боласи калтакланаëтганидан шикоят қилди. Расмийлар эса, ноқонуний таълим билан шуғулланганлар жиддий назорат остида эканлигини айтишди.
Сирдарë вилоят жиноят ишлари суди котибининг 13 август куни Озодликка билдиришича¸ ҳозирда жазо муддатини ўтаётган маҳкум Шерали Ибодов Сирдарë туманида «Тариқат» оқимига мансуб ҳужра очган ва ўқувчи болаларга нисбатан мунтазам жисмоний жазо қўллаб келган:
«Савалаш оқибатида 6 яшар бола нобуд бўлгани ўткан ой бўлиб ўткан судда тасдиқланди ва маҳкум жазони ижро этиш масканига этап қилинди».
Озодлик мухбири хужра "домласи калтаклаб ўлдирган" 6 яшар Муҳаммадсодиқ Абдураҳмоновнинг қариндошлари билан гаплашди. Қариндошлар «золимнинг жазоланганидан рози» эканлигини айтиш билан кифояланишди. Уларнинг айтишича¸ хужра очиб бола ўқитган Ибодов яхши ўзлаштирмаган барча болаларрни калтаклаб келган ва марҳум Муҳаммадсодиқни атайлаб ўлдириш режаси бўлмаган.
Гаврон билан урилган боланинг отаси ҳужрадан норози
Озодлик суҳбатлашган андижонлик ота ҳам ўз ўғлининг ҳужрада гаврон билан калтакланганидан шикоят қилди. Ўзини Олимжон Собиров дея таништирган андижонлик ота етти яшар ўғлини ҳужрага берганидан пушаймонлигини Озодлик мухбирига айтди:
- Кеча кўрган бўлсаларинг телевизорда кўрсатди. Носирбек домланинг ҳужраси эди бу . Қўшниларга қўшилиб менинг етти яшар ўғлим ҳам июль ойигача ўша ҳужрага қатнаб юрувди. Яхши ўқимагани учун домла гаврон билан урибди¸ бўйнида шундоқ излари турибди.
Олимжон Собиров айтган ҳужра ҳақида ЎзМТРКнинг «Ўзбекистон 24» телеканали орқали 12 август куни намойиш қилинган «Ҳужрадаги зулмат» номли махсус фильмда тафсилотлар берилди.
Фильмда айтилишича¸ Андижон шаҳар Улуғбек кўчасида на диний ва на педагогик маълумоти бор¸ балоғатга етмаган болаларга «диний сабоқ бераëтган » асл касби ҳунарманд бўлган Носирбек Турғуновга қарши жиноят иши очилган.
Фильм давомида журналист камерасига гапирган болалар Носирбек Турғунов уларни ҳивич билан товонига ургани ва қоронғи ертўлага қамаб қўйганидан шикоят қилишган.
Фильмда айтилишича¸ 2017 йил давомида Ўзбекистонда ноқонуний диний таълим берадиган 116 та хуфёна ҳужра аниқланган.
Эти сизники суяги бизники
Озодлик ана шундай ҳужраларга қатнаб таълим олган андижонлик йигит билан суҳбатлашди. Ўзини Саидазим деб таништирган бу йигит ҳужраларда болаларга қори домлалар тарафидан жисмоний жазо берилиши одатий ҳол эканлигини айтади:
- Андижон шаҳар «узумзор» мавзеида очилган ҳужрада болаларнинг қўлига¸ кафтига уришганини ўзим кўрганман. Энди бу бор гап. Бизда динга қаттиқ қаралади. "Муаллими соний"ни ўзлаштирмаганлар жазоланади. "Муаллими соний"ни ўзлаштиргандан сўнг ота-онаси қори домлани рози қилади. Битта қийиқчага иккита нон қўйиб устига ë 50 ëки 100 доллар қўйиб берилади.
Халқ таълим тизими фалажми?
Суҳбатдошга кўра¸ боланинг ҳужрага қатнаëтганидан уни ўқитаëтган мактаб ëки коллеж ўқитувчилари ҳабардор бўлади:
- Ўқитувчига шипшитиб қўйилади¸ бола ҳужрада деб. Ўқитувчи журналдаги йўқламада бор қўйиб туради. Албатта ўқитувчи ҳам рози қилинади.
Саидазимнинг гапидан Ўзбекистондаги асосий таълим тизими бўлган мактаб ва коллежларнинг баъзи ўқитувчилари "яширин ҳужралар фаолиятини қўллаб келган", деган фикр пайдо бўлиши мумкин.
Ўзбекистоп Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати вакили Озодликнинг бу борадаги саволига умумий жавоб бериш билан кифояалнди. Матбуот хизмати вакилига кўра¸ болалар Ўзбекистонда 11 йиллик ўрта таълим доирасидаги мактабларда ўқишлари керак:
- Ўзбекистон Конституциясида ëзилганку махфий уюшмалар мумкин эмас, деб. Ўз оти билан хуфия ҳужра. Бу ҳужраларда бола ўқитилаëтганига мактаб ўқитувчилари панжа орасидан қараяпти деган саволингизга мутахассисларимиз ҳар томонлама ўрганиб жавоб беради.
Ноқонуний диний таълим прокуратура назоратида
Озодлик ноқонуний ҳужралар ҳақида Ўзбекистон Бош прокуратурасига ҳам савол билан мурожаат қилди. Прокуратура вакили ҳужраларда балоғатга етмаганларга нисбатан жисмоний жазо қўллланиши¸ муқаддам диний экстремизмда айбланиб, муддат ўтаган собиқ маҳкумларнинг ҳужра очиши каби фактлар «жиддий ва синчиклаб ўрганилаëтганлигини» билдирди.