Жаҳон банки мутахассиси Ўзбекистонга Uber-трактор хизматини тавсия қилди

Reuters мухбири суҳбатлашган Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиë бўйича бош иқтисодчиси Ҳанс Тиммер ëнилғи заҳираларига бой Марказий Осиë¸ хусусан¸ Ўзбекистон ўз иқтисодини жаҳон бозорида нефть нархининг сурункали тушишига мослаб¸ рақобатбардош иқтисод яратишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар қилиши зарурлигини таъкидлади.

Бундай ислоҳотларни қилмаслик ҳукмрон элита манфаатларини ҳам таҳдид остида қолдиради ва жиддий сиëсий хатарларни юзага чиқаради¸ дейди Тиммер.

“Aҳоли ичидаги асабийлик... жиддий қабул қилиниши лозим. Араб баҳори эсингиздадир? Ëки Европа ва АҚШдаги популизм? Агар тегишли ўзгаришлар қилинмаса¸ Марказий Осиëда ҳам шунга ўхшаган воқеаларнинг бошланиши ҳеч гап эмас,” дейди Жаҳон банки мутахассис.

Минтақанинг уч давлати – Қозоғистон¸ Туркманистон ва Ўзбекистон ëнилғи экспортчиси ҳисобланса-да¸ Қирғизистон ва Тожикистон ҳам Россиядаги юз минглаб фуқароси уйига юбориб турган нефть долларидан фойдаланди.

Жаҳон бозорида нефть нархининг кескин тушиши оқибатида Марказий Осиëдаги миллий пуллар ҳам долларга нисбатан кескин қадрсизланиб¸ иқтисодий ўсиш суръати ҳам пасайди.

“Марказий Осиë давлатлари олдида турган энг қийин вазифа нефть нархининг 2014 йилдан пасайиши ортидан туғилган янги иқтисодий воқеликка мослашиш учун ўз иқтисодларини мувозанатга келтиришдир”¸ дейди Жаҳон банки мутахассиси.

70 миллион одам яшовчи бу минтақа олдида турган мураккабликлар орасида қўшни Хитой иқтисоди¸ қолаверса¸ глобал технологиялар соҳасида бўлаëтган ўзгаришларга мослашиш муаммоси ҳам бор¸ дейди Ҳанс Тиммер.

Reuters мухбири билан суҳбатда Жаҳон банки мутахассиси жорий вазиятни СССР тарқаганидан сўнг 90-йиллар бошида постсовет республикалари қашшоқлик ва хаосга шўнғиган ва кучли босим остида ўз иқтисодини ислоҳ қилишга мажбур бўлган вазият билан қиëслайди.

“Менимча¸ ҳозир 90-йиллар бошидаги воқеаларнинг такрорланиш хавфи бор ва ҳамма ўтмиш тажрибасидан хулоса чиқариши лозим. Ўзгариш қилмаслик жуда катта хатардир¸” дейди Ҳанс Тиммер.

Тракторлар учун UBER

Жаҳон банки мутахассиси¸ Марказий Осиë республикалари нефть нархи баланд бўлиб турган йиллари иқтисодий рақобатбардошликни бой берганларини¸ жуда катта инвестициянинг қурилиш ва кўчмас мулк каби сотилмайдиган иқтисодий соҳаларга кетганини қайд этади.

Ҳукуматларнинг молия соҳасидаги бирламчи хавотири ëмон қарз домига тортилган молиявий сектор ва давлат харажатларига пул қарз олишдир¸ деган мутахассис¸ фундаментал ислоҳотларнинг бизнес иқлимини яхшилашга қаратилиши лозимлигини айтади.

“Охир-оқибат¸ асосий мақсад янги иш ўринлари яратишни рағбатлантирадиган иқлим яратиш бўлиши лозим¸” дейди Тиммер.

Минтақа бу йўналишдаги барча имконни ишга солиши керак. Масалан¸ Ўзбекистонда боғдорчиликни ривожлантириш керак. Бунинг учун эса¸ фермерларда кредит олиш ва янги технологияларни жорий қилиш имкони бўлиши керак¸ дейди Жаҳон банки мутахассиси.

Ўзбекистон трактор ва бошқа қишлоқ хўжалик машиналарини ижара олишнинг “Uberга ўхшаган тизими”дан фойда кўриши мумкин¸ деб давом этади Тиммер.

Хитойнинг тўғридан-тўғри инвестиция ëтқизадиган давлатга айлангани ва унинг “Бир йўл¸ бир макон” инфраструктура лойиҳаси¸ миллий валютаси кескин девальвация бўлгани ортидан иш кучи Хитойдан ҳам арзонлашган минтақа учун яна бир қулай имкон туғдириши мумкин¸ дейди Жаҳон банки таҳлилчиси.

Қайишувчанлик

Хитой муайян гуруҳ манфаатлари ўзгаришларга тўғаноқ бўлаëтган автократик бошқарувдаги Марказий Осиë минтақаси учун сиëсий қайишувчанлик борасида ҳам яхши ўрнак бўлади¸ дейди Тиммер.

Сиëсий ислоҳотларсиз чуқур структуравий иқтисодий ислоҳотлар қилиш мумкинми¸ деган саволга жавоб берган Тиммер:

“Ҳаммаси ҳукмрон сиëсий кучларнинг ислоҳотлар заруратини қанчалик кўра билишига боғлиқ¸” дейди.

Пекин ҳукумати билан Хитой-2030 дастури доирасидаги иш тажрибасидан келиб чиққан Жаҳон банки мутахассиси “хитойдагиларнинг ўз сиëсатини қанчалик кескин¸ баъзида 180 даражага ўзгартириш истагидан” ҳайратга тушганини айтади.

“Ана шундай ëндашув керак¸” дейди Reuters мухбири билан Марказий Осиëдаги ислоҳотлар зарурати ҳақида гаплашган Жаҳон банки расмийси.

Тиммер элитага қарашли бизнесни қутқариш ҳаракатига чап бериш муҳимлиги ва қарор беришни энг қуйидагиларга бериш заруратини таъкидлайди.

“Қирғизистондан бошқа Марказий Осиë давлатларида иқтисод ҳали ҳам тепадан пастга йўналган анъана асосида бошқарилади. Аммо муаммонинг ягона ечими¸ ҳеч бўлмаса қисман¸ пастдан тепага чиқадиган ëндашувдадир¸” дейди Тиммер.