Самарқанд вилоят, Каттақўрғон туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинлари (МФЙ) раисларидан бир гуруҳи Озодликка мурожаат қилиб, солиқ йиғишга мажбурланаётганидан шикоят қилди.
МФЙ раисларига кўра, улар уйма-уй юриб, жисмоний шахсларнинг тўланмаган мол-мулк ва ер солиғини ундиришга мажбурланмоқда.
Ҳар бир МФЙ раисига 1 апрелга қадар 20 миллион сўмдан солиқ йиғиш топширилган. Акс ҳолда, маҳалла раислари уларга ишдан бўшатиш билан таҳдид қилинганига норозилик билдирди.
Каттақўрғон Маҳалла жамғармаси раиси Шерзод Пўлатов МФЙ раислари солиқ йиғишга мажбурланаётганини инкор қилишга уринди. Пўлатовга кўра, МФЙ раислари солиқ ундиришда фақат тарғиботчи ролини бажармоқда.
МФЙ раислари: Бизни 20 миллион сўмлик солиқ йиғишга мажбурлашмоқда
Озодликка боғланган Каттақўрғон туманидаги МФЙ раислари солиқ йиғишга мажбурланаётганидан шикоят қилиб, буни тўхтатишни сўрашди.
“Биз тумандаги 69та маҳалла раислари номидан мурожаат қиляпмиз. Каттақўрғон туман Маҳалла жамғармаси раиси Шерзод Пўлатов ҳар бир маҳаллани 20 миллион сўмдан солиқ теришга мажбур қилмоқда. 1 апрелга қадар бу пулни йиғмаган маҳалла раисига ой охирида чора кўрилишини айтди. Аҳолидан мол-мулк солиғи ва ер солиғини териб чиқишимиз керак экан. Биз маҳалла раислари солиқ терсак, тумандаги ДСИ ходимлари нима иш билан шуғулланади? Қачонгача биздан халқни қийнаш қуроли сифатида фойдаланишади?”, дейди Каттақўрғондаги МФЙларидан бирининг раиси.
Озодлик Каттақўрғондаги ўнга яқин МФЙ раислари билан суҳбатлашди. Уларнинг барчаси ишдан ҳайдалиш ва юқори ташкилотлар босимига учрашдан қўрқиб, ўз шахслари сир сақланишини сўрашди.
“Аҳоли ўзи зўрға пандемиядан чиқди. Унинг устига одамларнинг ғамлаган озиқ-овқати тугаган пайт бўлса. Ишсизлик бўлса. Биз қандай қилиб одамлардан солиқ ундирамиз? Ҳозир одамларнинг ҳатто ун олишга ҳам пули йўқ, маҳалладаги дўконлардан озиқ-овқатни қарзга олиб кун кўришмоқда. Ким бизга пул беради? Қаердан олиб беради?”, дейди яна бир МФЙ раиси.
Бошқа бир МФЙ раиси уларга босим қилинаётганини айтиб, бунга норозилигини билдиради:
“Туман Маҳалла жамғармаси раиси Пўлатов агар “1 апрелгача 20 миллион сўм солиқ термасанг, чора кўрамиз” деб босим қиляпти. Ишдан бўшатармиш, яна мажлисларда ҳокимга ёмонлаб, ёмонотлиқ қилиб қўйди. Яна “маҳаллага ёрдам бермайман. Ободонлаштириш ишларига ҳеч нарса бермайман”, деб қўрқитди. Агар 20 миллион солиқ терсак, мукофот берармиш. “Шифер бераман, асфальт қилишга ёрдамлашаман” деди. Ҳозир замон ўзгарган бўлса, нега босим қилади бизга? Норозилигимизни ўзига очиқ айта олмаймиз, дарров айбингни топиб, ишдан бўшатади”.
Яна бир МФЙ бу йил солиқ ходимлари умуман мулк ва ер солиғи йиғишга аралашмаганини айтади:
“Ҳар йили мулк ва ер солиғининг маълум қисмини солиқчиларнинг ўзи терарди. Қолганига биз қарашардик. Бу йил умуман солиқчилар келмади. Ҳамма солиқни маҳалла раислари териши керакмиш. Биз одамларни мажбурлаб солиқ теришимиз керак экан. Одамларни “ерингни олиб қўяди, 2-3 баробар жарима солади” деб қўрқитиб, солиқ пулини олишимиз керакмиш”.
Ярим тундаги мажлис
Озодлик суҳбатлашган МФЙ раисларига кўра, президент томонидан мажлисбозликка чек қўйилиши талаб қилинганига қарамай, уларни ярим тунда мажлисга чақириш ҳам давом этмоқда:
“13 март куни соат 19:45да тумандаги 69 та маҳалла раиси учала ходимини олиб туман Маҳалла жамғармаси биносига борди. Жамғарма раиси Шерзод Пўлатов мажлис қилди. Шу куни бизга солиқ теришимиз шартлиги айтилди. Мажлис икки соат давом этди. Икки соат тик оёқда турдик. Ўтиришга жой йўқ эди. Орамизда ёши катта қариялар, аёллар бор эди. Ҳаммани тик оёқда мажбур қилиб, олиб ўтирди. Муҳтарам юртбошимиз мажлисбозликни қисқартиш ҳақида телевизорда неча марта гапирди. Нима президентнинг огоҳлантиришлари бизнинг Каттақўрғонга таъсир қилмайдими?”.
Тасдиқ ва инкор
Озодлик 17 март куни Каттақўрғон туман Маҳалла жамғармаси раиси Шерзод Пўлатов билан телефон орқали боғланди. Пўлатов 13 март кечаси мажлис ўтказганини тасдиқлади. Бироқ мажлисда солиқ йиғиш эмас, Наврўз байрамини ўтказиш масаласи муҳокама қилинганини айтди.
Айни пайтда Пўлатов МФЙ раислари солиқ йиғишга мажбурланаётганини инкор қилишга уринди:
“Ҳеч ким мажбурланмаяпти. Мен бундай топшириқ берганим йўқ. Маҳалла раислари солиқ ходимлари билан бирга юриб, тарғибот ишларини олиб боряпти холос. Бу маҳалла раислари вазифасига киради”.
Каттақўрғон туман солиқ инспекциясининг Озодлик боғланган ходими тумандаги юридик ва жисмоний шахслардан ҳар қандай кўринишдаги солиқ фақат солиқ ходимлари томонидан йиғилаётганини айтиш билан чекланди.
Ўзбекистонда йиллардан бери маҳалла раислари, ўқитувчилар ва банкирлар солиқ йиғиш кампанияларига жалб қилиб келинади.
Мавзуга алоқадор Бухорода банкирлар уйма-уй юриб солиқдан қарздорликни ëпишга мажбурланмоқда