Кампиробод бўйича келишув қирғиз парламентида. Тафсилотлар ҳануз номаълум

Кампиробод сув омбори.

Қирғиз-ўзбек чегарасининг баҳсли ҳудудлари бўйича шартнома Қирғизистон парламентига тақдим этилди. Бу маълумотни парламентнинг бир неча депутати Озодлик радиоси қирғиз хизматига тасдиқлади.

Ҳужжат шу ҳафтада парламентнинг тармоқ қўмитасида кўриб чиқилади, шундан сўнг ялпи мажлисда муҳокама этилади. Шу тариқа ҳукумат яқин кунларда Қирғизистонда қизғин баҳсларга ва бунинг ортидан камида 20 киши қамоққа олинишига сабаб бўлган шартнома атрофидаги мунозараларга нуқта қўйиш илинжидадир.

Ўзбекистон ҳукумати қирғиз жамиятида қизғин муҳокама ва баҳсларга сабаб бўлаётган мазкур келишув юзасидан шу кунгача сукут сақламоқда.

Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасига оид ҳужжат парламентга тақдим этилган ва 11 ноябрда махфий кўриб чиқиш мажбурияти остида депутатларга тарқатилган. Бу маълумотни Озодлик радиоси қирғиз хизматига депутатлар Нуржигит Қодирбеков, Жанарбек Акаев, Адахан Мадумаров ва Дастан Бекешев тасдиқлади.

Таъкидланишича, келишув парламентнинг Халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция қўмитаси томонидан кўриб чиқилади, сўнгра ялпи йиғинга тақдим этилади.

“Иймон нури” фракцияси етакчиси Нуржигит Қодирбеков: “Биз ҳужжатларни олдик. Сешанба куни қўмитада кўриб чиқилиши мумкин. Лекин гап нима ҳақида эканлигини аниқ билмайман. Чунки ҳужжатлар кўп, мен эса сафардаман. Қолаверса, махфий режимдаги ҳужжатлар экан. Танишиб чиққач бирон нарса айтиш мумкин. Агар саволлар туғилса уларга жавоб олишга ҳаракат қиламиз. Энг муҳими, депутатлар ҳужжатни диққат билан кўриб чиқишлари керак”,- деб фикр билдирди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Қирғизистон Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга "бериб юборди"ми?

Парламентнинг тармоқ қўмитаси 10 октябрь куни Қирғизистон-Ўзбекистон чегараси бўйича икки томонлама шартнома лойиҳасини кўриб чиқиб, кўпчилик овоз билан маъқуллаган эди. 31 октябрь куни айни қўмита Кампиробод сув омборини биргаликда фойдаланиш бўйича ҳукуматлараро битим лойиҳасини маъқуллаган.

Ҳужжат Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи доирасида икки томонлама имзоланиши мумкинлиги айтилган эди. Бироқ Мирзиёев Қирғизистонга қачон келиши ҳозирча номаълум.

Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида 11 ноябрь куни якунланган Туркий давлатлар ташкилотининг тўққизинчи саммити доирасида икки давлат раҳбарларининг ўзаро музокаралари ўтказилгани расман хабар қилинмади.

Депутат Дастан Бекешев давлат раҳбарлари чегара билан боғлиқ ҳужжатни имзолаганми ёки йўқлигини билмади. Бунинг сабабини у қуйидагича изоҳлади:

“Бизга келган ҳужжатларда ҳеч кимнинг имзоси йўқ. Лекин у ерда “ҳужжат 3 ноябрь куни имзоланган” деб ёзилган. Яқинда бизга Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ташриф буюрди. Балки ўшанда Мирзиёев имзолаган ҳужжатни олиб келгандир, Садир Жапаров шу ердан имзо чеккандир. Аслида Мирзиёев Қирғизистонга келиши айтилган эди. Фақат муддати очиқланмай, бугун – эрта дейишган”.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов 3 ноябрь куни расмий ташриф билан Қирғизистонга келди ва Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев билан музокаралар ўтказди. Норовни президент Садир Жапаров ҳам қабул қилган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий равишда Норовнинг ташрифи чоғида икки давлат ўртасида айрим чегара ҳудудлари ва Кампиробод сув ҳавзасидан биргаликда фойдаланиш бўйича ҳужжатлар имзоланганини расман маълум қилган.

Қирғизистон Министрлар кабинетининг чегара бўйича вакили Назирбек Бўрубаев чегарага оид ҳужжатлар борасида қуйдагиларни айтди:

“Агар икки давлат президентлари ташқи ишлар вазирларига ишонч билдирса, улар имзо чекиши мумкин экан. Битим икки давлат ташқи ишлар вазирлари томонидан имзоланди. Энди Жўғўрқу Кенешда ратификация бўлади. Шундан сўнг икки президент ишонч ёрлиқларини алмашади. Шу билан чегара билан боғлиқ масала ўз ниҳоясига етади”.

Қирғизистон парламенти - Жўғўрқу Кенеш чегара келишувини қачон кўриб чиқишини ҳозирча ҳеч ким аниқ билмайди. Парламент расмий сайтида Халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция масалалари қўмитасининг навбатдаги йиғилиши 15 ноябрь куни бўлиб ўтиши айтилган.

Парламентнинг умумий йиғилиши 16-17 ноябрь кунлари бўлиб ўтади.

Депутат Адахан Мадумаров парламент қирғиз-ўзбек чегарасига оид ҳужжатни бир кун ичида ратификация қилишини айтмоқда:

“Жўғўрқу Кенгашнинг ҳозирги ҳолатидан келиб чиқилса, депутатлар ҳужжатни бир ҳафтада эмас, керак бўлса тунги соат 12 да қабул қилиши мутлақо мумкин. Бунга қадар “Жўғўрқу Кенгаш президент маъмуриятининг юридик бўлимига, қонун қабул қилиш бўлимига айланди”, деяр эдик. Эсингиздами? Ҳозирги парламент бу сўзларга ҳам лойиқ эмас. Фақат номи бор. Жўғўрқу Кенешни ҳукуматнинг ижро этувчи ҳокимияти сифатида қабул қилиш мумкин. Қонунга кўра, шартномаларни ҳукуматлараро комиссия имзолайди. Шундан сўнг давлат раҳбарлари расман имзолайди. Шундан кейин у қонун сифатида Жўғўрқу Кенешга киради. Ратификациядан кейин у президентга қайтарилади”.

Адахан Мадумаров қирғиз-ўзбек чегарасига оид ҳужжатга очиқчасига қарши чиққан депутатлардан бири. У ҳужжатни кўриб чиқадиган парламентнинг Халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция қўмитаси аъзоси.

Қўмита собиқ раиси, депутат Чингиз Айдарбеков келишув лойиҳасига қарши овоз берди ва тегишли қарорни имзолашдан бош тортган. Натижада, Халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция қўмитаси раислигига Улан Примов келган. Шундан сўнг Чингиз Айдарбеков Президент Садир Жапаровнинг фармойиши билан махсус ва мухтор элчи дипломатик унвонидан маҳрум этилган.

Қирғиз-ўзбек чегараси бўйича келишувга мувофиқ, Қирғизистон Ўзбекистондан 19 минг 699 гектар ер олиб, Кампиробод сув омбори жойлашган 4 минг 485 гектар ерни бериши маълум.

Вазирлар Маҳкамасининг чегара бўйича вакили Назирбек Бўрубаевнинг айтишича, агар ҳужжат юридик кучга эга бўлса, Ўзбекистон билан чегара деярли ҳал қилинган бўлади:


"Иккита участка қолади. Лекин улар ҳам келишилган. Биринчиси, Қадамжойдаги Чашма булоғи. Уни биргаликда ишлатишга қарор қилинди. Иккинчиси - Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон чегаралари туташган жой. Бу борада ҳам умумий фикр мавжуд. Булардан бошқаси, тўлиқ ҳал бўлади”, — деди Бўрубаев.

Айни пайтда Кампиробод сув омбори масаласида Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида тузилган келишувга қарши чиққан 30 га яқин мухолифат ва жамоат арбоблари Бишкекда ҳибсга олинди. Улар Кампирободга оид вазиятдан келиб чиққан ҳолда аҳолининг норози қатлами ўртасида "оммавий тартибсизлик"ни уюштиришга ҳаракат қилганликда айбланмоқда.

Бундан аввал эса Кампиробод масаласида Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида эришилган келишувга қарши Ўзган туманида ва бишкек шаҳрида қатор норозилик намойишлари ўтказилган эди.

Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегаранинг умумий узунлиги 1378 километрни ташкил этади. 2017 йилги келишув асосида чегара чизиғининг 1170 километри ёки 85 фоизи тўлиқ ҳал қилиниб, ҳужжатлаштирилган.

Кампиробод — совет даврида қўшни давлат маблағи эвазига Ўзбекистон пахта далаларини суғориш учун қурилган сув омбори. Унинг қурилиши 1969 йилда бошланган ва 1983 йилда якунланган. Унга Қуршоб, Қорадарё, Заргер дарёлари қуйилади.
Тўғон баландлиги 105 метр бўлиб, унинг ўртасидан қирғиз-ўзбек чегараси ўтади. Тўғоннинг Қирғизистондаги қисмида Ўзбекистоннинг иккита гидроелектр стансияси жойлашган.
Биринчи ГЭС 1985 йилда, иккинчи ГЭС 2010 йилда ишга туширилган. Иккиси 190 мегаватт қувватга эга.

Ўзбекистондаги 2 миллион гектарга яқин экин майдонлари Кампирободдан сув билан таъминланади ва яқин туманлар аҳолиси тоза сув ичади.

Ўзбекистон томони шу кунгача Кампиробод масласига ўз муносабатини расман билдирмади.