Президент Мирзиёевнинг “ҳаёти ва меҳнат йўлига бағишланган “Халқ президенти” фильмининг 26 сентябрь, соат 20.00 га режалаштирилган теленамойиши “ҳуқуқшунос-экспертларнинг тавсиясига кўра” бошқа кунга қолдирилгани билдирилди.
Фильм намойиш қилингани тақдирда Сайлов кодексининг қайси меъёри бузилиши мумкинлиги айтилмади.
Айни пайтда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев сайловолди ташвиқоти давомида тарқатаётган маблағлар, бераётган ваъдалар бу номзод эгаллаб турган лавозими имконли қилган маъмурий ресурслардан фойдаланаётгани тўғрисидаги масалани кун тартибига чиқарди.
Улкан рақамлар
- 10 минг ишсиз учун ихчам иссиқхоналар қуриб берилади;
- 30 минг оила учун “Янги Наманган” шаҳарчаси бунёд этилади;
- 95 гектар майдонда “Янги Ўзбекистон боғи” барпо қилинади;
- вилоятда келгуси беш йилда жами 16 минг хонадонли 700 та кўп қаватли уй қурилади;
- 850 километр ичимлик суви ва 60 километр канализация тармоғи, 30 та сув иншооти ҳамда 3 та оқова сув иншооти барпо этилади...
Бу ваъдаларни 27 сентябрда наманганликларга Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Републикаси президентлигига номзод сифатида берди.
Киши бошига 5 миллиондан
Наманганликлар олдида берилган ваъдалар ҳозирча насия бўлса, 21 сентябрь куни Мўйноқ туманида (Қорақалпоғистон) яшайдиган 31 минг кишининг ҳар бирига 5 миллион сўмдан нақд пул тарқатилди. Бу ҳақда ўша куни туман ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Орол денгизи қуришидан энг кўп зарар кўрган Мўйноқ аҳолисига тарқатилган жами 150 миллард сўм (тақрибан $15 500 000) Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистонга Ўзбекистон Републикаси президентлигига номзод сифатидаги сафари доирасида берилди.
Туман ҳокимлигининг хабар қилишича, ҳар бир мўйноқликка берилган тақрибан 500 АҚШ долларига тенг пулни Халқ банки Мўйноқ туман ходимлари автомашиналарда уйма-уй юриб тарқатган.
"Тилли-жағли"лар назаридан четдаги масала
Маҳаллий журналистлар ва блогерларнинг энг “тилли-жағли”лари ҳам президентликка номзод Мирзиёевнинг кўпмиллард сўмлик ваъдалари ёки харажатларининг сайлов тўғрисидаги қонун талабларига мослиги ҳақида эмас, балки самара бериш-бермаслиги ҳақида фикр юритмоқда.
Масалан, блогер Отабек Бакиров Телеграмдаги саҳифасида номзод Мирзиёевнинг қорақалпоғистонлик ва хоразмлик бошланғич синф ўқувчиларига бепул нонушта ваъдаси тўғрисида фикр юритиб, “бепул нонушта маъмурчилиги ўта қиммат, самараси эса ўта саволли харажат бўлади”, деб ёзди.
"Президент командаси"
Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев ёки унинг тарафдорлари хатти-ҳаракатининг қонунга мослиги тўғрисида ўйлай бошлашга Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжоновнинг бир жумлалик хабари ундади.
Алламжонов 26 сентябрь, кечга яқин эълон қилган постида Президент Мирзиёевнинг ҳаёти ва меҳнат йўлига бағишланган “Халқ президенти” фильмининг 26 сентябрь, соат 20.00 га режалаштирилган теленамойиши бошқа кунга қолдирилганини билдирди.
Алламжоновнинг ёзишича, фильм намойиши “ҳуқуқшунос-экспертларнинг тавсиясига кўра” қолдирилган.
“Ҳуқуқшунос-экспертлар” ўз хулосасини Сайлов кодексининг қайси моддасига таяниб чиқаргани тўғрисида ҳеч нарса дейилмаган. Пайдо бўлган саволни бериш учун Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши билан боғланишнинг имкони бўлмади.
Бир кун аввал Алламжонов ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида Мирзиёевнинг Самарқандга ташрифи чоғида ўзини кутиб турган матбуот вакилларига "команда" деб хитоб қилгани акс этган видеони улашганди.
Собиқ матбуот котиби президентнинг жорий матбуот хизмати раҳбари Шерзод Асадов билан президентга ҳамроҳлик қилаётгани акс этган суратини ҳам тармоқларга жойлаган.
Англашилгани - президент ва амалдаги ҳокимият идоралари фаолиятини ёритувчи журналист ва блогерлар айни пайтда президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг ҳам "командаси" аъзоларидир.
Ўзбекистонда давлатга қарашли ва давлат томонидан назорат қилинадиган оммавий ахборот воситаларининг сайловларда асосан амалдаги президент фаолиятини тарғиб қилиши янгича воқеълик эмас. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти бундан олдинги сайловларда ҳам матбуот сайлов жараёнларини бир томонлама ёритганлигини қайд этган.
Сайлов кодекси нима дейди?
“Сайлов ўта нозик мавзу” эканлигидан келиб чиқиб, исми айтилмаслик шарти билан гапирган тошкентлик 57 яшар ҳуқуқшуноснинг айтишича, “президент ҳақидаги фильмнинг намойишига, Сайлов кодекси монелик қилмаслиги керак”.
“Сайлов кодексининг 47-моддасида ташвиқотни босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини чиқариш ҳамда тарқатиш орқали олиб бориш мумкинлиги кафолатлаб қўйилган. Шу модданинг ўзида ташвиқот материалларига оид бир қатор талаблар ҳам кўрсатиб ўтилганки, уларни тайёрлаганлар ўша талабларни бузмасалар кифоя”, - деди суҳбатдош.
Ҳуқуқшуноснинг фикрича, президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг кўпмиллард сўмлик ваъдалар бериши ёки мўйноқликларга бердирганидай нақд пул бердириши чигалроқ масаладир:
“Сайлов кодекси”нинг 44- моддасида “Ташвиқотни сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматларидан ташқари), шунингдек пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб бориш тақиқланади”, деб аниқ-тиниқ ёзиб қўйилган. Бироқ айни пайтда Мирзиёев амалдаги давлат раҳбари. Хўш, бу вазият қандай ҳал қилинади? Шахсан менда бу саволга жавоб йўқ”, дейди ҳуқуқшунос.
Номзодлар тенгсизлиги
Ҳуқуқшунос масаланинг бошқа, ташкилий жиҳатларига этибор қаратди:
“Президент у ёки бу вилоятга борар экан, доимий самолётдан, доимий автомобилларидан фойдаланяпти. Уни вилоят ҳокимлари кутиб оляпти, келишига тайёргарлик кўришяпти, унга ҳамроҳлик қилишяпти. Ахир шу ҳам маъмурий ресурсдан фойдаланишку! Бошқа номзодларда борми шу имконият? Бошқа номзодларни Мирзиёевни кутиб олганларидай кутиб олишадими? Мирзиёев учун яратиб берганларидай шароит қилиб беришадими? Албатта, йўқ!”
44- модданинг давомида белгилаб қўйилишича, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига ўз мансаб ва хизмат мавқеидан сайловолди ташвиқоти вақтида ҳар қандай сиёсий партиянинг ёки номзоднинг фойдасига ёхуд унга қарши фойдаланиши тақиқланади”.
Мавзуга алоқадор Мирзиёев номзоди учун "керагидан ортиқ" имзо. Фаоллар ва талабалар сайловолди тадбирларидан норозиПрезидентликка қодир Қодировга айланди
Айни пайтда ўзбек жамиятида асосий номзод учун ишлаётган маъмурий ресурс бошқа номзодларга қарши ишлайди, деган ишонч мавжуд. Мсалан, "Миллий тикланиш" партиясидан президентликка номзоди кўрсатилган Алишер Қодировнинг шов-шувга сабаб бўлган сайловолди баннери куни кеча бошқасига алмаштирилди ва ижтимоий тармоқларда Алишер Қодировга босим ўтказиб, баннерини алмаштиришга мажбур қилишибди, деган гаплар тарқади.
Алишер Қодировнинг ўзи ижтимоий тармоқлар орқали баннерни алмаштириш "режалаштирилган" иш эканлиги тўғрисида хабар қилди.
Қўшнилар тажрибаси
Сайлов кодексининг 44- моддасида назарда тутилган ҳолат халқаро амалиётда “маъмурий ресурсдан фойдаланиш” деб аталади ва бунинг олдини олишга сайловга оид қонунларнинг конкрет моддалари қаратилган. Масалан, қўшни Қирғизистоннинг тегишли қонунининг 21-1-моддаси “Маъмурий ресурсни суиистеъмол қилишга йўл қўйилмаслиги”, деб аталади.
- Ўзбекистон марказий сайлов комиссияси президентликка номзод сифатида Либерал-демократик партиядан Шавкат Мирзиёевни, “Адолат” партиясидан Баҳром Абдуҳалимовни, Экологик партиядан Нарзулла Обломуродовни, “Миллий тикланиш” партиясидан Алишер Қодировни, Халқ-демократик партиясидан Мақсуда Ворисовани рўйхатга олган.
- Мазкур партияларнинг ҳаммаси ҳукуматпараст партиялар сифатида кўрилади.
- Мухолифатдаги партияларга эса бу сафар ҳам сайловда қатнашиш учун имкон берилмади.
- 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган сайловларда амалдаги президент Шавкат Мирзиёевнинг иккинчи муддатга сайланиши кутилмоқда.