Фарғона вилоят кўзи ожиз болалар учун ихтисослашган мактаб-интернатининг бир гуруҳ ўқитувчилари интернат директорини 27 апрель куни мактабда ўтказилган ҳашарда уларни ишлашга мажбурланганини иддао қилди.
Ўқитувчилар даъвосига кўра, ҳашар боис дарс соатлари ўтилмай қолган.
Ўша куни дам олишда бўлган ўқитувчилар ҳам ҳашарга мажбуран чақиртирилганидан нолишди.
Мактаб-интернат директори Фахриддин Абдукаримов Озодлик саволларига жавоб беришни истамади.
Вилоят халқ таълими бошқармаси мулозими ўқитувчиларни ҳашарда мажбурий ишлатиш қонунга хилофлигини таъкидлади.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Озодликка мактаб-интернатнинг бир гуруҳ ходимлари томонидан бўлган мурожаатда таъкидланишича, 27 апрель куни интернат ўқитувчилари ҳашарга чиқишга мажбурланган:
“Интернатимизда бизни мажбурий меҳнатга мажбурлашмоқда. 27 апрель куни дарс вақтида ўқитувчи ва тарбиячилар ўт ўриш, тупроқ ташиш, ҳовли супириш ишларига жалб қилинди. Директор Фахриддин Абдукаримов педагогларни ўз вазифасига кирмаган ишларни қилишга мажбур қилди. Президентимиз ўқитувчилар обрўсини кўтаришга бор имкониятларини ишга солаётган бир пайтда директорнинг бу ишини қандай баҳолаш мумкин?”, дейилади Озодликка келган мурожаатда.
Мурожаат эгалари ҳашар пайти олинган бир қанча суратларни ҳам Озодликка йўллади.
Ишдан ҳайдалиш хавфи боис исмини очиқламаcликни сўраган ўқитувчилардан бирининг ҳисоб-китобича, ҳашар боис камида 7 соат дарс ўтилмай қолган.
“Шанбалик эрталаб соат 9да бошланиб, тушдан кейин тугади. Ўша куни жисмоний тарбия ўқитувчиси ҳам ҳашарга чиқди. Унинг 5, 6, 9-синфларда дарси бор эди. Дарслар ўтилмай қолди. Кимё фани ўқитувчиси ҳам саҳар келиб, ер чопган, унинг 2 соат дарси ўтилмаган. Информатика ўқитувчисининг ҳам 2 соат дарси ҳашар боис ўтилмаган”, деди мактаб-интернат ўқитувчиларидан бири.
Аноним қолишни истаган яна бир ўқитувчининг айтишича, ҳашар куни дам олишда бўлган ходимлар ҳам чақиртирилган:
“Шанба куни тарбиячиларнинг кўпчилиги ишламайди. Уларда 5 кунлик иш. Уларни ҳам дам олиш куни бўлишига қарамай, интернатга чақириб, мажбурий меҳнатга мажбурлашди. Кейин шанба куни ишлайдиган тарбиячиларнинг иш вақти соат 13:30да бошланади. Лекин уларни ҳам эрталабдан ҳашарга чақиришган. Тарбиячи аёллардан бирининг уйида шу боис жанжал ҳам чиққан. “Нимага эрталабдан ишга кетаяпсан”, деб уйидагилар тўполон қилган”, дейди ўқитувчи аёл.
Озодлик мухбири 29 апрель куни туш пайти мактаб-интернат директори Фахриддин Абдукаримовнинг қўл телефонига боғланди, бироқ Абдукаримов дарҳол телефонини ўчириб, қўйди ва кун бўйи телефон ўчиқ бўлгани боис ундан изоҳ олиш имкони бўлмади.
Фарғона вилоят халқ таълими бошқармасининг Озодлик боғланган мулозими мактаб-интернатда ҳашар ўтказилганини оқламаслигини таъкидлади:
“Бу мактаб-интернатда ҳашар ўтказиш борасида бошқарма томонидан ҳеч қандай топшириқ берилмаган. Бу интернат директорининг ички буйруғи асосида қилинган бўлиши керак. Бошқарма бу каби мажбурий меҳнат кўринишларига қарши. Ўқитувчиларни дарс пайтида ёки уларнинг дам олиш кунлари мажбурий тарзда бошқа иш билан шуғуллантиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”, деди исмини очиқламаётганимиз бошқарма мулозими.
Жорий йил февраль ойида Ўзбекистон мажбурий меҳнатга қарши халқаро конвенцияга қўшилди.
Бироқ ўтган икки ой мобайнида Озодликка келаётган мажбурий меҳнатга оид хабарлар кўлами камаймади.
Жумладан, Озодлик ўтган ҳафта Андижон вилояти Избоскан тумани 7-сонли мактаб директори ўқитувчи ва ўқувчиларининг мажбурий меҳнатга жалб қилингани ҳақида ёзган эди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг хабар беришича, ушбу ҳолат Давлат меҳнат инспекцияси томонидан текширилган ва мажбурий меҳнат қўллангани тасдиқланган. Вазирлик мактаб директорининг маъмурий жавобгарликка тортилганини ҳам билдирди.
Халқаро меҳнат ташкилотининг жорий йил 1 апрелдаги ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда мажбурий меҳнатдан фойдаланишга замин яратувчи тизимлар бутунлай йўқ қилинмагани боис мамлакатда мажбурий меҳнат ҳолатлари ҳамон сақланиб қолмоқда.