Наманган вилоятининг Косонсой тумани тоғли ҳудудидаги 20-мактаб директор ўринбосари Соҳиба Атахонова бир кунда оғзаки равишда ишдан олингани, сўнгра ишида қолдирилганини айтмоқда.
Асли биология ўқитувчиси бўлган Атахонова ўтган ҳафта Озодликка берган интервьюсида ўзи ишлаб турган мактабда ошхона, спортзал йўқлиги, ҳожатхона талабга жавоб бермаслиги ҳақида гапирган эди.
У 1973 йилда қурилган мактаб биносида қозонлар эскиргани ва электр энергияси тез- тез узилгани боис, яхши иситилмаслиги ҳақида ота- оналар шикоятини ҳам тасдиқлаб, иситиш тизимини яхшилашда раҳбариятдан ёрдам сўраганди.
Эндиликда ўқитувчи, бир кун ичида ишдан олинишию ишда қолдирилиши сабабини мактаб муаммоларини матбуотга очиқ айтганига боғламоқда. У вилоят Халқ таълими бошқармасини мактаб раҳбарлари ҳужжатларини текшириш эмас, балки аввало мактаб муаммосини ҳал қилиб бериш билан шуғулланишга чақирмоқда.
Вилоят Халқ таълими бошқармаси эса Атахоновага матбуотда танқидий чиқиши учун эмас, “ишда йўл қўйган камчиликлари” сабаб чора кўрилгани, вилоятда бу орада 6 мактаб директори ишдан олиниб, ўринбосарлари огоҳлантирилганини билдирди.
Оғзаки кўрилган чора
С. Атахонова Наманган вилоятининг Косонсой туманидаги тоғли Чиндовул қишлоғи болалари ўқийдиган 20-мактаб директор ўринбосари.
У 7 январь куни Озодликка берган интервьюсида қишлоқ мактаби яхши иситилмаслиги борасида ота-оналар арзига изоҳ берган ва таълим муассасасидаги муаммолларни бир-бир санаган эди.
12 январь куни С. Атахонованинг айтишича, 11 январь куни мактабига Наманган вилояти Халқ таълими бошқармасидан кутилмаганда бир гуруҳ борган, тезкор текширув ўтказган ва у ҳамда мактаб директорининг ишидан “камчилик топишган”:
"Фақат ҳужжатларни текширишди. Менга тегишли бўлмаган ҳужжат ишларидан камчилик топишди ва бошқасига тегишли камчиликни батараф қилишни назоратимга оламан, деган тушунтириш хатига қўл қўйиб бердим", - дейди директор ўринбосари.
Ўша куни оқшом вилоят Халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати тарқатган хабарда эса, Атахонова ишлайдиган 20-мактаб директорининг ишдан олингани, унинг "фаолияти келгусида кўриб чиқилиши" маълум қилинган:
"Аммо бугун, 12 январь куни эрталаб мактабга яна текширувчи келди ва "Сизни деб, раҳбаримдан гап эшитдим, сизни деб, яна келдим мактабингизга", деди. Бугун оқшом эса, Озодликдан бошқармага телефон борганидан кейин назаримда, йиғилиш қилиб, "ҳеч ким ишдан олинмайди" дейишибди яна".
С. Атахонова ўзи ва мактаб раҳбарининг ишдан олиниши мактаб муаммоларини матбуотга очиқ айтгани билан боғлиқ, деб ишонмоқда. Унинг сўзларига кўра, бу ҳақда ўзига очиқ айтилмаган, аммо етарлича ишора берилган.
Қуйида С. Атахонова билан суҳбатни тингланг:
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Мактабга янги қозон етказилади
Атахонованинг мурожаати ортидан Озодлик Наманган Халқ таълими бошқармасига боғланди. Бошқарма бошлиғидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.
Аммо бошқарманинг қурилиш ишлари бўйича бўлими вакили Қобилжон Темировга кўра, С. Атахонова ва у ишлайдиган мактаб директори ишдан олинган ягона раҳбар эмас.
Темировга кўра, 2020 йил якунига яқин бошқарма бошлиғи алмашган ва янги бошлиқ ишни вилоятдаги мактабларнинг "натижаларини кўздан кечиришдан бошлаган".
Масъул янги йил бошидан буён вилоятдаги мактабларнинг ўқув ишлари бўйича натижалари яхши бўлмаган бир неча мактаб директори ва директор ўринбосарларини ишдан олишга қарор қилинганини айтди.
Аммо айнан Соҳиба Атахонова масаласида бошқарманинг кадрлар бўлимига боғланишни тавсия қилди, бу бўлимдан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.
Шунингдек Темиров, Озодлик мурожаати ортидан, тоғли ҳудуддаги 20-мактабнинг иситиш қозонлари техник текширувдан ўтганини айтди ва Озодликка фотосуратларни тақдим қилди.
Суратларда иситиш қозонларининг жуда эскиргани акс этган.
Бунга изоҳ берган масъул сўнгги ойларда вилоятдаги 700дан ортиқ мактабга 200 атрофида янги қозон етказилгани, тез орада Чиндовул мактабини ҳам янги қозон билан таъминлаш чораси кўрилишини айтди.
Мактаб муаммолари ҳануз ечимсиз
С. Атахонова ишлайдиган Косонсой тумани Чиндовул қишлоғидаги 20-мактабда 30 мингга яқин аҳолининг 1500 нафардан ортиқ фарзанди таълим олади.
Мактабда 3 корпус бор, синфхоналар сони 40 га яқин, ўқувчи синфлар сони 52 та, ҳар бир синфда 28 нафардан 35 нафаргача ўқувчи бор.
11 январдан бу мактаб ўқувчилари ҳам тўлиқ анъанавий таълимга қайтди.
Соҳиба Атахоновага кўра, Наманган вилояти расмийлари, туман мактабларини айланиб юрган кунлари электр токи қарийб узилмаган, 2 кундирки мактаб иссиқ.
Атахонова, бунча суриштирувга сабаб бўлган асосий масала – мактаб муаммоси эътиборсиз қолмоқда, борган текширувчилар ҳам бу муаммоларга жиддий эътибор қаратмади, демоқда:
"Дарс жараёнини текширинг, бизнинг муаммоларимизни кўринг, дедим. Хуллас, мактаб муаммолари қолиб, яна ҳужжатларни текширишди. Матбуотга гапиришдан қўрқмайман, аслида шу туртки бўлиб кетиб, болаларимизга фойда бўлса, бўлди! Болаларимизга яхши мактаб биноси, яхши, иссиқ замонавий ҳожатхоналар қилиб беришса, бўлди!"
Атахонова мактабдаги реал ҳолат акс этган суратларни Озодликка йўллади.
Асли биология ўқитувчиси бўлган С. Атахонова Наманган Халқ таълим бошқармаси ҳамда Халқ таълими вазирлигини "мактабларни қоғозбозликка кўмиш ўрнига таълимга эътибор қаратиш"га чақирди.
10 мингга яқин мактабда анъанавий дарс бошланди
Расмий статистикага кўра, мамлакатда 10 мингга яқин мактаб бор, ўқувчилар сони 6 миллион 200 мингдан ортиқ, ўқитувчилар сони эса ярим миллионга яқин.
Ўтган йили 16 мартидан Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланиши ортидан барча таълим муассасалари ёпилиб, ўқувчилар таътилга чиқарилганди. 30 мартдан бошлаб мактаб ўқувчилари учун масофавий таълим бошланган.
Халқ таълими вазирлиги 2020-2021 янги ўқув йилида анъанавий дарслар босқичма-босқич йўлга қўйилишини маълум қилганди, аммо пандемия шароити чўзилгани боис, масофавий таълим ихтиёрий равишда сақланиб қолди.
Ўзбекистонда бу йил эрта тушган совуқ, айниқса қишлоқ мактаблари ўқитувчи ва ўқувчиларини танг аҳволда қолдирди.
Мамлакатнинг турли ҳудудларидан газ таъминотидан буткул узилган мактабларнинг ўқувчилари совуқдан азоб чекаётгани ҳақида кўплаб хабарлар олинган.
Мавзуга алоқадор Энергетика инқирози: Уч кунда уч портлаш - қурбонлар сони ошмоқда