Ўзбекистон президенти оиласига яқин манбанинг Озодликка айтишича, ўтган ҳафта Мирзиёевнинг кенжа куёви ишлаган Президент давлат хавфсизлик хизмати (ПДХХ)да "президент кўрсатмасига биноан" ички хизмат текшируви ва суриштирув бошланган. Юқори мартабали мулозим билан боғлиқ ЙТҲ сабаблари ўрганилаётганини айтган манбанинг иддаосича, суриштирувни Давлат хавфсизлик хизмати олиб бормоқда.
Озодлик манбаси шунингдек, биринчи оиланинг бошқа мансублари «сайлов олдидан ўзларини босиб олиш» борасида давлат раҳбаридан «дакки» эшитганини иддао қилди. Айни пайтда Озодликда бу иддаоларнинг расмий тасдиғи йўқ. Шу билан бирга, Умаров ЙТҲга учраган куни унинг ëнида бўлган спортчи йигитлар назоратга олингани айтилмоқда. Озодлик манбаси Тошкентнинг Ц-1 мавзесидаги Умаров бизнес тузилмаларига қарашли офис ва спорт зали "муҳрлангани"ни айтди. Иддаога кўра¸ Умаров ва "спортчилар" йўлларда доимий пойгалар ўтказиб, "ўзлари ва бошқалар ҳаëтини хатар остида қолдириб келган".
Ҳодисадан 15 кун ўтиб бошланган «суриштирув»
Озодликка овозли мактуб юборган (шахси ва лавозими Озодликка маълум-таҳр.) ишончли манба президентнинг кенжа куёви иштирокидаги ҳалокатли ЙТҲдан 15 кун ўтиб, Президент хавфсизлик хизмати (ПДХХ) идорасида суриштирув ва хизмат текшируви бошланганини айтди. Расман тасдиқланмаган маълумотларга кўра, "ҳозирда президент куëви билан автомобил ва мотоцикл пойгалари ташкил қилган спортчи йигитлар назоратга олинган". Спорт клубларидаги уюшган жиноятчилик бўйича маълумотлар йиғишда иштирок этганлигини айтган республика куч ишлатар идоралари вакилининг сўзларига кўра, "Умаров атрофида юрган бир неча спортчи Жиноят кодексининг 266- моддасида кўзда тутилган жиноятни (Транспорт хавфсизлиги қоидаларини бузиш) содир этишда гумонланмоқда.
Бир-биридан мустақил бу икки манбанинг иддао қилишича, ҳодисадан "ғазабга келган" президент суриштирув олиб бориш ҳақида шахсан топшириқ берган.
Манбалар иддаосига кўра, президент ўз «тансоқчиси ва куëвининг» ҳодисагача бўлган охирги бир ой давомидаги бутун фаолиятига оид батафсил ҳисобот ҳозирлашни буюрган.
Озодликка бу ҳақда гапирган учинчи манба бу ҳисоботни тайëрлашда бевосита қатнашганлигини айтди. Унга кўра, «Умаров ўз машинасининг олди ва орқасига кўзни қамаштирувчи фаралар ўрнатиб, кечқурун катта тезликда ҳаракатланиб, бир ой мобайнида бир неча марта шаҳарда авария ситуацияси» яратган. Унинг сўзларига кўра, "Умаров бошқарган ва пировардида аварияга учраган мотоцикл соатига 180 км тезликда ҳаракатланган. Айни манба Умаров авария пайтида оëқлари билан бирга, бошидан ҳам жароҳат олганини иддао қилди.
Озодликнинг биринчи оилага яқин ва ҳукуматдаги манбалари иддаосига кўра¸ президентнинг рафиқаси Зироат Ҳошимовага қариндош эканлиги айтиладиган «кенжа куëв билан боғлиқ ЙТҲ» ортидан давлат раҳбари ўз қариндошларига «сайлов олдидан тинч юриш ва босиқлик лозимлигини» уқтирган. Манбалардан бири «ЙТҲга оид хабарлар тагига қўйилган изоҳлар тўплами президентга олиб кирилгани»ни ҳам айтди. Изоҳларнинг кўпчилигида куëвнинг аварияга учрагани заҳарханда қилинган.
Озодлик Ўзбекистон президенти давлат хавфсизлик хизмати (ПДХХ) раҳбари ўринбосари, 36 яшар Отабек Умаров жорий йилнинг 13 февраль куни пойтахтнинг Пушкин метроси яқинида йўл-транспорт ҳодисасига учрагани ва шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар берган эди.
Расмий сукут
Ўзбекистон ҳукумати президент оиласи мансуби ва унинг давлат хавфсизлик хизмати юқори мартабали мулозимининг ЙТҲга учрагани ва ундан кейинги тақдири борасида расмий маълумот бермаяпти.
Ўзбекистондаги нашрлар ҳамда президент куёвининг хайрия ва спорт тадбирларини фаол ёритиб келадиган блогерлар эса, ҳодиса билан боғлиқ хабарлар борасида сукут сақламоқда.
1 март куни Озодлик Ўзбекистон Бош прокуратураси¸ Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа қатор расмий идораларга қўнғироқ қилиб, Умаров борасида ҳеч қандай шарҳ ололмади. Умаров ишлаган Ўзбекистон президенти давлат хавфсизлик хизмати (ПДХХ) эса, матбуот учун мутлақ ëпиқлигича қолмоқда. Йўл -транспорт ҳодисаси юз берганидан икки кун ўтиб, Озодлик боғланган ИИВ мулозими «ҳодиса қайд қилинмаганлигини» айтган эди.
Озодлик суҳбатлашган манбалар воқеа юз берган Тошкент марказидаги кўчаларда ўрнатилган камера ва радар қурилмалари демонтаж қилинганини иддао қилган. Мирзиёевнинг 18 февраль куни Наманган вилоятига қилган сафари чоғида, одатда, эгаллаб турган лавозимига кўра, президентга ҳамроҳлик қиладиган Отабек Умаров кўринмади.
Сарғайган Инстаграм саҳифаси
SММ-менеджер Ноила Қутлиеванинг ўрганишича, Отабек Умаров ўзининг Инстаграм саҳифасига 13 февралдан буён пост қўймаган:
"Охирги марта 13 февралда пост қўйган¸ ундан кейин 2 мартгача ҳеч нарса юкланмаган. Бўш турибди ҳозир ҳам. Умаров, одатда бирор муҳим кун ëки воқеа билан боғлиқ, одатда бир ойда тахминан 4 ëки 5 пост қўйиб келган. Май ва октябрда озроқ узилиш бор. Ëз ойларида пост оз қўйилган. Май ойигача бўлган пайтда постлар анча салмоқли бўлган".
"Бемор истагига кўра"
Бир-биридан мустақил манбаларнинг иддао қилишича, 13 февраль куни пойтахтнинг Пушкин метроси яқинида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси ортидан Ўзбекистон президенти давлат хавфсизлик хизмати (ПДХХ) раҳбари ўринбосари, 36 яшар Отабек Умаров икки марта оëғидан амалиëт қилинган. Даволаш учун махсус тиббиëт учоғида 15 февраль куни чет элга олиб кетилгани айтилган Умаровга яқин манбалар унинг келаси 5 кун ичида Ўзбекистонга олиб келинишини айтди.
Яна бир манба Умаровнинг оëққа туриш шанси фақат 20 фоиз экани ва катта эҳтимол билан анча вақт ногиронлик аравачасида қолишини иддао қилди.
Отабек Умаровнинг оиласига яқин манбалардан бирининг айтишича¸ 13 февраль оқшомида Тошкентда йўл-транспорт ҳодисасига учраган Отабек Умаров 15 февраль куни махсус учоқда олдин Москвага¸ ундан кейин эса Жанубий Кореяга олиб кетилган.
Ҳукуматга яқин бошқа бир манба эса “бемор истагига кўра, у Жанубий Кореядаги хусусий клиникага олиб кетилган”ини иддао қилди. Айни пайтда Отабек Умаров Германиядаги хусусий клиникалардан бирида муолажа олаётгани ҳақида ҳам хабарлар олинган. Иддаолардан бирида Умаровнинг хотини Шаҳноза Мирзиëева Жанубий Кореяда даволанаëтган эрининг устида ўтирганлиги ëзилади. Озодликнинг Ўзбекистон ҳукуматидаги манбаси Мактабгача таълим вазирлиги Бош бошқармаси бошлиғи Шаҳноза Мирзиёеванинг 2 март куни Тошкентдаги иш ўрнида эканлигини айтди.
Қимматбаҳо машиналар ва тунги пойга ишқибози
Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келиши ортидан унинг тансоқчисига айланган кенжа куëв Отабек Умаров қисқа вақт ичида ижтимоий тармоқларда Ўзбекистондаги давлат, айниқса, хавфсизлик мулозимларига хос бўлмаган очиқлиги ва фаоллиги билан эътиборга тушди.
Президентнинг кенжа куёви Инстаграм саҳифасида ўзининг қимматбаҳо машиналар¸ тунги пойга ва дрифтингга ўчлигини намойиш қилган.
2019 йилнинг 8 июлига ўтар кечаси Otabek_muhammadalievich ( Отабек Умаровнинг ники – таҳр.) ўз Instagram саҳифасида жонли кўрсатган видеода президент куёви Tesla машинасида тезликни қонунда белгиланганидан (тезлик чеклови 70 ва 50 км. -таҳр.) уч баравар юқори - соатига 201 кмга чиқаргани кўрилганди.
Эълон қилинишидан кўп ўтмай ўчириб ташланган бу видеони Озодлик сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида бир куннинг ўзида юз минглаб одам томоша қилди. Маҳаллий матбуот президент куёвининг тунги пойгасини ёритмади.
Озодлик жамоатчиликка тақдим этган бу видео ижтимоий тармоқларда кескин эътирозларга сабаб бўлгани ортидан – воқеадан 12 кун ўтиб , 19 июлда Отабек Умаров Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлик хизмати томонидан маъмурий жазога тортилди.
Бу ҳақда Умаровнинг ўзи Instagram саҳифасида хабар берди ва энг кам иш ҳақининг 9 баравари миқдорида- 1824570 сўм жарима тўланганлик ҳақидаги квитанцияни ҳам илова қилди.
Орадан бир ой ўтиб, 2019 йилнинг 6 августида Отабек Умаров номи яна бир йўл-транспорт ҳодисаси муносабати билан тилга тушди.
Тошкентнинг Пушкин метро станцияси яқинидаги Мустақиллик кўчасида 6 август, кеч соат 21:15 да юз берган автоавария расман қурбонларсиз якун топган бўлса ҳам тармоқларда қизғин муҳокама қилинди.
Учта автомобиль тўқнашгани тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда тарқалар экан, Интернет фойдаланувчиларининг эътиборини бир машина – Nissan GT-R R35 русумли оқ рангли спорткар ўзига тортди.
Айни русумдаги автомобиль президент Мирзиёевнинг оилавий фотосида ҳам акс этган. Гувоҳларнинг айтишича, автоҳалокат юз берган жой зудлик билан ўраб олинган ва тезда тозаланган.
Маҳаллий матбуот уч киши, жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг икки ходими Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилгани ҳақида хабар берди.
Автомобиль эгаси президент Мирзиёевнинг куёви Отабек Умаров экани иддао қилинди.
Озодлик суҳбатлашган икки нафар хавфсизлик ходимига кўра, автоҳалокат бошқа бир “нуфузли хавфсизлик ходими” туфайли юз берган.