Марказий Осиё мамлакатларида диний кийимлар, хусусан юзни тўсувчи либослар кийишни тақиқлаш ташаббуси бир йилдан зиёд вақтдан бери олға сурилмоқда. Жамиятни секулярлаштиришга эҳтиёж қаердан пайдо бўлди ва ушбу чекловлардан муддао нима?
Қирғизистон амалдаги қонунчиликка диннинг ролини чекловчи тузатишлар киритмоқчи. Дин ишлари бўйича давлат қўмитаси ишлаб чиққан ва 28 сентябргача жамоатчилик муҳокамасида бўладиган янги қоидалар, жумладан, кишининг шахсини аниқлашга имкон бермайдиган кийимларни тақиқлашни назарда тутади.
Шу тариқа расмий Бишкек диний атрибутларни чеклашга қаратилган минтақавий кампанияга қўшилди. Роса бир йил олдин, 2023 йилнинг сентябр ойи бошида Ўзбекистон парламенти айни мазмунли тузатишларни қабул қилган эди, жорий йилнинг июнида эса Қозоғистонда жамоат жойларида диний кийимлар кийиб юришни ман этиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси тайёрланаётгани ўртага чиқди – лойиҳа кузги сессия вақтида парламентга тақдим этилиши кутилмоқда.
Мавзуга алоқадор Диний идора 18 нафар имом ва имом ноибларини ишдан бўшатди. Тўлиқ рўйхатОзодлик тожик хизматининг ёзишича, шу йилнинг июнида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон “Тантаналар ва маросимларни тартибга солиш тўғрисида”ги қонунга имзо чекдики, мазкур ҳужжат, жумладан, “миллий маданиятга ёт кийимларни” мамлакатга олиб кириш ва жамоат жойларида кийишни тақиқлайди. Қонунда “миллий маданиятга зид кийим” таърифи бўлмаса-да, давлат раҳбарининг баёнотларию ҳуқуқ идораларининг хатти-ҳаракатларига қараганда, айнан ҳижоб ва сатр каби мусулмонча либослар тақиққа учраган. Қирғизистондан фарқли ўлароқ Тожикистонда ушбу қонун жамоатчилик ўртасида муҳокама қилинмади.
Марказий Осиёнинг қарийб барча мамлакатларида диний атрибутикага эътирозлар тизимли равишда пайдо бўлмоқда ва улар одатда норасмий характерга эга. Диндорларнинг ташқи кўринишини чекловчи қонунчилик шу пайтгача йўқ эди. Фуқароларнинг шахсий ҳаётига аралашишни назарда тутувчи мазкур қонунлар ҳам конституция ва халқаро меъёрларга зид.
Шунга қарамай, Тожикистон ва Ўзбекистон диний либосларни тақиқлашнинг ҳуқуқий механизмларини яратиб олди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Тақиқ – экстремизмга қарши чорами?
Душанбелик сиёсатшунос фикрича, сўнгги ўн йилга оид амалиёт минтақанинг барча мамлакатларида аҳолининг радикаллашуви таҳдиди мавжудлигини кўрсатмоқда. “Мусулмонча кийинган одамларнинг кўпайгани – динга қизиқиш ортганини тасдиқловчи рамзлар, холос. Бироқ бу шунақа кийинган одамларнинг бари радикал ғояларга мойил бўлади, дегани эмас. Бунақа кийим киймайдиган кишилар ҳам радикал бўлиши мумкин. Бизнинг ҳукуматлар эксперт кенгашлар ёки чет мамлакатлар маслаҳатига таяниб, шу каби чекловлар билан радикал кайфиятни тийиб, жамиятда секуляризмни дастакламоқчи бўляпти. Эҳтимол, Шинжонда қўлланаётган хитой моделидан илҳом олишаётгандир. Аммо мусулмон жамиятларида бу фақат муваққат натижа беради, иқтисболда эса катта “бошоғриқ”қа айланади”, дейди эксперт.
Унга кўра, репрессив чоралар диндорларда адолатсизлик ҳиссини кучайтириб, радикаллашувга янада кўпроқ туртки бермоғи мумкин. “Мен универсал самарали чоралар бўлмайди ва ҳар бир ҳукумат турли методларни синаб кўради, дейдиган экспертлар билан ҳамфикрман. Бироқ Тожикистон мисолида кўряпмизки, тақводорларга босим ўтказиш янада кўпроқ ёшларнинг террорчилар томонга оғиб кетишига олиб келаётир”, таъкидлайди Озодлик суҳбатдоши.
Сўнгги бир йил ичида Тожикистон Республикаси фуқароларининг исмлари Россия, Эрон, Туркия, Германия, Австрия ва Нидерландияда террорчилик ҳужумлари билан боғлиқ тергов маълумотларида ўртага чиқди. Шу йилнинг март ойида эса президент Эмомали Раҳмон уч йил мобайнида Тожикистоннинг 24 нафар фуқароси ўнлаб давлатда террорчилик ҳужумларини амалга оширганини ёки террорчиликда гумон қилинганини тан олди.
Янги ҳодиса эмас
Минтақа мамлакатлари, очиқ изоҳ берилмаётган бўлса-да, чеклов чораларини айнан тез-тез содир бўлаётган террорчилик актлари манзарасида жорий этмоқда.
Россия ва Евроосиёни ўрганиш бўйича Берлин Карнеги маркази илмий ходими Темур Умаров диндорликнинг визуал намойишини тақиқлаш янги ҳодиса эмаслигини ва Ўзбекистонда мустақилликнинг илк йилларидаёқ жорий этилганини таъкидлайди:
“Диний экстремизм хавфи сезиляпти – Россияда, Яқин Шарқда, Европада терактлар содир бўлди. Минтақа ҳукуматлари буни жамиятнинг динга қизиқиши ошгани билан тўғридан-тўғри боғлайди, ҳолбуки бундай эмас. Боз устига бунақа тақиқловчи чораларни ижро этиш осон”.
Умаров минтақадаги сиёсий режимлар бир-бирига ўхшашлигини ва кўплаб амалиёт ва ташаббуслар синхрон тарзда амалга оширилаётганини айтаркан, конституциявий ислоҳотлар, тил сиёсати, интернет устидан назорат, “чет эл агентлари” ҳақидаги қонунчилик ташаббусларини мисол қилиб келтиради.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
"Каримовдан қолган сарқит"
Тожикистон ва Ўзбекистон ҳуқуқ идоралари рўмолли аёллар ва соқол қўйган эркакларга қарши тез-тез оммавий рейдлар ўтказади. Улар милиция бўлимларига келтирилиб, рўмолини ечишга мажбур қилинади, эркакларнинг эса соқоли қиртишлаб олинади.
Бироқ экспертлар бу каби чеклов чоралари фуқароларнинг экстремист ва террорчи гуруҳларга қўшилишдан қайтара олмаётганини урғулашмоқда. “Мамлакат ичида диний таълимнинг қатъий тартибга солиш ўрнига чеклаб қўйилиши тескари натижага олиб келди. Масжидларга киритилмаётган ёшлар янги технологиялар даврида интернетда деструктив ахборотга берилиб, радикал гуруҳларга қўшилиб қолишмоқда. Ҳукумат рамзлар билан курашгандан кўра ўз қарашларини ўзгартирса яхши бўларди”, дейди душанбелик эксперт.
Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари диндорларга нисбатан дискриминация ва қатағон сиёсати туфайли Amnesty International ва Human Rights Watch ташкилотларининг 2023 йилга оид ҳисоботларида танқид қилинган эди.
Шотландиядаги Сент-Эндрю университети Терроризм ва сиёсий зўравонлик масалаларини ўрганувчи Ханда маркази тадқиқотчиси, профессор Ноах Такер фикрича, Ўзбекистонда Мирзиёев президентлиги даврида диний эркинлик бобида илгарилаш кузатилган эса-да, мамлакат Каримов давридаги эски режим сарқитларидан тўлиқ қутулгани йўқ.
"Мен сўнгги марта Ўзбекистонда бўлганимда Тошкент кўчаларида, Андижон ёки Бухорода соқол қўйган ёки рўмол ўраган одамлар кўпроқ кўзга ташланди, Тошкентнинг Эски шаҳарида масалан. Қизлар ҳижобда мактабга боряпти, гарчи бунга қонунда чеклов бўлса-да. Чунки, қонунни ўзи тушунарсиз. Нима демоқчиман, одамларнинг Ўзбекистонда илгарига қараганда озми-кўпми эркинроқ юриши яхши ва буни олға силжиш деган бўлардим. Лекин, айни пайтда соқол қўйганларни соқолини олишга мажбурланаётгани ҳақидаги алоҳида холатларга ҳам кўз юмиб бўлмайди", дейди Такер.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Ўзбекистон расмийлари ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг диний рамз деб кўриладиган соқол ва ҳижобга қарши кампаниялари халқаро жамоатчилик, жумладан, АҚШ Давлат департаменти томонидан танқид қилиб келинади.
Ўтган йил июнидаги ҳисоботида Америка Қўшма Штатлари Давлат департаменти мамлакатда ҳамон диний эркинликни чеклаш амалиёти кузатилаётгани, жумладан, эркакларнинг соқолини мажбуран қирдириш , аёлларнинг ҳижобини ечтириш, рўмолли ўқувчи ва талабаларнинг таълим даргоҳларига киритмаслик ҳоллари кузатилганини қайд этганди.