Туркманистонда икки палатали парламент икки йилгина яшади. Собиқ президент ва амалдаги лидер Гурбангули Бердимуҳамедов палаталардан бирини тарқатиб юбориш, иккинчисини эса ҳокимиятнинг ягона олий органи – Халқ маслаҳатига айлантириш таклифи билан чиқди. Иқтидордаги раҳбарлар ўз ҳокимиятини сақлаб қолиш ва кенгайтириш учун ҳар турли чораларни кўрувчи Марказий Осиёда бу жуда таниш ва самарали усулдир.
2020 йилда президент Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистон қонун чиқарувчи кенгашининг юқори палатаси тузилганини эълон қиларкан, ислоҳотдан пировард мақсад – туркман халқининг “бахтли ҳаёти” эканини айтган эди. Президентликни ўғли Сардорга топширганидан сўнг эса у Халқ маслаҳати отлиқ янги органга раис бўлиб олди.
Мана, икки йилдан сал кўпроқ вақт ўтгач дунёнинг энг авторитар мамлакатларидан бирида ушбу икки палатали тажриба якун топди – қуйи палата чиқитга ташланди, Халқ маслаҳати эса, давлат ОАВларига таъбирича, “ҳокимиятнинг олий органи”га айлантирилади.
Ҳокимият эгалари ҳокимиятда қолиш даврини чўзишнинг анвойи усулларини кашф қиладиган Марказий Осиё мамлакатларида қонун чиқарувчи органларни ва конституцияни ҳар мақомга солиш одат тусини олган.
Кичик Бердимуҳамедов ҳокимият тузилмаларини ўзгартириш масалалари бўйича ҳукумати йиғилишини чақириш тўғрисида фармон чиқарган. Унга кўра, президент офиси тўнғич Бердимуҳамедов назоратидаги кенгаш ихтиёрига берилади.
Туркманистонлик сиёсий шарҳловчи ва таҳлилчи Кумуш Байриева Озодлик билан суҳбатда “мазкур таклиф Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ҳакалак отган иззат-нафси парламентнинг юқори палатаси раиси лавозимига қаноат қилмаётганини кўрсатади”, деб айтди.
“Энди у “миллатнинг маънавий раҳнамоси” бўлишни, шу билан бирга, ўз итоатидаги Халқ маслаҳати орқали ҳокимиятнинг барча тармоқларини қатъиян назорат қилишни истамоқда”, урғулайди Байриева.
Гоҳ беш, гоҳ етти йилга
Бу йил баҳорда Ўзбекистонда конституциявий ўзгартишлар қабул қилинадиган бўлса, минтақада президентлик муддати етти йилга узайтирилган мамлакатлар тўрттага етади (Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон).
Тошкент билан Остона мустақил бўлганидан бери президентлар ваколати муддатини гоҳ беш, гоҳ етти йил қилиб ўзгартириб келди. Афтидан, бу сайлов йўли билан ҳокимиятдан четланиши мумкинлигини сира ҳазм қилолмаган Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоевларнинг хоҳиш-иродаси билан бўлган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
2011 йилда Ўзбекистон беш йиллик муддатга қайтишга қарор қилганида мамлакат сенати ушбу ўзгариш Каримовнинг “демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш”га қаратилган қатъий сиёсатини акс эттиришини айтган эди.
Энди-чи, Шавкат Мирзиёевнинг маслаҳатчилари етти йиллик муддатга қайтиш заруратини қандай тушунтиришмоқда? Албатта, “халқ шуни илтимос қиляпти”, деб.
Мирзиёев йил якунидаги мурожаатномасида “фуқароларнинг барча таклиф ва истаклари” келгуси йилда референдумга қўйилажак янги конституция лойиҳасида “инобатга олиниши”ни айтган эди.
Ўтган ёзда Озодлик мухбирлари Тошкентга яқин шаҳарчадаги бир корхона ишчилари билан сўзлашган эди. Бу ишчилар раҳбарият уларни Конституция лойиҳаси устида ишлаётган депутатларга ёзилган мактубга имзо чекишга мажбурлаганини билдирганлар.
Нусхаси Озодликда мавжуд ушбу хатда ишчилар “олиб борилаётган ислоҳотлардан жуда мамнун”лиги ва президентнинг ваколат муддатини беш йилдан етти йилга узайтиришни ёки “давлат раҳбарини умрбод президент лавозимида қолдириш”ни илтимос қилаётгани ҳақида гап боради.
Ўзбекистон Конституциявий комиссияси Асосий қонунга ўзгартишлар киритиш бўйича таклифларни 2022 йил 1 августгача қабул қилди. Шу муддатга қадар жами 117 357 та таклиф олингани маълум қилинди.
Парламентнинг нуфузли вакилларидан бири Конституция ўзгартирилиши Мирзиёевга президент лавозимида бўлган даврини нулга тушириб, кетма-кет учинчи марта сайловда ўз номзодини қўйишга имкон беришини тан олди – марҳум Каримов бу ҳийладан ўз вақтида муваффақият билан фойдаланган эди.
2010 йилда Қирғизистонда ўтказилган конституциявий ислоҳот Марказий Осиё учун мутлақо уникал бўлди. Уникаллиги шундаки, ўша пайтда мамлакатда доимий президент йўқ эди.
Шу сабабли, қолаверса, олдинги икки давлат раҳбари ўз оилаларининг бойлик орттириши йўлида хизмат мавқеини суиистеъмол қилгани оқибатида президентлик мандати заифлашиб, парламент ва бош вазир янги ваколатларга эга бўлди.
Мавзуга алоқадор Конституция бўйича референдум “Наврўздан кейинга” режаланмоқдаБироқ янги қонун чиқарувчи орган кўпчиликнинг ҳафсаласини пир қилди. Танқидчилар фикрича, у ҳамиша сиёсий ва бизнес элита манфаатларини ҳимоя қилган.
Аммо Қирғизистоннинг янги президенти Алмазбек Атамбоев аввало хавфсизлик хизматларини ўз назоратига олгач, парламентга ҳукмини ўтказиш йўлларини топди.
Шунга қарамай, Атамбоев баъзи чекловлар, хусусан, қайта сайланишга тақиқни бекор қилдиртира олмади ва, ноилож, 2017 йилда ваколат муддати тугагани муносабати билан президентликдан кетди.
Мазкур аралаш тизим 2010 йилда ағдарилган ҳукумат аъзоси Садир Жапаровнинг янги сиёсий тўлқинлар дамида иқтидорга келишига тўсқинлик қила олмади.
Одам ўғирлаш айблови билан жазо муддатини ўтаётган Жапаров қамоқдан чиқарилиб, президентликка номзоди қўйилгач, коррупцияга барҳам бериш ва асосий масъулиятни давлат раҳбарига юклаш учун Конституцияни ўзгартириш шартлигини иддао қилди.
Шу тариқа 2021 йилги референдумда қабул қилинган янги конституция дунёга келди. Парламент ўзининг ҳукуматни тасдиқлаш ва истеъфога чиқариш ҳуқуқидан ихтиёрий воз кечгани сабабли танқидчилар уни “хонституция” деб атайдилар.
Янги конституцияда амалдаги президентнинг иккинчи марта сайловда ўз номзодини қўйиш ҳуқуқи ҳам тикланди.
Хос кишилар учун хос имтиёзларми?
Туркманистонда Бердимуҳамедов томонидан олиб борилаётган ҳукумат ислоҳоти – Тожикистонда президент Эмомали Раҳмон фойдаланаётганига ўхшаш янги конституциявий истисноларга олиб келиши мутлақо мумкин.
2016 йилда Тожикистон Конституциясига киритилган ўзгартишлар шарофати билан Раҳмон ортиқ шунчаки президент эмас, балки тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – пешвойи миллатдир.
Ушбу мақом Раҳмон ва қариндошларини умрбод суд таъқибидан сақлайди, боз устига, Раҳмонга ҳатто ҳеч бир расмий лавозимда бўлмаган тақдирида ҳам ҳукумат қарорини қабул қилиш ёки унга вето қўйиш ваколатини беради.
Раҳмоннинг 35 яшар ўғли Рустам Эмомали яқин истиқболда президент курсисига ўтириши кутилмоқда. Бироқ бу конституциявий ислоҳотлар шунчалик муҳимми? Агар собиқ президентлар ўз ўринларига келган одамни назорат қила олмасалар ҳеч бир имтиёздан наф йўқ.
Қозоғистонда январь воқеалари рўй бергунига қадар Нурсултон Назарбоев ҳам миллат раҳнамоси – элбоши эди.
Ёқилғи нархлари ошишига қарши норозилик ўлароқ бошланиб, бутун мамлакатни қамраб олган аксилҳукумат намойишларида 200 дан ортиқ одам нобуд бўлди.
Назарбоевнинг “элбоши” мақоми ва ҳукуматда унинг тарафдорлари кўплиги биринчи президентнинг ўзи 2019 йилда ворис қилиб танлаган Қасим-Жомарт Тоқаев ҳокимиятига кўланка ташлаб турарди.
Бироқ қонли январдан сўнг айнан Тоқаев ҳокимият учун жангда ютиб чиқиб, олий раҳбар бўлиб олди, Назарбоев билан қариндошлари эса чеккага сурилди.
Кейин эса Тоқаев конституцияга ўзгартишлар киритиш бўйича референдум ўтказиб, Асосий қонундан “элбоши” калимасини олдиртириб ташлади, парламент эса ушбу мақом соҳибининг юридик ва сиёсий имтиёзларини тартибга солувчи қонунни бекор қилди.
Қонун ҳимоясидан баҳраманд бўлиб келган Назарбоевнинг ақрабоси учун шу кейинги хабар айниқса ёмон.
Назарбоевнинг ўзи ҳамон давлатга хиёнатдан ўзга ҳар қандай жинояти учун жавобгар бўлмаслик имтиёзига эга.
Бироқ энди уни ўзига қарашли сайт (elbasy.kz)дан бошқа ҳеч қаерда “элбоши” деб улуғлашмайди.