Ялтада ҳамкасбининг туғилган кунини нишонлаган ўзбек муҳожирлари заҳарланди

Ялта ўз оромгоҳлари билан танилган

Қрим яриморолида жойлашган Ялта шаҳрида туғилган кунни нишонлаш чоғида заҳарланган 10 нафар ўзбекистонлик касалхонага ётқизилди. Ялта шаҳар инфекция шифохонасида заҳарланган ўзбек муҳожирлари ҳаёти хавф остида эмаслигини билдиришди.

23 март куни Қрим яриморолининг Ялта шаҳри ҳудудида жойлашган “Зори России” (олдинги номи “Зори Украини”) санаторийсидан шаҳар касалхонасининг юқумли касалликлар бўлимига озиқ-овқатдан заҳарланган 10 нафар меҳнат муҳожири олиб келинди.

Ялта мэрияси матбуот хизмати раҳбари Олег Главатский уларнинг ҳаммаси Ўзбекистон гражданлари эканини тасдиқлади.

У оромгоҳ яқинидаги объектни қуриш билан шуғулланаётган Ўзбекистон фуқаролари туғилган кунни нишонлаш пайтида тез айнийдиган маҳсулотни истеъмол қилганларини тасдиқлаб, Озодликка деди:

- Аввалида улар сони 10 киши экани тўғрисида маълумот бор эди. Ҳозир улар инфекция бўлимида. Қолаверса, бу можарога бизнинг алоқамиз йўқ - улар хусусий санаторий ҳудудида яшаб келишган, улар хусусий ташкилот қурилишида ишлашган. Улар ишчилардан бирининг туғилган кунини нишонлаётганида сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотидан заҳарланишган.

Бу масалага маҳаллий оммавий ахборот воситаларида Ялта ҳокими Алексей Челпанов ҳам изоҳ бериб, заҳарланган ишчилар санаторий ходимлари эмаслигини айтди:

- Бу тизимли характерга эга бўлмаган, мутлақо маиший ҳодисадир. “Зори России” санаторий ҳаражатларини қоплаш мақсадида қишки мавсумга номерларини бошқа қурилиш объектларига жалб қилинган 600 нафар Ўзбекистон гражданларига берилган эди.

Сифатсиз овқатдан заҳарланган ўзбекистонликлар Ялтадаги юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилгани айтилди.

Ялта шаҳар шифохонасида Озодлик сўровига “озиқ-овқат интоксикацияси” ташхиси билан келтирилган ўзбек муҳожирлари аллақачон чиқариб юборилганини билдиришди.

-“Зори России” оромгоҳидан олиб келинган ишчиларми? Улар ҳақиқатан шу ерда эди, аммо ҳозирда чиқариб юборилди, ҳеч ким қолмаган. Бу дегани ҳаётига хавф жиддий эмас. Бизга ўртача оғирликда олиб келинганлар сони ҳам 7-8 киши эди, - деди ишчилар оромгоҳга қайтиб кетганини айтган касалхона навбатчи врачи.

Озодлик ҳозирда ўзбек ишчилари заҳарланган санаторийда эпидемиологик назорат органлари текшируви олиб борилаётганини аниқлади.

Қрим Россия томонидан аннексия қилиб олинганидан кейин 10 гектар майдонда жойлашган “Зори России” оромгоҳи Россия Президенти ишлари бошқармаси балансига ўтказилган. Яқин орада Россия Бош прокурори ўғли Игорь Чайка оромгоҳни сотиб олишга қизиқиш билдираётгани хабари чиққанди.

2014 йилда Қримнинг Россия қўшиб олиниши ортидан ўлкада 480 йирик ташкилот ва корхона Россия давлати ҳисобига ўтказилган.

2014 йил 20 февралдаги Россия ҳаракатларини “аннексия” деб атаётган Украина бу масалада халқаро судларга арз қилган ва тортиб олинган мулклари эвазига товон талаб қилиб келмоқда.