Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани Мажбурий ижро бюросининг инспекторларидан бири бюро бошлиғи, подполковник Соҳибжон Ҳамидовнинг ўз ходимларини уятли сўзлар билан ҳақоратлаётгани ва ураётгани иддао қилинган икки аудиофайл ва бир видеони Озодликка жўнатди.
Бу аудиофайлларда бюро бошлиғининг овози деб иддао қилинган шахс, аҳолидан кам пул ундириб келгани учун ўз ходимларини шахсини таҳқирлаб, сўкади.
Озодлик суҳбатлашган бир неча МИБ ходими, бошлиқнинг ходимларни таҳқирлашига бошқа чидай олиш мумкин эмаслиги ва шу сабаб бошқа жойдан иш излаётганини айтди.
Тўрақўрғон МИБ бошлиғи Соҳибжон Ҳамидов Озодлик билан суҳбатлашишдан бош тортди.
Тўрақўрғон тумани МИБ ходимларидан бири 7 август куни Озодликка иккита аудио ва битта видеофайл жўнатди.
"Қанча аҳолини жазоладинг, нега тўлатмадинг?!"
Ауидиофайлнинг биринчисида, туман МИБ бошлиғи Соҳибжон Ҳамидов деб иддао қилинаётган шахс, ходимларидан бирини аҳолидан электр энергияси учун кам пул ундириб келгани учун ҳақорат қилади:
“Нимага бир миллион туширасан, қ...қ! Нима бир миллион туширасан? Эй, қ...қ, нимага бир миллион туширасан? Эй, бору, миллионинггаям қ...м! Нимага ундирмаяпсан, нимага ишламаяпсан, нимага маъмурий қилмадинг, нимага пломба қўймадинг, нимага судга ундирмадинг,(шу ерда бошлиқнинг важоҳати кучаяди ва овозининг борича бақира бошлайди -таҳр.) нимага газга ундирмадинг,нимага нореалликни аниқлаб келмадинг,нечта акт қилдинг, пломба нечта қилдинг, нечта маъмурий қилдинг, нимага тўламатмадинг... тўлатмадиииинг, нимагаааа?”, дея қичқиради бошлиқ Соҳибжон Ҳамидов деб иддао қилинаётган шахс.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Озодликка юборилган иккинчи аудиофайлда, МИБ бошлиғи Соҳибжон Ҳамидов деб иддао қилинаётган шахснинг ҳақоратлари билан бирга ходимларни ураётганлиги овози ҳам эшитилади:
“С...ман, қ...мга икки миллион дедингми, уч кундан бери мени икки миллион дейсан, г...н! А? Нархинг ҳам икки миллион бўп қопти-а? Нима мени хусусий боғимда ишлаяпсанми? А? Дўконми бу ер, сартарошхонами? Ҳи, қ...мга кам пул туширдингми, а..га с..й!”, деганидан сўнг дўп-дўп этган овозлар эшитилади.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Тўрақўрғон МИБнинг Озодлик суҳбатлашган, исми сир қолишини сўраган ходимининг айтишича, бу дўп-дўп этган овозлар бюро бошлиғининг ўз ходимларини калтаклаётгани садосидир:
“Бу одам бизга бошлиқ бўлганига бир йил бўлди. Ўшандан буён ҳақорат тинмайди. Аҳолидан кам пул ундирган инспекторларни қатор қилиб қўйиб, бир чеккадан оғзига келган ҳаром сўз билан ҳақорат қилади, битта-битта турган жойда гоҳ шаполақлаб, гоҳ муштлаб уради. Бир эътироз билдирсанг, ишдан ҳайдаш билан таҳдид қилади”, дейди МИБ ходими.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
"Қарзи бўлмаса ишлатмаган электрига олдиндан пул ундириб ол!"
Унинг айтишича, инспекторларга бажариш иложи бўлмаган режа қўйилган:
“Масалан, айтайлик, менга биркитилган маҳаллага 30 миллион сўм режа қўйилган. Айтайлик, маҳалладаги одамларнинг жами 5-6 миллион сўм электрдан қарзи бор. Лекин фақат, шуни ундириш эмас, балки ҳали ишлатилмаган электр энергия учун ҳам тушум қилишим керак. Яъни, бир ойда 75 миллион сўм ундиришим керак аҳолидан. Бу иложсиз, нарса! Бошлиқ эса ана шуни топиб келсан, деб ҳар куни ишдан кейин ҳақорат қилгани қилган”, дейди МИБ ходими.
Исми сир қолишини сўраган бошқа инспекторнинг айтишича, МИБ ходимларининг бир қисми ишдан кетиш ҳақида ариза ёзяпти:
“Шу бугуннинг ўзида икки киши бошқа иш топиб суҳбатдан ўтяпти. Бу бошлиқ ҳаммани жон-жонидан ўтказиб юборди. Тўрақўрғон туманининг электрдан қарзи, бошқа туманларга нисбатан анча паст, 700 миллион сўм. Лекин ҳар ой, 1,5-2 миллиард сўм режа беради. Биз ҳам одамларни ноҳақ қийнаб, виждонимиз азоб чекяпти. Масалан 100 минг сўм қарзи бўлса, 150 минг берасан, деб туриб оламиз. Президентимиз чиқаршҳган фармонлари бўйича дебитор қарздорликнинг камида 80 фоизи ундирилсин дейилган. Лекин булар берган режани 100 офиз ундир, деяпти. Булар эса осмондан олиб икки бараварлик режа қўйишяпти. Президент Ахир МИБ халқни қийнаш учун ташкил қилинмаганку”, дейди инспектор.
"Бой ва амалдорлардан қарз ундиришга тишимиз ўтмайди"
Унинг айтишича, ҳокимият идораларида ишлайдиган амалдорлар ва мулозимларнинг қарзлари ўнлаб миллион сўмни ташкил қилади, лекин уларни ундириш учун борсангиз, дарров у ердан кетиш ҳақида қўнғироқ бўлади:
“Масалан, катта қарзлари бор хонадонларга борамиз. Қарзни тўлашни талаб қилиб турганимизда бизга бошлиқлардан телефон бўлади, у ердан тезда чиқиб кетинглар, деган. Уларга биз, инспекторларнинг тиши ўтмайди. Оддий халқдан эса ундириб олишга мажбурмиз, бўлмаса кечқурун ўзимиз сўкиш эшитамиз, шапалоқ еймиз. Шунинг учун, бу иш мени жонимга тегди. Ота-онамга айтдим, ойлиги катта бўлса ҳам бу ерда бошқа ишлолмайман, дедим. Дадам, хўп, бошқа иш қидир, деди”, дейди МИБ ходими.
Бошлиқ Озодлик билан бу хусусда гаплашишни истамади
Озодлик Тўрақўрғон тумани МИБ бошлиғи Соҳибжон Ҳамидов билан боғланиб, ходимларнинг иддаоларига муносабат сўради.
Соҳибжон Ҳамидов мухбир Озодлик радиосидан қўнғироқ қилаётганини эшитганидан сўнг, дарҳол алоқани узди.
Наманган вилояти МИБсининг ўзини таништирмаган мулозими, телефон орқали ҳеч қандай маълумот берилмаслигини, матбуот хизмати раҳбари Акмалжон Мавлоновга мурожаат қилишимиз зарурлигини айтди.
Матбуот хизмати раҳбарининг телефони эса кун бўйи жавоб бермади.
Озодлик жорий йилнинг 11 июнь куни Наманган вилояти Уйчи тумани МИБ бошлиғи Шерали Мамаризаевнинг қўл остидаги ходимларини “к...т, хезалак, блядь, тварь, ҳароми” каби сўзлар билан ҳақорат қилиб, шахсини таҳқирлагани ҳақида хабар берган эди.
Озодлик мақоласидан сўнг икки ҳафта ўтиб, Шерали Мамаризаев ўз вазифасидан бўшатилган эди.