Сурхондарё вилоят, Қизириқ туман “Сувоқова” ташкилоти водопровод қувури бормаган, ичимлик сувни 3 - 5 километр масофадан ташиб ичган маҳаллий аҳолига 500 000 сўмдан 1 000 000 сўмгача тўлов солди. Туман Мажбурий ижро бюроси, одамларнинг эътирозига қарамасдан, бу тўловни ундиришга киришди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Қизириқ тумани марказидан тахминан 4 километр узоқликда жойлашган Истиқлол маҳалласининг исми сир қолишини сўраган пенсионерларидан бирининг Озодликка айтишича, у Мажбурий ижро бюросидан 500 минг сўм қарзни тўлаши шартлиги ҳақида муҳрсиз хат олган:
“Бизнинг маҳалла водопровод деганини ҳаётида кўрмаган. Битта ҳам точка йўқ, бир метр ҳам труба келмаган. Бўлмаса халқ қаердан сув ичяпти, дерсиз? Айтаман. Катта Қизириқ йўлининг Жарқўрғон томон кетаётган томонида ердан чиқиб турган битта труба бор. Бу Термиз томонга кетадиган катта трубани беш-олти метр жойи ердан кўтарилиб қўйилган, яъни тагидан зовур ўтган. Ана шу жойда трубанинг тешиги бор, сув шариллаб оқиб ётибди. Биз ўша ердан ташиб сув ичамиз. Атрофдаги Тинчлик, Зарбдор маҳалласи ҳам шу ердан сув олади. Халқ олса-олмаса у сув бекор зовурга оқиб ётибди. Энди, сизлар ана шу сувдан ичгансиз деб, менга 500 минг сўм қарз ёзибди”, дейди отахон.
Унинг айтишича, марказий қувурдаги бу сувнинг Қизириқ тумани “Сувоқова” ташкилотига умуман алоқаси йўқ, лекин аҳолига бир миллион сўмгача қарз ёзилган.
Исми сир қолишини сўраган яна бир қизириқлик ўқитувчининг айтишича, у Мажбурий ижро бюросига арз қилиб борган, лекин бюро ходими қарзни тўлаши шарт эканлигини айтган:
“Мажбурий ижрога борсам, бизга “Сувоқова” шу рўйхатни берган, тўламасдан иложингиз йўқ, бизни бошқаси қизиқтирмайди, деди. Кейин “Сувоқова”га бордим. Ходим "биз жон бошига 2700 сўмдан нархлаяпмиз, ўн йиллик қарзларинг бор", деяпти. Мен "қани шартнома, қани бизда водопровод қаерда бор", десам, "ана у тешик трубадан ташиб ичгансизлар", деяпти. "Балки мен каналнинг сувидан ичгандирман, балки мен бошқа жойдан олиб келиб ичгандирман, сиз қаердан биласиз", десам, елка қисади. Одамлар Шеробод чегарасидан ташиб ичади, Катта қумдан ташиб ичади. Сув етказиб бер, кейин пул талаб қил, дейдиган одам йўқ. Булар маҳалладан аҳоли рўйхатини олиб, кўр-кўрона жон бошига бўлиб ташлаган”, дейди қизириқлик ўқитувчи.
Қизириқ тумани Мажбурий ижро бюросининг ходими Озодлик билан суҳбатда, улар берилган рўйхат бўйича қонун доирасида иш қилаётганини айтди:
“Бизга қарздорлар рўйхатини “Сувоқова” берган. Биз ундиришимиз шарт. Агар норозилар бўлса, бу маммони “Сувоқова” билан ҳал қилсин”, деди бюро ходими.
Озодлик Қизириқ тумани “Сувоқова” ташкилоти бошлиғи Шуҳрат Шодмонов билан боғланганда, у мажлисда эканлигини айтиб кейинроқ қўнғироқ қилишимизни сўради. Аммо, кейин бошлиқнинг телефони ўчирилгани боис, у билан боғланишнинг имкони бўлмади.
Мажбурий ижро бюроси аҳолининг газ, электр энергияси ва коммунал тўловлардан, фермерларнинг давлатдан қарзини ундириш мақсадида Бош прокуратура қошида, Президент Мирзиёевнинг 2017 йил 19 майдаги фармони асосида ташкил қилинган эди.
Қарздорлик келиб чиқиш сабабларини ўрганмайдиган бу ташкилот, агар аҳоли ёки фермернинг қарзини тўлаш имкони бўлмаса, эътиборни унинг хусусий мулкини тортиб олишга қаратади.
Жумладан, ўтган йилнинг 1 декабрида Сурхандарё вилояти Музработ тумани Мажбурий Ижро Бюроси (МИБ) ва милиция ходимлари туманнинг Ат-Термизий маҳалласида яшовчи фермер Иброҳим Холназаровнинг бир неча қоп гуручини тортиб олишга уринган эди.