Россияда болалар, насл-насаби ва миллатидан қатъи назар, мактабда таълим олиш ҳуқуқи Конституция ва “Таълим тўғрисида”ги қонун билан кафолатланган. Бироқ амалда баъзан мигрантлар ёки қочқинларнинг фарзандларини, масалан, уларнинг рўйхатдан ўтмагани ёки тил билмаслигини важ қилиб мактабга қабул қилмасликлари мумкин.
Қуйидаги мақолада Россия шаҳарларида ишлаётган ота-оналар ўз болаларини мактабга жойлаштиришда дуч келаётган муаммолар ва таълим бюрократиясини енгишда уларга ким ва қандай ёрдам бериши тўғрисида гап боради.
Мақола оригинали “Настояшчее время” сайтида эълон қилинган.
Жазгул Москвага ишлагани олти йил муқаддам эри билан бирга келган эди. У асли Қирғизистон жанубидан. Аксари меҳнат мигрантлари каби, ёш ота-она дастлабки кезлар болаларини бобо-бувиларига қолдириб келган эди, Россияда иш ва бошпана топгандан сўнг уларни олиб келишди.
“Касбим – тиббиёт ҳамшираси, лекин Москвада дуч келган ишни қилдим: ҳамшира ҳам бўлдим, фаррош ва сотувчи бўлиб ҳам ишладим, – деб ҳикоя қилади Жазгул. – Турмуш ўртоғим қурилишда ишларди, ҳозир такси ҳайдайди. Тўрт боламиз бор. Тўнғич қизим 19 ёшда, биз уни 7 яшарлигида асраб олганмиз. Ўшанда ўзимиз 20 ёшда эдик – эрим иккимиз тенгқурмиз. Кейин фарзандларимиз туғилди: ўғлим 11, қизалоқлар 9 ва 6 ёшларда. Ҳозир бешинчи фарзандимизга ҳомиладорман”.
Мавзуга алоқадор Россия Қурилиш вазирлиги Ўзбекистондан мигрантларни поездларда олиб келмоқчиОила болаларни Москвага 2019 йил июнда кўчириб келган. Катта қизлари ўз юртларида тўққизинчи синфни тугатган, кейинги бир ўғил билан бир қизни уч ой ичида мактабга жойлаштириш керак эди.
“Жуда қийин бўлди, ҳамма иш онлайн, давлат хизматлари портали орқали бажарилди, ҳолбуки бизнинг компьютеримиз йўқ эди. Бир ярим ойча ҳалак бўлдик, лекин болаларимизни қабул қилишди”, дейди Жазгул.
Болаларни рус тилини яхши билмасалар ҳам қабул қилишибди.
“Омадимиз бор экан. Эрим жуда киришимли одам, шу атрофда мигрантларга кўмаклашадиган ва чет элликларнинг болалари учун рус тили курсларини очган бир киши билан танишибди. Фарзандларимиз икки йилдан бери ўша ерга қатнайди, катта қизим эса инглиз тилини ўрганяпти. Ўша одам ёрдам бермаганида, билмадим, нима қила олардик”, дейди она.
Жазгул айтишича, ўғлини дастлаб ёшига нисбатан қуйи синфга олмоқчи бўлишибди. Аммо унинг иши осон кўчган: бегона тилга тез “киришиб кетибди”, ҳозир ўқиши дуруст ва тўртинчи синфга ўтган. Синглиси эса пича қийналяпти. Май ойида қизалоқ рус тилидан “икки” олгач, ёз бўйи тил курсига қатнаган. Яқинда имтиҳон топширади – учинчи синфга кўчиши имтиҳон натижасига боғлиқ. Мактаб Жазгулнинг учинчи фарзандини қабул қиладими, йўқми – ҳанузгача номаълум. Қизалоқ келаси ойда еттини тўлдиради, аммо мактаб маъмурияти жой йўқлигини айтиб, ота-онани огоҳлантирган эмиш. Шу билан бирга, улар ака ва опалари шу ерда таълим олишаётгани учун қизалоқни ҳам қабул қилишлари кераклигини тан олишган.
“Мактабнинг вазифаси – ўқитиш, ҳужжат текшириш эмас”
Мигрант ва қочқинларнинг болаларини мактабга жойлаштиришда ёрдамлашувчи ташкилотлардан бири – “Фуқаровий кўмак” қўмитаси Россия ҳукумати томонидан “хорижий агент” деб топилган. 2020 йилнинг ўзида 122 нафар бола қўмита шарофати билан мактабларга олинди. Ҳар янги ўқув йилида “Фуқаровий кўмак” болаларнинг таълим олиш ҳуқуқи бузилишига доир 50 дан ортиқ янги ҳолатни ўрганади. Ўнлаб болалар қўмита кўнгиллилари билан бирга рус тили ва бошқа фанларни ўзлаштирмоқда.
Қўмитанинг “Таълимга йўл” номли лойиҳаси адвокати Мария Красовага кўра, энг кўп ҳолларда болалар мактабга қабул қилинмаслигига уларнинг рўйхатдан ўтмагани важ қилиб кўрсатилади.
Россиядан рўйхатдан ўтиш келган жойи бўйича (вақтинча рўйхатдан ўтиш ёки, бюрократия тилида, “3-шакл”) ёхуд яшаш жойи бўйича (“прописка” ёки “8-шакл”) расмийлаштирилади. Бола бориши мумкин (ва уни қабул қилишлари шарт) бўлган мактаблар манзиллари рўйхатдан ўтиш манзили билан боғлиқ. Бироқ кўплаб мигрантлар ва уларнинг оилалари рўйхатдан ўтмайди, балки иш жойи бўйича миграция ҳисобида туришади холос. Бу Россия қонунчилигига хилоф эмас, аммо рўйхатдан ўтмаган болалар тизимда “осилиб қолаётгани” жуда ачинарли.
“2020 йилда Москва давлат хизматлари портали фақат 3-шакл ва 8-шакл билан ҳужжатларни қабул қилган бўлса-да, айрим мактаблар нафақат миграция ҳисобида турадиган мигрантларнинг, балки турли сабабларга кўра Москвада рўйхатдан ўтмаган Россия фуқароларининг болаларини ҳам ўқишга олмаган. Эшитишимизча, портални ИИВ базасига улашмоқчи эмиш, шундай қилинса, мактаблар миграция ҳисобидагиларни “кўриб туради”, бироқ барибир болани қабул қилишни рад этишлари мумкин”, дейди юрист.
Мария Красовага кўра, “Фуқаровий кўмак” мактабда таълим олиш ҳуқуқи масалаларига оид кўплаб суд ишларида ютиб чиқади, бунақа даъволар сони йилига бир неча ўнтани ташкил этади. Аммо у ёғига иш тўхтаб қолмоқда: бирорта ҳолатда ҳам мактаб ёки боғча суд қарорини ижро қилаётгани йўқ.
“Айрим судлар бир неча йилга чўзилади, бола фойдасига қарор чиқарилади, лекин уни мактабга олишмайди. Таълим департаменти юристлари судьянинг қарори барибир ижро этилмаслигини суд мажлисида рўй-рост айтишади”, дейди Красова.
Рўйхатдан ўтиш мактаблар учун бунчалик муҳимлиги ҳақидаги саволга жавобан, юрист шундай тушунтириш беради: мактаблар маъмурияти болани исталган ҳужжатлар тўплами билан қабул қилиши мумкин, аммо 3-шакл ёки 8-шакл бўлмаса, таълим департаменти унинг учун маблағ ўтказиб бермайди.
Красова қонунда назарда тутилмаган ушбу бюрократик лабиринтлар қандай пайдо бўлганини англашга уринади:
“Москва таълим департаменти юристлари миграция ҳисобида турадиган болалар рўйхатдан ўтган болалар билан бир хилда молияланади, деб неча марта ишонтирган. Аммо бирор мактаб директори бола манфаати учун Департамент билан зиддиятга борган бирор ҳолатни эслолмайман: директорларнинг меҳнат дафтарчалари Департаментда сақланади, бинобарин, мактаблар маъмурияти шаккокликка журъат қила олмайди. Директорлар Департаментнинг ҳужжатлар рўйхатига оид шартли буйруғини рўкач қиладилар. Ўша буйруқни кўрганман – А4 бичимли бир варақ қоғоз, на манзил бор, на имзо ва на муҳр. Бу ҳужжатни ёзган одам миграция қонунчилигини етарлича билмайди. Биз ва ҳамкасбларимиз мактабнинг вазифаси – ўқитиш, ҳужжат текшириш эмас, деган фикрга таянамиз. Бунинг учун шу иш билан шуғулланувчи бошқа идоралар бор”.
“Ўша Ўзбекистонингизга бориб ўқитаверинг”
Бироқ ҳатто таълим департаментига бўйсунишгани билан болани мактабга қабул қилиш ёки қилмасликка айнан директорлар қарор беради. Мария Красовага кўра, мактаблар раҳбариятини шартли уч тоифага ажратиш мумкин.
“Биринчиси – ажойиб маъмуриятлар. Биз уларга вазиятни тушунтирамиз, баъзан етишмаётган ҳужжатларни келтиришга кафолат берамиз ва мактаб болани қабул қилади. Гап шундаки, кўп ҳолларда ҳужжатларни расмийлаштириш анчагина вақтни олади”.
Мавзуга алоқадор Путин мигрант болаларда миллий тотувлик ва рус қадриятларига таҳдидни кўрди (ВИДЕО)“Шундай мактаблар борки, барча ҳужжатларни топширсак-да, директорлар бошқа сабабни рўкач қилиб, талабимизни рад этади, масалан, боланинг тилни яхши билмаслигини. Ва буни тушуниш мумкин. Россия мактабларида ўқитувчилар меҳнатига болаларнинг ўзлаштириши ва мактаб рейтингига қараб ҳақ тўланади. Бундай ҳолларда болага кўнгиллиларимиз орқали рус тилини ўргатишга ишонтириб, директорларни бир амаллаб кўндирамиз”, дейди Красова.
Булар, юрист таъбирича, “энг одамшаванда директорлар”. Аммо сира гап уқтириб бўлмайдиган учинчи тоифа ҳам бор. Бунақа директорлар ҳеч бир мантиқсиз, асосли сабабсиз рад жавоби бериши мумкин. Красова ўзбекистонлик бир бола билан боғлиқ воқеани мисол қилиб келтиради: у ўз ватанида русийзабон мактабда ўқиган, табиий фанлар бўйича олимпиадалар ғолиби, оиласида русча гаплашишади, ҳамма ҳужжатлари жойида.
“Аммо мактаб директори барибир уни қабул қилмаган: Ўзбекистонингизга қайтиб, ўша ерда ўқитаверинг, деб айтган. Менда ўша суҳбат аудиоёзуви бор, жуда қўпол ва беадаб одам экан. Болани мактабга олишмади, суд 2018 йилдан бери давом этяпти. Бу орада у юртига қайтиб кетди, мактабни битирди ва Россиянинг энг обрўли университетларидан бирига юқори натижа билан ўқишга кирди. Анов мактаб эса бола орқали ўз рейтингини кўтариш ўрнига ундан қутулишни афзал кўрди”.
“Кўчманчи болалар”: Ферузанинг ҳикояси
Агар бола рус тилини яхши билмаса ёки мутлақо билмаса, Россия мактаблари унга ўз эшикларини очиши амри маҳол. Ўзбекистон фуқароси Феруза болалари мисолида бунга ўзи шахсан ишонч ҳосил қилган. Феруза 2013 йили эри билан ажрашиб, уч бола билан ёлғиз қолганидан сўнг Россияга ишга келган. Ҳозирда унинг катта ўғли 17, қизи 16 ва кенжа ўғли 14 ёшда.
“Кўп жойларда ишладим, ҳозир коммунал хўжалик корхонасидаман. Болаларим ота-онам билан қолган эди, 2017 йилда олиб келдим. Аммо мактабга жойлаштира олмадим: рус тилини билмаганликлари учун. Бир йил репетиторга қўйдим, ҳар бир болам учун ойига 4500 рубль тўладим. Жуда қийин бўлди”, деб эслайди Феруза.
2018 йилда аёл фарзандларини яна мактабга етаклаб борди, аммо тил билиш даражаси ҳануз паст бўлгани боис уларни яна қабул қилишмади. Тўнғич ўғил юртига вайтиб кетди. 2019 йилда Феруза танишларидан Москвадаги хусусий лицей директори асос солган “Кўчманчи болалар” лойиҳаси курслари ҳақида эшитди. Аёл 2019 йил сентябрда икки боласини шу курсларга ёздирди, бир йилдан сўнг – 2020 йил кузида улар ниҳоят мактабга қатнай бошладилар.
“Кўчманчи болалар” лойиҳаси йўналиш раҳбари Сардор Омоновга кўра, бир йил курсга қатнаганларидан сўнг Ферузанинг болаларини ниҳоят мактабга олишган: “Бир неча йил мактабда ўқимаганлари учун уларни ёшига нисбатан қуйироқ синфларга қабул қилишди. Лекин бу барибир мувафақиятли иш”, дейди у.
Болаларнинг кўмакчилари
Рус тилини билмаслик ва ўқув дастуридан қолиб кетиш кўп ҳолларда болаларнинг мактабга қабул қилинишига тўсиқ бўлади. Марказий Осиё мамлакатлари Россиянинг мактаб дастурлари ҳар хил, баъзида мигрантларнинг фарзандлари кичик ука-сингилларига қарашга мажбур бўлиб бир неча йиллаб мактабдан қолиб кетади. Ниҳоят, мактабга борганларида эса уларни ёшларига нисбатан қуйи синфларга бириктиришлари мумкин.
Шуниси ҳам борки, Россияда мигрантларнинг болалари давлат тарафидан қўллаб-қувватланмайди – барча ёрдамчи ташаббуслар мустақил фондлар ва куюнчак фуқаролардан чиқмоқда. “Кўчманчи болалар” лойиҳасини хусусий лицей базасида ушбу лицей директори Рустам Қурбатов ташкил қилган. 2016 йилда бу ерда мигрантларга рус тилини ўргатиш бошланди, айни чоғда уларнинг болалари учун Россия мактабларига мослашиш дастури ишлаб чиқилиб, курслар фаолияти йўлга қўйилди.
Қурбатов изланишда давом этиб, таълим даражаси Россия бўйича ўртача даражадан фарқ қилувчи болани Россия мактабларига тўлиқ интеграция қилиш учун бир йил кифоя қилишини исботлади. 2017/18 ўқув йилида унинг лицейида мигрантлар оилаларининг 15 нафар ўсмир болаларидан синф тузилиб, уларга бепул ўқиш имконияти берилди. Ўқувчилардан 3 нафари кейинчалик оилавий шароитига кўра ватанларига қайтиб кетишди, қолганлар тажриба синфини тамомлашди. Йил давомида ва кейинги ўқув йилида уларнинг барчаси лицейнинг оддий синфларига ва Москвадаги бошқа мактабларга ўтказилди.
“Давлат меҳнат мигрантларидан манфаатдор, уларни Россияга ишга таклиф қиляпти, аммо у ёғига ҳеч нима қилаётгани йўқ. Гўё бу “ишчи қўллар”нинг болалари бўлиши мумкин эмасдек. Москванинг ўзида беш мингдан ўн минг нафаргача бола – аксари тожик ва ўзбек болалари – уйда ўтиришибди. Бу жуда ачинарли. Қизлар оиласида энагалик қилади, ўғил болалар эса 13-14 ёшидан дадалари ёнида ишлашни бошлайди. Бу нотўғри, деб ўйлайман. Россия ҳар ҳолда камбағал давлат эмас, уларнинг таълимига маблағ ажратишимиз лозим. Ахир бу болалар ўқишни, рус тилини ўрганишни хоҳлайди”, деган эди Қурбатов 2021 йил 30 июль куни “Дождь” телканалига берган интервьюсида.
Мақоламиз аввалида тилга олинган Жазгулнинг фарзандлари ҳам рус тили курсларига қатнайди. Бу курсларни руҳоний, “Уйим бир қадам” хайрия фонди асосчиси Дионисий Гришков очган. Дионисий ота ўзбек маданияти мухлиси бўлиб, ўзбек тилини ўрганмоқда.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Унинг рус тили курсларида болаларни мактабга тайёрлашади ва мактаб дастуридан орқада қолганларга ёрдам беришади.
Рус тили машғулотлари “Фуқаровий кўмак”да ҳам ўтилади. Бундан ташқари, қўмита эксперти Мария Красова боғча ёшидаги болаларнинг ота-оналарига ўз фарзандларини оддий туман мактаблари қошида очилган тайёрлов курсларига ёздиришни маслаҳат беради. “У ерда болалар партада ўтиришга одатланадилар, бўлажак синфдошлари билан танишадилар, шароитга мослашадилар ва рус тилини ўрганадилар”, дейди Мария.
“Бу мигрантлардан кўра русларга кўпроқ керак”
Рустам Қурбатов мигрантлар болаларининг мактабда ўқишини таъминлашга Россия ҳукуматининг қурби етади, деб ишонади: бунинг учун ўнлаб шунақа болалар мавжуд ҳар бир мактабда рус тили бўйича қўшимча дарс соатлари киритилиши керак. Москва вилоятининг Красногорск туманида таълим департаменти аллақачон саккиз мактабда шунақа факультативлар ташкил қилишга улгурди.
“Энг асосийси, бу ксенофобия билан курашда ёрдам беради. Болалар тилни ўргангач секин-аста жамиятга қўшилиб кетадилар. Ва бу мигрантлардан ҳам кўра русларга кўпроқ керак, акс ҳолда ксенофобия отли бу вирус ковиддан-да хатарли чиқиб қолди”, деб урғулайди Қурбатов.
Янги ўқув йилида “Кўчманчи болалар” кенгайишда давом этади: Москванинг беш кутубхонасида русчани билмайдиган ва ҳужжатлари йўқ 13-16 яшар ўсмир болалар учун синфлар очилмоқда. Сардор Омоновга кўра, бошқа фанларни осонроқ ўзлаштиришлари учун Янги йилгача болаларга рус тили ўргатилади, шундан сўнг дастурга асосий фанлар – инглиз тили ва математика киритилади. Лойиҳа юзга яқин болани қамраб олиши кутилмоқда. Бу имкониятдан нафақат мактабга тайёрланишда ёрдамга муҳтож болалар, балки рус тилини ўзлаштиришда қийналаётган ўқувчилар ҳам фойдаланиши мумкин.
Лойиҳа ҳужжатларни тўплашда ва ариза беришда ота-оналарга ҳам кўмаклашади.
“Мактаблар маъмурияти рус тили ва қонун-қоидаларни яхши билмайдиган ота-оналарнинг илтимосларини оппа-осон рад этиши мумкин. Аммо рус тилида яхши гапирадиган, нима учун борганини ва мақсадига қандай эришишни биладиган одам борса, директорлар баҳона тўқий олмайди. Болалар эса тез мослашмоқда. Одатда улар билан муаммо бўлмайди”, дейди Красова.
Мигрантларнинг мактабларга “ёпирилиши”: болалар ва давлат
2021 йил март ойида мигрантларнинг болаларига таълим бериш масаласи Кремлдаги йиғилишда президент Владимир Путин иштирокида муҳокама қилинган эди.
Ўшанда маориф вазири Сергей Кравцов мигрантлар фарзандларининг таълимга индивидуал эҳтиёжларини баҳолашнинг комплекс тизими ишлаб чиқилаётганини ва у бола рус тилини қай даражада билишини ва унга қандай ёрдам зарурлигини аниқлашга имкон беришини айтган.
“Тизимни келаси ўқув йили бошларидан синов тариқасида ишлатиб кўрамиз”, дея ишонтирганди мулозим.
Путинни эса, ўз навбатида, мактаблардаги мигрантлар болалари сони ташвишга солган: “Айрим Европа мамлакатларида, Қўшма Штатларда ҳам, мактабда мигрантлар болалари сони муайян фоиздан ошиб кетса, маҳаллий аҳоли ўз фарзандларини бу мактабдан чиқариб олади. Сабабларига тўхталиб ўтирмайман, ўйлайманки, улар барчага тушунарли бўлса керак. Шу тариқа фақат мигрантларнинг болалари ўқийдиган мактаблар пайдо бўляпти ва бу катта муаммодир”, деган эди Россия президенти.
“Биз бу амалиётни доимо назарда тутиб, Россияда бунақа ҳолат юзага келишига асло йўл қўймаслигимиз лозим. Маориф вазирлиги буни эътиборга олсин. Менда ҳозир тайёр рецептлар йўқ. Бироқ бизнинг мактабларимизда мигрантлар болалари сони уларни рус тили муҳитига юзаки эмас, балки чуқур мослаштириш имконини берадиган даражада бўлиши кераклиги очиқ-ойдин кўриниб турибди. Нафақат тил муҳитига – маданий муҳитга ҳам, токи улар Россия қадриятлари тизимига чуқур кириб боришсин”, дея фикрини якунлаган Путин.
Маориф вазирлигига кўра, Россия мактабларида 140 минг нафар мигрантлар болалари таълим олмоқда. Аммо Федерациялар кенгашининг фан, таълим ва маданият қўмитаси раиси Лилия Гумерова бу борада аниқ рақамлар йўқлигини айтиб, “мигрантлар болаларини ҳисоблашнинг ягона тизими”ни яратишни таклиф қилган.
Бир ҳафтадан сўнг бошқа йиғилишда президент администрацияси раҳбари ўринбосари Магомедсалом Магомедов Россияда қарийб 800 минг нафар мигрант болалари борлигини, аммо шундан атиги 140 минг нафари (17.5 фоизи) Россия мактаб таълими тизимига киритилганини маълум қилди. 2019 йил сентябридаги маълумотга кўра, Россия мактабларида 16.5 млн нафар бола ўқийди. Бинобарин, мигрантлар фарзандларининг жами ўқувчилар сонидаги улуши 0.85 фоизни ташкил этади. Ҳолбуки, агар уларнинг барчаси мактабда ўқий олганида бу рақам 4.85 фоиз бўлиши мумкин эди.
“Ҳа, Владимир Путин мигрантлар болаларини адаптация қилиш ҳақида гапирган ўша йиғилишни биз ҳам кўрдик. Лекин амалда ҳозирча бирор ўзгариш йўқ”, дейди Красова.
У бошқа тилда сўзлашувчи болаларни адаптация қилиш бўйича давлат дастури жуда зарурлигини тасдиқлайди: “Йиллар бўйи судлашиб, мактабларни ютиб чиққунимизча болаларнинг ёши ўтиб кетяпти. Бир пайтлар 10 ёшли бир болани мактабга жойлаштириш масаласида даъво қўзғатган эдик, яқинда суд уни мактабга қабул қилиш ҳақида қарор чиқарди. Аммо директор ҳайрон: ўша пайтда у учинчи синфга бориши керак эди, беш йил ўқимади, энди 15 яшар ўсмирни учинчи синфга қандай олади? Яхши тил дастури бўлганида уни юқори синфга қабул қилиб, параллел равишда рус тилини пухта ўргатиш мумкин бўларди”.
Сардор Омонов ҳам лоақал йирик шаҳарларда мигрантларнинг фарзандларига кўмаклашувчи институтлашган тизим зарурлигини айтади. Қочқинлар ва мигрантлар сони биздаги билан қарийб бир хил бўлган мамлакатлар, хусусан, Германия ва Францияда мактабларда мигрантлар болалари учун махсус синфлар мавжуд. Бу тизим шундай пухта ташкил қилинганки, болалар бир йилда‑ёқ давлат тилини яхши ўзлаштириб олади ва у ёғига оддий синфларда ўқишни давом эттиришади. Бизда эса бу борада ҳануз ечимсиз қолаётган қонунчилик билан боғлиқ кўп муаммолар бор”.