23 март куни Ўзбекистон Халқ ҳаракати раиси¸ мамлакат мустақиллиги учун курашиб¸ сўнгра¸ мустақил Ўзбекистон ҳукумати тазйиқи остида ватандан чиқиб кетишга мажбур бўлган Муҳаммад Солиҳ Шавкат Мирзиëвни қўлловчи илк видеобаëнот билан чиқди.
Узоқ йиллар Тошкент ҳукумати томонидан “муросасиз мухолифатчи” сифатида тақдим этиб келинган Муҳаммад Солиҳ¸ Озодлик билан суҳбатда бундай умидвор баëнотга ундаган сабаблар ҳақида гапирди.
- Шавкат Мирзиëевнинг конституцияга хилоф тарзда президентлик ваколатини қўлига олганини танқид қилган эдим ва ҳозир ҳам бу ишнинг тўғри бўлмаганини айтаман. Лекин унинг президент сифатида қилаëтган ишлари¸ хусусан¸ йиллар давомида унутилган халқ олдига чиқиб¸ унинг дардига қулоқ сола бошлагани Мирзиëевнинг нияти яхши ва самимий эканига нисбатан¸ менда ҳам умид уйғотди. Бугун халқ Мирзиëевдан жиддий ўзгаришлар кутаëтган экан¸ шу халқнинг бир бўлаги сифатида¸ улар орасида мен ҳам борман¸ деди жумладан Муҳаммад Солиҳ.
Айни пайтда¸ мухолифатнинг таниқли намояндаси Шавкат Мирзиëевни¸ халқ ишонч ва таянчига суяниб¸ мамлакатда жиддий сиëсий ва иқтисодий ислоҳотларни бошлашга даъват қилди:
- Бугун Мирзиëевга¸ у қилмоқчи бўлаëтган иқтисодий ўзгаришларга кучли қаршилик кўрсатаëтган қудратли гуруҳ борлиги тўғри. Лекин президентнинг ортида бутун бир давлатнинг кучи-қудрати бор. Шунинг учун унинг “яхши ишлар қилмоқчиман¸ лекин мана булар йўқ бермаяпти”¸ деган баҳона қилишга ҳаққи йўқ. Президент жасур бўлиб¸ давлатни уни чирмовуқдек ўраб олган мафиядан қутқариши лозим. Бунинг учун йиллар керак эмас¸ бу ишни зудлик билан қилиш керак¸ дейди Муҳаммад Солиҳ.
ЎХҲ етакчиси билан суҳбатни қуйида тўлиғича тинглашингиз мумкин:
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди