Ўзбекистонликлар янги йилни кутишга тайёрланаётган декабрь ойининг сўнгги кунлари Бош вазир Абдулла Арипов "давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи раҳбарлари" дам олишини ташкил этиш ҳақидаги фармойишга имзо чеккан.
Арипов имзолаган Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 декабрдаги 853-F сонли фармойиши Ўзбекистон президенти администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси раҳбарияти, вазирлар, Бош прокурор, Солиқ қўмитаси раисидан тортиб вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг "соғлигини тиклаш ва маданий ҳордиқ чиқаришини ташкил этиш" ҳақида.
Озодбек Назарбеков хизматда
Ҳужжатда Бош вазир ҳукумат амалдорлари ва ҳокимларнинг 2-12 кунлари Бўстонлиқдаги “Севарсой” сиҳатгоҳида мароқли дам олиши борасида астойдил ғамхўрлик кўрсатганини кўриш мумкин.
Давлат даражасида ташкил этилган бу дам олишнинг ҳаммаси давлат ҳисобидан.
200 кишига мўлжалланган ҳашаматли “Севарсой” сиҳатгоҳи 2022 йилда қурилган, 6 гектар майдонда денгиз сатҳидан 1600 метр баландликда, Тянь Шан тоғининг ғарбий қисмида жойлашган.
Ёпиқ бассейн, турк ҳаммоми, ресторанлар, тоғ-чанғи комплекси меҳмонларга мунтазир.
Ҳукумат аъзолари, вазирлар вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари 10 кун шу ерда дам олишди.
Комплекс сайтидаги нархларга қаралса, бир кунлик дам олиш бу ерда оддий хона киши бошига 170 АҚШ доллари, люкс номер 320 доллардан зиёдроққа тушади.
Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас. Ҳукумат аъзолари дам олиши учун давлат ҳисобидан бошқа кўнгилочар тадбирлар ҳам ташкиллаштирилган. Уларнинг бу ерга келиб-кетиши ҳам бюджет ҳисобидан қопланади.
Таътил вақтида мансабдорларга санъаткорлар хизматда бўлади. Санаторий ва тиббиёт масканларида таниқли санъаткорлар иштирокида маданий тадбирлар ташкил этилади.
Бу топшириқ ижроси маданият вазири Озодбек Назарбековга юклатилган.
“Маданият вазирлиги Кинематография агентлиги билан биргаликда бир кун муддатда маданий тадбирлар дастурини ишлаб чиқиб, келишиш учун Вазирлар маҳкамасига киритсин: сиҳатгоҳда мусиқий ва маданий кўнгилочар тадбирлар ташкил этилишини , ватанпарварлик руҳидаги юксак бадиий ва ғоявий кинофильмлар камойиш этилишини таъминласин”, дейилади ҳужжатда.
Uzbekistan Airways ва “Ўзбекистон темир йўллари” раисларига мансабдорларнинг таътил жойларига ўз вақтида етиб бориши ва яшаш манзилларига қайтиши учун уларни йўл чипталари билан белгиланган тартибда таъминлаш топшириғи берилган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Кучайтирилган қўриқлаш режими
Ҳужжатда Ўзбекистон Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга сиҳатгоҳда кеча-кундуз кучайтирилган қўриқлаш режими жорий этиш буюрилган.
“Сиҳатгоҳда унинг периметри бўйлаб кеча-кундуз кучайтирилган қўриқлаш режимини жорий этсин ҳамда ушбу ҳудудга транспорт ва фуқароларнинг назорат ўтиш жойларидан ташқари, бошқа жойлардан киришининг олди олинишини таъминласин. Заруратга кўра, Сиҳатгоҳ ҳудудини қўшимча видеокузатув камералари, сигнализация ва хавфсизликни таъминлашнинг бошқа техник воситалари билан жиҳозлаш чораларини кўрсин”, дейилади ҳужжатда.
Автомобил йўллари қўмитасига Сиҳатгоҳга элтувчи магистрал йўл ва кўчалар ён атрофи ободонлаштириш юкланди. Бир сўз билан айтганда ҳоким ва вазирлар дам олишини ташкиллаштиришга давлатнинг барча ресурслари жалб этилган.
Қорақалпоғистоннинг биринчи раҳбарлари, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимлари, шунингдек, республика даражасидаги мансабдорларнинг таътил графиги ҳам ҳужжатда белгиланган.
Қорақалпоғистон ва вилоятлар прокурорлари ҳамда ички ишлар бошқармалари раҳбарларига Ички ишлар вазирлиги марказий госпитали, солиқ идоралари бошлиқлари учун эса “Қибрай” санаторийси ажратилган.
Бош вазир фармойишида вазир ва ҳокимларнинг “Севарсой” сиҳатгоҳида дам олиши Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси маблағлари, прокурор, ички ишлар ҳамда солиқ идоралари раҳбарларининг госпитал ва санаторийда дам олиши шу идораларнинг бюджетидан ташқаридаги маблағлари ҳисобидан қопланиши айтилган.
Вазирлар Маҳкамаси фармойишига тиркалган рўйхатга кўра, ҳаммаси бўлиб 1053 киши санаторийларда соғлигини тиклаши кўзда тутилган.
Озодлик Бош вазирнинг фармойиши ва амалдорларнинг давлат ҳисобидан дам олиши борасида Бош вазир матбуот хизматидан изоҳ ололмади.
Туман ва шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари ҳудудлардаги вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларида ва Касаба уюшмасининг санаторийларида дам олади.
Бу каби меҳнат таътилини аксар ўзбекистонликлар фақат орзу қилиши мумкин.
Меҳнат қонунлари оддий ўзбекистонликлар учун ҳар доим ҳам ишлайвермайди. Улар давлат ҳисобидан дам олиш тугул, пешона терилари бўлган маошларини ҳам вақтида ололмайдилар.
Узлуксиз электр ва газ
Ўзбек амалдорларининг дам олиши аксар ўзбекистонликлар энергия тақчиллигидан қийналаётган, метан заправкаларда узундан узоқ навбатларда турган паллада ташкил этилгани ҳам эътиборга молик.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Арипов имзолаган фармойишда амалдорлар дам олаётган масканда узлуксиз электр ва газ таьминотини йўлга қўйиш ҳақида алоҳида банд бор.
“Камбағаллашиш ва иқтисодий таназзул манзарасида ҳокимларга давлат бюджети ҳисобидан дабдабали дам олиш уюштириляпти", дейди 1995-2002 йиллларда Навоий вилояти Конимеҳ туманига ҳокимлик қилган, ҳазир АҚШда яшовчи Смаил Оспанов.
"Албатта, давлат амалдорлари ҳам дам олишга ҳақли, улар ҳам қонуний меҳнат таътилига чиқади. Аммо бу таътилнинг давлат даражасида ва давлат ҳисобидан ташкил этилиши қанчалик тўғри? "
Президент таътили
Ижроия ҳокимияти раҳбарлари сиҳатгоҳда дам олаётган бир пайтда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Шавкат Мирзиёевнинг 6 январдан “қисқа муддатли” меҳнат таътилига чиққанини маълум қилди.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 6 январдан қисқа муддатли меҳнат таътилига чиқди”, деб ёзди Асадов.
Матбуот котиби президент қаерда дам олиши, қачон таътилдан қайтиши ва дам олишда бўлган пайт президент вазифасини ким бажариб туришига аниқлик киритмади.
Бу Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йилда ҳокимиятга келганидан буёнги бешинчи таътили. Улар ўн кундан ошмаган.
Сўнгги бор Мирзиёев ўтган йил 26 июлдан қисқа муддатли меҳнат таътили олган. У 5 августгача давом этган.
Мирзиёев биринчи меҳнат таътилига 2019 йил 5 августда чиққан. Ўшанда бу сўнгги 17 йиллик фаолиятидаги унинг биринчи меҳнат таътили эканини айтганди.
Мавзуга алоқадор Президент Мирзиёев қисқа муддатли меҳнат таътилига чиққани билдирилдиПрезидентнинг дам олишни қаерда ўтказгани ҳақида бундан олдин ҳам расмий маълумот берилмаган.
Вазир ва ҳокимларнинг вазифалари таътил давомида уларнинг ўринбосарларига юклатилади.
Лекин президент ва айни пайтда бутун ижроия ҳокимият раҳбарлари таътилда экан, давлат раҳбари вазифасини ким бажаради?
Конституциянинг Ўзбекистон Республикаси Президенти тўғрисидаги XIX бобида давлат раҳбарининг таътили ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 112-моддасида Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Президенти ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг зиммасига юклатилиши белгиланган.
“Президент таътилда. Администрация раҳбари Саида Мирзиёева таътилда. Вазир, прокурорлар, ҳокимлар таътилда. Мамлакатни ким бошқаради? Конституция бўйича Сенатни раиси Танзила Норбоева бўлиши керак, лекин унда колхоз раисичалик ваколат ҳам йўқ-ку. Ёки Арипов бошқарадими? Арипов бошқарадиган бўлса вазирларни ҳаммаси таътилда-ку”, дейди ҳозирда АҚШда яшаётган собиқ мулозим Смаил Оспанов.
Меҳнат қонунчилигига кўра, президент, давлат хизматчилари 35 календар кунлик таътил олиш ҳуқуқига эга.
Бундан ташқари, президент "иш стажи учун қўшимча ҳақ тўланадиган таътил" ҳуқуқига ҳам эга. У принцип бўйича ҳисобланади: давлат хизматининг ҳар бир йили учун бир календар куни қўшилади.
Ҳоким ва вазирлар таътилини давлат даражасида, президент топишириғига биноан ташкиллаштирилиши Мирзиёев даврида йўлга қўйилди.
Ўтган йили баъзи шаҳар ва туман ҳокимлари меҳнат таътилини Россия ишғоли остидаги Қрим ва Ялтада ўтказгани тармоқларда муҳокама қилинганди.
“Ҳокимларнинг "бюджетдан ташқари маблағлар" дейиладиган, аслида давлат бюджети ҳисобидан сиҳатгоҳларда дам олишини Мирзиёев президентлиги даврида кузатяпмиз. Буни корпоратив ёки "тимбилдинг" деб қарайдиган бўлсак, нега фақат вазир ёки ҳокимлар давлат ҳисобидан санаторийга юборилади? Вазирлик ёки ҳокимликнинг бошқа ходимлари-чи? Улар бундай имтиёзга эга эмасми? Умуман, давлат ҳисобидан ҳокимларни дам олишга жўнатиш қайси ҳуқуқий меъёрга асосланади? Улар қилган иши учун ойлик маош олса, яна дам олишини солиқ тўловчилари пули ҳисобидан ўтказса?.. Саволлар жуда кўп”, дейди Британияда яшовчи ўзбекистонлик таҳлилчи Алишер Илҳомов.
Шоввозсойдан Севарсойга
Давлат идоралари раҳбарлари дам оладиган масканлар рўйхатида "Угам-Чотқол" давлат миллий табиат боғи қўйнидаги ўзбекистонликлар тилидан тушмаётган “Шоввозсой” аталмиш маскан йўқ.
Мавзуга алоқадор “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ “Мирзиëев қароргоҳи”ни темирйўлчилар пансионати деб эълон қилдиОзодликнинг 2021 йил февралида эълон қилинган суриштируви Тошкент яқинидаги тоғлар бағрида президент Шавкат Мирзиёев ва унинг оила аъзолари ҳордиқ чиқариши учун махфий қароргоҳ қурилганини ўртага чиқарганди.
Тошкентдан тақрибан 100 километр шимоли-шарқда, муҳофаза остидаги "Угам-Чотқол давлат миллий табиат боғи" ҳудудида барпо этилган қароргоҳ қурилишидан хабардор манбалар унга давлат бюджетидан қарийб 1 миллиард доллар маблағ сафрланганини айтишган.
Вертолётлар қўнадиган майдонларга эга ва устидан учиш тақиқланган мажмуа қурилиши 2017 йилда бошланиб, 2018 йил охирига бориб якунланган. Маҳаллий аҳоли вакиллари мажмуа ёнида барпо этилган янги сув омбори сув таъминотига путур етказгани, оилаларнинг кўчишига сабаб бўлгани ҳамда атроф-муҳитга зарар етказганидан шикоят қилишган.
Расман “Шоввозсой дам олиш зонаси” деб аталган мажмуа буюртмачиси бўлган "Ўзбекистон темир йўллари" давлат ширкати аввалига қароргоҳнинг президент Мирзиёевга алоқасини рад этишга уринган, аммо кейинроқ Мирзиёевнинг ўзи "Шоввозсой"да хорижий давлат раҳбарларини меҳмон қилишини тан олган эди.
Ҳозирга қадар Шоввозсойдаги ҳашаматли қароргоҳ ўзбекистонлик солиқ тўловчиларга қанчага тушгани, унинг майдони ва бошқа тафсилотлари ҳақида жамоатчиликка очиқланган расмий маълумот мавжуд эмас.
Айни пайтда Ўзбекистон Президенти вазирликлар, идоралар ва ҳокимликларга 2025 йилда бюджет маблағларини тежаш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирларини кўриш бўйича топшириқ берди. Унга кўра, давлат органларига иш ҳақини ошириш бўйича таклифлар киритиш, хизмат автомашиналари, қимматбаҳо мебел ва офис буюмлари сотиб олиш тақиқланади.
Ўтган йил октябрь ойида давлат бюджети параметрларини муҳокама қилиш чоғида президент давлат бюджетида халқ манфаатларини акс эттириш, шунингдек, харажатларни оптималлаштириш ва бу жараённи йирик давлат корхоналаридан бошлаш зарурлигини таъкидлаган эди. Унинг таъкидлашича, кўплаб мамлакатлар иқтисодий стратегиясига харажатларни оптималлаштиришни киритган.
Бу Мирзиёевнинг давлат харажатларини оптималлаштириш ва маъмурий ислоҳотларни амалга оширишга биринчи уриниши эмас. Таҳлилчиларга кўра, бунга қадар давлат бошқарув аппаратини қисқартиришни мақсад қилган маъмурий ислоҳотлар ўлда- жўлда қолиб кетган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Давлат раҳбарлари қаерда дам олади?
Постсовет ҳудудидаги аксар давлат раҳбарлари таътилни ўз мамлакатида ўтказиши одатий ҳол.
Қозоғистон раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев ўтган йил ёзида таътилни Манғистау вилоятининг Жанаўзен шаҳридан 70 километр жанубда жойлашган Кендерли курортида ўтказган.
Бундан олдин у Шарқий Қозоғистон вилоятидаги масканда дам олган.
Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров бу йил таътилга чиқиши ёки чиқмаслиги ҳақида ҳозирча ҳеч қандай маълумот берилмади.
У президентлик фаолияти бошланганидан бери, яъни 2021 йилда фақат бир марта расман таътилга чиққан.
Аммо Жапаровнинг Иссиқкўлда ва Қоракўл тоғ-чанғи курортидан тушган суратлари интернетда тез-тез пайдо бўлади.
Россия раҳбари Путин Украинага кенг кўламли босқин бошлаганидан бери таътилга чиққани ҳақида расмий маълумот йўқ. Бундан ташқари, санкциялар остида унинг чет элга чиқиш имкониятлари сезиларли даражада чекланган.
Путин Россияда дам олишни афзал кўради. 2021 йилда у ўша пайтда Мудофаа вазири бўлган, ҳозир эса Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимини эгаллаб турган Сергей Шойгу билан бирга март ва сентябр ойларида Сибирда икки марта дам олди.
Беларус президенти Александр Лукашенко ҳам россиялик ҳамкасби каби кўпдан бери таътилга чиққани йўқ. 2024 йилнинг май ойида у вице-президенти йўқлиги сабабли дам ололмаётганини айтди.
Беларус раҳбарининг сўзларига кўра, "у дам олишга ўрганмаган қишлоқ одами". Шунинг учун у доимо бирор нарса билан банд. Гоҳ ўтин ёради, гоҳ далада ишлайди.
Бошқа давлат раҳбарлари сингари у ҳам ўз юртида дам олишни афзал кўришини айтади. Лекин Лукашенко ҳам Путин каби санкциялар туфайли кўплаб мамлакатларга бора олмайди.
Сўнгги йилларда Беларус раҳбари Сочида тез-тез кўриниш берди. Маҳаллий журналистлар буни курорт шаҳри яқинидаги Красная Поляна қишлоғида Лукашенконинг янги қурилаётган қароргоҳи билан боғлашмоқда. Элита мажмуасининг тахминий қиймати 50 миллион долларни ташкил этади.