Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:09

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ “Мирзиëев қароргоҳи”ни темирйўлчилар пансионати деб эълон қилди


Озодлик суриштируви Шоввозсой ўрмон хўжалигида барпо этилган яширин мажмуа ва сув омборининг Шавкат Мирзиëев учун қурилганини ўртага чиқарди
Озодлик суриштируви Шоввозсой ўрмон хўжалигида барпо этилган яширин мажмуа ва сув омборининг Шавкат Мирзиëев учун қурилганини ўртага чиқарди

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ 24 февраль куни Озодликнинг “Мирзиëев сири: Тоғлар бағрига яширилган қароргоҳ ва сув омбори” деб номланган кўп қисмли суриштирувга расмий муносабат билдирди.

Бу суриштирувда Шавкат Мирзиëев президентликка келиши билан унинг садоқатли мулозими Очилбой Раматов бошқарадиган “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Оҳангарон тоғларида махсус дам олиш қароргоҳи ва сув омбори қурилиши бошлангани¸ бу лойиҳанинг йиллардан бери жамоатчиликдан сир тутиб келинаëтгани ва унинг иқтисодий аҳволи оғирлашиб бораëтган Ўзбекистон бюджетига юзлаб миллион долларга тушгани айтилди.

Шавкат Мирзиëев президент сифатида қасамëд қилишидан икки ой ўтиб-ўтмай Угом-Чотқол тоғ тизмасидаги “Шоввозсой ўрмон хўжалиги ҳудудида бошланган маҳобатли дам олиш мажмуаси¸ Озодлик суриштирувида аниқланишишича¸ Шавкат Мирзиëев учун қурилган.

Ўнлаб километр радиусда шлагбаум ва блокпостлар¸ тиканли симлар ва қуролланган қўриқчилар билан ўраб олинган бу ҳудудда тўртта вертолëт майдончаси бор. Бу мажмуа кўркига кўрк қўшиш мақсадида Шоввозсой тоғ дарëси тўсилиб¸ сунъий кўл барпо этилган ва оқбатда қуйи оқимдаги қишлоқ бутунлай сувсиз қолган. Кимсасиз тоғлар орасидаги бу мажмуа, асосан президент резиденцияларидан иборат Ўзбекистондаги олтита учиш тақиқланган зонанинг биридир.

Кимсасиз тоғлар орасидаги бу мажмуа, асосан президент резиденцияларидан иборат Ўзбекистондаги олтита учиш тақиқланган зонанинг биридир.
Кимсасиз тоғлар орасидаги бу мажмуа, асосан президент резиденцияларидан иборат Ўзбекистондаги олтита учиш тақиқланган зонанинг биридир.

Суриштирув жараëнида Озодлик “Ўзбекистон темир йўллари” матбуот хизмати электрон почтасига Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ҳудудидаги”Шоввозсой ўрмон хўжалиги ҳудудида дам олиш мажмуасини қурилиши” билан боғлиқ ўндан ошиқ савол билан мурожаат қилди. Аммо давлатга қарашли компания бу саволларни жавобсиз қолдирди.

Суриштирув ва унинг хулосаларига асосланган Озодлик видеоси ижтимоий тармоқларда тарқаши ва саволлар туғдириши ортидан “Ўзбекистон темир йўллари” баëнот чиқариб¸ “сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда тарқалаётган “Угам-Чотқол” миллий табиат боғи тасарруфидаги дам олиш маскани ҳақидаги” хабарларни “асоссиз ва нохолис” деб атади.

“Ўзбекистон темир йўллари”нинг жамоатчиликка иддао қилишича¸ Озодлик суриштируви марказига қўйилган объект¸ нафақат темир йўлчилар¸ балки “мамлакат аҳолиси” учун қурилган “дам олиш маскани”дир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йилдаги қарорига асосан, Угам-Чотқол миллий табиат боғи тасарруфидаги “Шоввозсой” ўрмон хўжалиги ерлари “Ўзбекистон темир йўллари” компаниясига темирйўлчилар ва уларнинг оила аъзолари, компаниянинг хорижий ҳамкорлари, мамлакатимиз аҳолиси ва чет эллик сайёҳлар учун замонавий экотуризм масканини барпо этиш ва мавжуд экотизимни сақлаб қолиш мақсадида ажратилган.

Бу ерда 2011 йилдан бошлаб, яъни 10 йил давомида босқичма-босқич қурилиш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилган. Барча инвестициялар темир йўл компаниясининг бюджетдан ташқари маблағлари, жумладан даромадлари ҳисобидан амалга оширилган.

Ўтган ўн йил давомида дам олиш маскани қурилишига сарфланган инвестициялар ҳажми 495 миллиард сўмни ташкил этди. Шу билан бир қаторда, миллий боғ ҳудудида табиат ва ҳайвонот оламини сақлаш ва ривожлантириш учун зарур инфратузилмалар яратилди, объектгача электр тармоқлари тортилди, автомобиль йўли ва кичик сув омбори барпо этилди”¸ дейилади “Ўзбекистон темир йўллари” расмий баëнотида.

Баëнотда “Шоввозсой” мажмуаси “Ўзбекистон темир йўллари” тасарруфидаги “Назарбек”, “Чимён”, “Хожикент” ва “Омонхона” каби дам олиш масканларидан бири сифатида тақдим қилинади.

Шоввозсой” мажмуаси ҳам компанияда фаолият юритаётган қарийб 90 минг темирйўлчилар ва аҳолимизга сифатли хизматларни кўрсатиб келмоқда.

Ушбу дам олиш ва соғломлаштириш масканларида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ билан шартнома ва йўлланмалар асосида, темирйўлчилар билан бир қаторда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, турли вазирлик, идора ва давлат ташкилотлари, маҳаллий ҳокимликлар, шунингдек, республикамиз аҳолиси ва чет эллик инвесторлар, ҳамкорлар ва сайёҳларга экотуризм ва экстремал туризм, саломатликни мустаҳкамлаш ва қайта тиклаш хизматлари кўрсатиб келинмоқда”¸ дейилади баëнот давомида.

АЖ Ахборот-таҳлилий медиа маркази мазкур баëнот тасдиғи сифатида “Mission controle” қўшиғи остида видеороликни ҳам жамоатчиликка тақдим қилди. Бу видео ҳақида сал кейинроқ тўхталамиз.

“Шоввозсой йўқ. Товоқсой бор!”

“Ўзбекистон темир йўллари”нинг бундай раддияси ортидан Озодлик компания тасарруфидаги дам олиш масканлари сафида “Шоввозсой” деган мажмуа бўлган-бўлмаганини аниқлаш мақсадида компания пансионатларидан бирига қўнғироқ қилди.

Пансионат мулозими “Ўзбекистон темир йўллари” тизимида оддий одамлар дам оладиган “Шоввозсой” деган мажмуанинг йўқлигини қайта -қайта такрорлади.

Бизнинг рўйхатда Назарбек бор¸ Чимëн бор¸ Хўжакент ва Омонхона бор. Лекин Шоввозсой деган жой йўқ. Товоқсой билан адаштиряпсиз шекилли. Бўстонлиқда шунақа жой бор¸ лекин у темир йўлларига қарамайди. Бизнинг пансионатларда¸ ким пулини тўласа¸ ўша дам олаверади. Лекин Шоввозсой дегани йўқ спискада. Сиз яна аниқлаштириб олинг”¸ - дея маслаҳат берди “Ўзбекистон темир йўллари” тасарруфидаги дам олиш зонаси мулозими.

Очиқ манбалардаги қидирув “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тасарруфида темирйўлчи ва мамлакат аҳолиси дам олиши мумкин “Шоввозсой” деб номланган мажмуа олдин ҳам¸ ҳозир ҳам йўқлигини кўрсатади.

“Ўзбекистон темир йўллари” расмий сайти ҳамда Google қидирув тизимига “Шоввозсой” мажмуаси¸ “Шоввозсой санаторийси” ëки “Шоввозсой пансионати” деган сўзларни берилса¸ Шоввозсой сўзининг Озодлик суриштируви ва ҳукуматнинг Угом-Чотқол биосфера резервати ҳақидаги қарорларидан бошқа жойда деярли учрамаслиги кўрилади.

Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика кенгаши расмий сайтга қўйган компания тасарруфидаги пансионат ва санаторийлар рўйхатида “Шоввозсой” деган мажмуа ҳам¸ пансионат ëки санаторий ҳам йўқ.

"Ўзбекистон темир йўллари" сайтида берилган дам олиш масканлари рўйхатида "Шоввозсой мажмуаси" деган жой йўқ.
"Ўзбекистон темир йўллари" сайтида берилган дам олиш масканлари рўйхатида "Шоввозсой мажмуаси" деган жой йўқ.

Озодлик гаплашган “Ўзбекистон темир йўллари” мулозимларидан бири ўз компанияси чиқарган баëнотни “халқ устидан кулиш” деб атади.

2010 йилдан кейин Раматов Шоввозсойда ўзи ва ҳамтовоқлари ов қилиши учун пансионат қурганини биламиз. Лекин у жойларга оддий темирйўлчининг қадами теккан эмас. Мирзиëевга Раматов қурдирган сарой айни ўша пансионатнинг ëнида. Дачадан кейин бу жойларга Темир йўлдагилардан ҳам саноқли одам яқинлаша олади”¸ - дейди компаниянинг шахси очиқланмаслигини сўраган мулозими.

Тошкентлик фаол Алексей Гаршин билан 2020 йилнинг 3 ноябрь кунги телефон суҳбатида Шоввозсой мажмуаси буюртмачиси - “Ўзбекистон темир йўллари” Капитал қурилиш дирекцияси бош мутахассиси ҳам айни шу гапни айтган эди.

У ерга кириш учун махсус рухсатнома керак. Қурилишда қатнашаëтган бизнинг мутахассислар ҳам¸ пудратчилар ҳам махсус рўйхат ва махсус рухсатнома билан киради. У ерга фақат чекланган миқдордаги одамларгина кира олади”¸ - дейди Гаршин YouTube каналида эълон қилган телефон суҳбатида “Ўзбекистон темир йўллари” расмийси.

"Ўзбекистон темир йўллари"нинг яна бир мулозими 25 февраль куни Озодликка шундай деб ëзди:

"Бу ёлғон, ЎТЙга бунинг умуман алоқаси йўқ. Бу "муҳтарамнинг дачаси" (Шавкат Мирзиëев назарда тутилмоқда -таҳр.) Ҳамма буни яхши билади. Озодлик суриштирувидан кейин ижтимоий тармоқдаги постларда ҳам гувоҳлар чиқиб шу гапни айтишяпти. Видеода Шоввозсой деб кўрсатилаëтган жойнинг бу дачага умуман алоқаси йўқ".

Темирйўлчилар дам олишга вертолëтда борадими?

Очилбой Раматов назоратидаги компания ўз расмий баëнотида Озодлик суриштирувидаги Шоввозсой мажмуасининг айнан президент Мирзиëев учун қурилгани ва хизмат қилаëтганини тасдиқловчи асосий жиҳатларни очиқ қолдирди.

Агар бу мажмуа оддий темирйўлчи дам олиши учун қурилган бўлса¸ нега унга элтувчи йўлларда бу қадар кўп шлагбаум ва блокпост қўйилган?

Нега таътилга келган темирйўлчиларни Миллий гвардиянинг махсус казармаси қўриқламоқда?

Оддий темирйўлчилар таътилга вертолëтда келиб-кетадими – мажмуадаги тўртта вертолëт майдончаси кимга хизмат қилади?

Темир йўлларининг яна қайси объектида “кичик сув омбори барпо этилган”? Бу сув омбори “миллий боғ ҳудудида табиат ва ҳайвонот оламини сақлаш ва ривожлантиришга” қандай хизмат қилмоқда? Шоввозсой қуйи оқимидаги Тут қишлоғининг ҳар ëзда сувсиз қолиши ҳам шу хизматга кирадими?

"Ўзбекистон Темир йўллари"нинг яна қайси объектида “кичик сув омбори" барпо этилган, деган савол очиқ қолмоқда
"Ўзбекистон Темир йўллари"нинг яна қайси объектида “кичик сув омбори" барпо этилган, деган савол очиқ қолмоқда

Ва ниҳоят¸ темирйўлчилар дам оладиган яна қайси маскан Мудофаа вазирлиги томонидан "учиш тақиқланган зона" деб белгиланган? Дам олишга келадиган “темирйўлчиларни” ҳаводан қўриқлаш сабаби нима?

Озодлик “Ўзбекистон темир йўллари”га суриштирув давомида юборган бу каби саволлар 24 февраль кунги расмий баëнотда ҳам очиқ қолдирилди.

XS
SM
MD
LG