Владивосток марказий боғида тадбиркорлик қилаётган ўзбекистонлик бизнесмен маҳаллий ҳокимият вакиллари босимига учраганини иддао қилмоқда. Ўзбек муҳожири шаҳар инфратузилмасига киритган 50 минг доллар сармоясидан маҳрум бўлиб қолиши мумкинлигидан хавотир билдириб, ёрдам сўради.
Тадбиркор билан шартномани тузган парк маъмурияти бу иддаоларни рад этди.
Самарқандлик ака-ука Камолиддин ва Жамолиддин Ҳақбердиевлар Россиянинг Узоқ Шарқидаги Владивосток шаҳрида жойлашган Лазо номидаги маданият ва истироҳат боғида тадбиркорлик қилади.
Болалар майдончаси, ўйингоҳи ва жамоатчилик ҳожатхонаси каби иншоотларга 50 минг доллар киритганини айтаётган Жамолиддин Ҳақбердиев коронавирус пандемиясидан олдин яхши даромад олиб тургани, бироқ пандемия бошланганидан кейин зарарга ишлаб келгани ҳақида сўзлаб берди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
У катта миқдорда пул тиккан бизнеси парк маъмурияти томонидан тортиб олинаётганини иддао қилди.
- Мана, парк ичидаги иншоотларга 1,5 миллион рубль ҳаражат қилганмиз ва 5 йилга парк маъмурияти билан шартнома имзолаганмиз. Парк маъмурияти “бу тадбиркор 7 ойдан бери ишлагани йўқ” деб, шартномани бузмоқчи. Улар ўзлари ишлатгани қўймасдан, шартнома узмоқчи. Паркда янги хўжайинлар келиб, топган фойдангдан “Биз билан тенг ярим фойдангни бўлишасан, бўлмаса - ишламайсан!” деди. Норозилик билдирганимиздан кейин, свет билан сувни ёпди. Адвокат орқали прокуратурага мурожаат қилсак, булар текширув келган куни свет билан сувни ёқиб қўйибди, - дейди Жамолиддин.
Ўзбек тадбиркори парк ҳудудида қишин-ёзин ишлайдиган ҳожатхона, болалар майдончаси ва ёғочдан қурилган бошқа иншоотлар ўзи ва акасига тегишли экани, бу иншоотларда 4 нафар ўзбекистонликни иш билан таъминлаб келганини билдирди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Жамолиддиннинг айтишича, Лазо номли истироҳат боғида ундан ташқари яна 3 нафар Ўзбекистондан келган тадбиркор ишлаб келади. У маъмуриятни рейдерликда айблаб, улар томонидан босим бошланганидан бери деярли фаолият юритмаётгани ва даромад қилмаётганини гапирди.
- Бу ерда миллатчилик бўляпти, 7 ойдан бери ишлаганимиз йўқ. Прокуратурага, полицияга ёздик. У ерда “жиноят аломатлари аниқланмади” деган жавоб келяпти. Россия иқтисодига сармоя киритган инвестор сифатида вазиятга Ўзбекистон ҳукумати, элчихонаси эътибор қаратишини, Озодлик Радиоси назоратига олишини илтимос қиламан.
Озодликка тақдим этилган ҳужжатлардан самарқандлик тадбиркор ака-ука Ҳақбердиевлар “Лазо номидаги Маданият ва истироҳат боғи” унитар корхонаси ҳисобига болалар майдончасидан тушган даромаддан ёзнинг ҳар ойида бир 25 минг рубль, қишки мавсумда эса 1 минг рублдан ўтказиб туриш тўғрисида шартнома имзолангани аниқланди.
Ҳожатхона масаласида имзоланган шартномада ўзбек сармоядори уни 5 йилга ижарага олгани, баҳор-ёз мавсумида ҳар ой 40 минг рублдан, куз-қишда 5 минг рублдан тўлаб бориши белгиланган.
Маълум бўлишича, Лазо истироҳат боғи маъмурияти ака-ука Ҳақбердиевларга 2019 йилнинг декабридан 2020 йилнинг апрель ойигача “электр ва сувдан фойдалангани” ҳисобига қўшимча 105 000 рубл жарима солган.
Озодлик билан суҳбатда Жамолиддин боғ маъмурияти талабларини ноқонуний эканини таъкидлаб, унинг тадбиркорлик фаолиятига сунъий тўсқинлик қилиш, дея баҳолади.
У шикоят аризаси билан нафақат ички ишлар органлари, балки Владивосток маъмуриятига ҳам мурожаат қилганини билдирди.
Жамолиддин Ҳақбердиев Ўзбекистон элчихонасидан амалий ёрдам сўраб борганини ҳам айтди. Владивосток прокуратураси шикоят юзасидан текширув ўтказилгани ва фактлар асосида жиноят аломатлари аниқланмаганини билдирди.
Озодлик Радиоси Владивостокдаги Лазо истироҳат боғи директори муовини Александр Хвандан мазкур вазиятга оид изоҳ олишга муваффақ бўлди.
Парк расмийси сўзларига кўра, ўзбек тадбиркори ўз вақтида ижара пулини тўламагини боис маъмурият шартномани бекор қилишга қарор қилган.
- Вазият жуда содда. Ҳақбердиев Камолиддин ижара пулини ўз вақтида тўламаган. У бир неча маротаба огоҳлантирилган. Менинг огоҳлантиришларимни эътиборсиз қолдириб, Жамолиддинни менга ҳатто таҳдид қилди, ҳақорат қилди. Ҳар жойга хатлар ёзишяпти. У 50 минг доллар сармоя киритгани ёлғон ва провокация! У ўзини ҳақлигини исботламоқчи бўлса судга мурожаат қилиши мумкинлиги тўғрисида айтганмиз. Суд бизнинг ноҳақлигимизни исботлаб берса, келиб ишлайверсин. Биз ҳар қандай музокара учун очиқмиз, деб айтди парк директори муовини Александр Хван.
Суҳбатдош боғда бошқа ўзбек тадбиркорлари ҳам ишлаётгани, бироқ улар билан муаммолар йўқлигига ишора қилди.
Бироқ Озодликка келиб тушган маълумотлардан маъмурият Лазо номидаги Маданият ва истироҳат боғида ишлаётган ўзбекистонлик ва россиялик бошқа тадбиркорларга шартномаларни қайта имзолатиб, пандемия карантини вақтида шундоқ ҳам қийин аҳволда қолган бизнес эгаларига ижара ҳақини кўтаргани маълум бўлди.
Россия Ички ишлар вазирлиги расмий ҳисоб-китобига кўра, Узоқ Шарқнинг Приморский ўлкасида 70 мингдан зиёд ўзбек муҳожири расман ишлаб келади, яна 9 мингдан кўпроқ ўзбек миллатига мансуб шахслар фуқаролик олган.
2019 йилнинг 1 мартида минтақада Ўзбекистоннинг илк Бош консуллиги иш бошлади.