Ўзбекистоннинг Термиз шаҳри яқинида қўшни Афғонистондан келиши мумкин бўлган қочқинларни жойлаштириш учун чодирлар лагери барпо этилди. Бу ҳақда Eurasianet нашри маҳаллий аҳолига таянган ҳолда хабар берди. Афғонистоннинг аксарият қисмида ҳозирда ҳукумат ва Толибон қўшинлари ўртасида жанглар давом этмоқда.
3 июль куни Афғонистондан Ўзбекистонга ягона расмий ўтиш жойи ҳисобланувчи «Ҳайратон» чегара пункти яқинидаги ҳудудга ташриф буюрган термизлик журналист Аброр Қурбонмуродов Eurasianet билан суҳбатда унга чодирларни кўришга рухсат беришмагани, аммо хавфсизлик хизматлари расмийлари ростдан ҳам чодирлар лагери барпо этилганини тасдиқлаганини айтган.
«[Давлат хавфсизлик хизмати] ходими чодирлар фавқулодда ёки кутилмаган ҳодисаларга ҳозир туриш учун тикилганини айтди. Чодирларда ҳали ҳеч ким йўқ», - деб айтган Қурбонмуродов.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Ҳудудни қўриқлаётган зобитлар журналистларга зонани суратга олишга рухсат бермаган.
«Дўстлик» автомобиль ва темир йўл кўприги Термиздан 18 километр масофада жойлашган. Айнан шу кўприкдан совет қўшинлари Афғонистонга киритилган ва олиб чиқиб кетилган. Кўприк ва Термиз орасидаги ҳудуд асосан чўлдан иборат, аммо бир нечта кичик аҳоли пункти бор. Айнан шу ҳудудда чодир тикилган.
Лагерь схемаси билан таниш яна бир журналист Eurasianet билан суҳбатда лагерда ётоқхона ва ускуналар билан жиҳозланган камида 80 та катта чодир тикилганини айтган.
«Аммо ростини айтсам, у ер жуда иссиқ, ҳарорат қарийб 60°C даражага етади. Қандай қилиб у ерда яшаш мумкинлигини билмайман», - деди Eurasianet нашрига исмини ошкор қилмаслик шарти билан интервью берган журналист.
Eurasianet Давлат хавфсизлик хизматидан лагерь келажаги тўғрисида маълумот ололмаган.
Лагернинг пайдо бўлиши Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов АҚШга бир ҳафталик хизмат сафари билан борган бир кезга тўғри келди. У Вашингтон расмийлари билан Тошкент Афғонистонда тез ўзгараётган хавфсизлик вазиятига жавоб қайтариш масаласида қандай ёрдам бериши мумкинлиги тўғрисида музокара олиб боргани айтилмоқда.
Bloomberg нашри 2 июль куни тарқатган хабарга кўра, президент Жо Байден маъмурияти Ўзбекистон, шунингдек, Қозоғистон ва Тожикистонга АҚШ ҳарбий кучлари билан ҳамкорлик қилгани учун Толибон қаҳрига учраши мумкин бўлган 9 000 нафар афғонистонликни вақтинча ўз ҳудудига киритишни сўраган.
Мавзуга алоқадор Толибон Ўзбекистон остонасида: Мирзиëев ҳукуматида радикал қўшнига нисбатан аниқ сиëсат борми?Хабарларга кўра, 18 мингга яқин афғонистонлик кейинчалик иммиграцион виза олиш ҳуқуқини берадиган махсус визага топширмоқчи. Bloomberg ҳисоботида қайд этилишича, жараённи эндигина бошлаган афғонистонликлар учинчи мамлакатга жойлаштирилиши керак.
Термиз яқинида тикилган чодирлар АҚШ визасини олмоқчи бўлганлар учунми ёки чегарадош туманлардаги жанглардан қочаётган афғонистонликлар учунми, маълум эмас.
Ўзбекистоннинг шундоқ биқинида жанглар содир бўлаётгани ўзбекистонликлар орасида хавотир келтириб чиқармоқда, айниқса, Термиздаги афғонлар орасида.
«Термизда вақтинча ишлагани ва яшагани келган кўплаб афғон бор. Мен таниганлар ватанига қайтишни истамайди», - деб айтган Eurasianet нашрига исмини ошкор қилмаслик шарти билан интервью берган журналист.
50 ёшли Абдуқодир Навоий Афғонистон шимолидаги Фарёб вилоятида туғилган, аммо 16 йилдан бери Ўзбекистон пойтахти Тошкентда яшайди.
«Мен икки кун олдин Фарёбдаги отамга қўнғироқ қилиб, вазият ҳақида сўрадим. Унинг сўзларига кўра, атрофдаги барча ҳудудлар Толибон томонидан қўлга олинган, аммо толиблар мен туғилиб ўсган шаҳарга ҳали етиб бормаган. Жуда хафа бўлдим ва ота-онамнинг тақдиридан хавотирдаман. Отам 95 ёшда, онам 90 ёшда», - деб айтган у Eurasianet нашрига.
Навоийнинг айтишича, Афғонистондаги вазият ёмонлашаверса, Ўзбекистондаги ҳозирда 10 мингга яқин бўлган афғонистонлик сони бир неча баробарга кўпайиши мумкин.
«Ватан яқин ва биз бу ерда яхши ҳаёт кечиряпмиз, айниқса, Ўзбекистон афғонистонлик инвесторлар ва ишбилармонлар учун очилганини ҳисобга олсак».
Сўнгги икки ҳафта ичида Афғонистон ҳукумати ҳарбийлари бир неча маротаба жон сақлаш учун қўшни мамлакат ҳудудига қочиб ўтди.
Ўзбекистон Афғонистондан қочиб келаётган ҳарбийларга қарши қатъийроқ сиёсат олиб бормоқда. Расмий Тошкент уларни чегарани рухсатсиз кесиб ўтиш орқали халқаро қонунчиликни бузишда айблади.