Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳисоботига кўра, шу йилнинг 19 октябрь ҳолатига мамлакатда пахта тайёрлаш режаси 90,81 фоизга бажарилди. Агар кўрсаткичлар шу суръатда кетса, 3 ноябрга қадар режа уддаланади.
Мавсумда пешқадамлик қилаётган фарғоналик пахтакорлар шу кунда йиллик режани бажарганлик бўйича рапорт беришга ҳозирланмоқда.
Бироқ Навоий ва Хоразм вилоятларида кўрсаткичлар яхши эмас. 18 октябрдан бошланган ёмғирли об-ҳаво ишларни ортга сургани айтилади.
Озодлик хўжаликлардан туманга, тумандан вилоятга, вилоятлардан эса Республика пахта штабига узатилаётган статистика маълумотларини таҳлил қилиш асносида номутаносибликларга дуч келди.
Мавзуга алоқадор Пахта-2022: Фермерлар кластерга топшираётган пахтасининг нархини билмайдиОзодлик шунингдек, мавжуд статистикани ўрганиш чоғида пахтачилик кластерлари, фермерлар ва туман ҳамда вилоят миқёсидаги мутасаддилар билан гаплашди.
Озодлик 15 октябрь куни сўров юборган paxta.uz, agroonline.uz порталлари орадан бир кун ўтиб ишламай қолди. Уларнинг сайтларида "Веб-саҳифа мавжуд эмас", деган ёзув пайдо бўлди.
Озодлик рақамлардаги "қўшиб ёзиш"ларга ишора қилаётган чалкашликларни Сурхондарё вилояти мисолида таҳлил қилди.
Шу йилнинг 10 октябридаги кунлик кўрсаткичларга кўра, Сурхондарё вилоятида 79,45 фоиз пахта ҳосили йиғиб олинган.
Кейинги жадвалда эса бир кун аввал, яъни 9 октябрдаги республика ва пахта штаби маълумотлари ўртасидаги фарқ 235,4 минг тонна эканини кўриш мумкин. (Мазкур жадваллар пахта мониторингини юритувчи “Пахта-2022” порталидан олинди).
Аммо шу йилнинг 12 октябрига доир республика статистикасида орадаги фарқ 200,9 минг тоннага тушиб қолган.
Мазкур санага доир яна бир жадвалда аниқлик киритилган маълумотга кўзимиз тушди. Унда “мавжуд бўлмаган тонна” алоҳида устун сифатида кўрсатилган. Унда республика миқёсида 193,1 минг тонна пахта камомади қайд этилган. Яъни ўзаро ҳисоботлардаги тафовутларнинг ўзи бу соҳада катта кўзбўямачиликларни фош қилмоқда.
Бироқ 13 октябрга келиб, мавжуд бўлмаган пахта миқдори, яъни қўшиб ёзилган ҳосил қарийб 2 минг тоннага ошган ва 195 минг тоннага етган.
Энди ушбу мавжуд бўлмаган пахта улушида Сурхондарё вилояти “улуши”га эътибор қаратсак. Унга кўра, бир “сводка”да 5,6 минг тонна, бошқасида 6,3 минг тонна камлиги кўрсатилган.
"Вилоятдаги кластерлар етиштирган ва қабул қилиб олаётган пахталар статистикасига кўз ташласанг, вазият янада ойдинлашади", деб ёзди журналист Толиб Раҳматов ўзининг Телеграм-каналида.
Мазкур маълумотда 5 та кластерда пахта ҳосили камлиги кўринади. Бунда айниқса, “Dream Cotton textile” ва “Surxon Sifat Textile” МЧЖ тегишли равишда 2,9 ва 2,3 минг тонна кам топширган. Кейинги жадвалларда бу рақамлар ортиб боришини ҳам кўриш мумкин. Шу икки кластер мисолини олсак, тегишли равишда 2,2 ва 3,2, 3,2 ва 2,1 минг тонна пахта кам.
Рақамларни таҳлил қилиш жараёнида Озодлик билан ҳамкорлик қилган мутахассисга кўра, минус қўйилган рақамлар кластерлар "ҳосилни қўшиб ёзишдан бош тортган рақамлар"дир.
Номи очиқланишини истамаган пахтачилик соҳасида етакчи мутахассислардан бирининг сўзларига кўра, Республика Бош прокуратураси қошидаги қишлоқ хўжалиги бошқармаси бевосита бу амалиётга раҳбарлик қилади. Улар режа ортидан қувиб, амалга оширган қўшиб ёзиш жиноятларининг очилишидан манфаатдор эмас.
Мутахассиснинг айтишича, мазкур соҳага раҳбарлик қиладиган Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг Агросаноат комплекси раҳбари — Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев фаолиятини тафтиш қилишга назорат органларнинг "кучи етмайди".
Озодлик суҳбатлашган Қизириқ туманидаги кластерлардан бирининг ходими туман кўрсаткичи 100,3 фоиз кўрсатилаётганига қарамай аслида "55 фоиздан энди ошгани"ни айтди.
Сурхондарё вилояти кўрсаткичларида Денов тумани 17 октябрь куни 390 тонна, Узун тумани 136 тонна, Сариосиё туманининг 71 тонна пахта териб топширгани қайд этилган. "Ҳолбуки, бу туманларда пахта йиғим-терим якунланганига қарийб бир ҳафта бўлди", дейди Денов тумани туман қишлоқ қишлоқ хўжалиги бошқармаси мутахассиси.
Қумқўрғон тумани эса вилоят кўрсаткичларида 20 585 тонна пахта топширгани қайд қилинади. Аммо тумандаги кластерлардан олинган маълумотга кўра, бу туманда 15 минг тонна пахта мавжуд. Бошқа туманларда ҳам аҳвол деярли шундай.
Мирзиёев “қўшиб ёзиш”ни танқид қилди
Маҳаллий нашрлар Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига иқтибосан ҳар йили мавсум сўнггида пахтачиликдаги қўшиб ёзиш билан боғлиқ ҳолатларини кенг ёритиб келади.
Kun.uz нашри 2019 йилда республика бўйлаб қарийб 143 минг тонна пахта қўшиб ёзилгани, шундан 120,6 минг тоннаси пахта ишлаб чиқариш ва кластерлари ҳиссасига тўғри келгани хусусида прокуратура маълумотларга таяниб ёзганди.
Сурхондарё вилоятида "расман етиштирилган" деб кўрсатилган пахта ҳосилининг 26,5 фоизи фақатгина қоғозларда мавжуд бўлгани аниқланган.
Сурхондарё вилоят прокуратурасининг 30.10.2020 йилдаги хатига кўра, 2020 йилда вилоят бўйича жами 52 121 тонна пахта хомашёсини қўшиб ёзиш ҳолатларига йўл қўйилган.
“Сурхондарё вилоятида 2020 йилда пахта хомашёсини тайёрлаш бўйича шартномавий режа 244 минг 800 тонна қилиб белгиланган эди. Қўшиб ёзилгани тахмин қилинаётган 51 121 тонна вилоят йиллик пахта топшириш режасининг 21,3 фоизини ташкил этади” дейилади Kun.uz нашри иқтибос келтирган расмий хатда.
Нашрнинг Давлат статистика қўмитасига таяниб ёзишича, 2019 йилда Фарғонада 37 минг тонна (15,5), Тошкентда 22,9 минг тонна (10,4). Жиззахда 7,7 минг тонна (3,7), Наманганда 2,6 минг тонна (1,3), Андижонда 0,821 минг тонна (0,3) пахта хомашёси ҳақиқатда қабул қилинганига нисбатан кўп кўрсатилган.
Шу йилнинг 11 октябрь куни ўтказилган видеоселектор мажлисида президент Шавкат Мирзиёев вилоят ҳокимларини “қўшиб ёзиш”да айблаган.
Мажлисда иштирок этган Озодлик манбасининг билдиришича, президент республикадаги пахтачилик кўрсаткичлари аслида қандай экани ўзига яхши маълумлигини айтиб, вилоят ҳокимларига вазиятни тўғрилаш учун муҳлат берган.