Россиянинг Украинага тажовузини оқлаган АДУ ўқитувчиси "қаттиқ огоҳлантирилди"

Андижон Давлат университети.

Ўзбекистоннинг расмий матбуоти Украинадаги уруш, жумладан Россия ҳарбийларининг Буча шаҳрида юзлаб тинч аҳолини оммавий қирғин қилгани ҳақидаги баёнот ва далиллар юзасидан сукут сақламоқда.

Расмий Тошкент Украинадаги вазият борасида аввалига нейтрал позицияни эгаллаган, шу йилнинг 17 мартида эса Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистон Украина суверенитетини ҳурмат қилиши, бўлгинчи ДХР ва ЛХРларни тан олмаслигини айтган эди.

Мавзуга алоқадор Манбалар: Абдулазиз Комилов ТИВга қайтмаслиги мумкин

Ҳукумат амалда Украина борасидаги муҳокамаларга тақиқ қўйган эса-да, Украинадаги уруш ижтимоий тармоқларда энг кўп мунозаралар, бўлинишларга сабаб бўлаётган мавзуга айланган.

Ва нафақат тармоқларда.

Шу кунларда Андижон Давлат университетида Украинадаги уруш ўқитувчи ва талабалар ўртасидаги жиддий зиддиятга сабаб бўлган.

Университет талабалари ўқитувчилардан бирининг дарсларда Россиянинг Украинага ҳужуми, жумладан, Буча қирғинини оқлашга уриниши талабаларнинг норозилигига сабаб бўлган.

Талабаларнинг норозилиги ортидан АДУ раҳбарияти махсус ишчи гуруҳи тузган ва текширув ўтказган.

АДУ ахборот хизматининг Телеграм-каналида берган хабарига кўра, текширув натижаларига кўра, 67 ёшли ўқитувчи “қаттиқ огоҳлантирилган”.

“Аноним сўровнома натижаларига кўра аксарият талабалар (88-90%) фан ўқитувчисининг яхши дарс ўтишини ва одобини ҳам университет ўқитувчисига мослигини кўрсатишган. Аммо 10-12 % талабалар ўқитувчининг дарс мавзусидан четлаб кетишини кўрсатиб ўтишган. Мурожаатда кўрсатилган айрим ҳолатлар қисман ўз тасдиғини топганлигини инобатга олиб Х.Қ. қаттиқ огоҳлантирилди ва бундан кейин меъёрий-услубий қоидалардан чиқмаслик бўйича тушунтириш хати олинди”.

Андижон Давлат университетининг талабалари Украина уруши бошланганидан буён Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш фани ўқитувчиси Ҳ. Қ. дарсларда Россияни улуғлаш ва Украинани фашистик давлат сифатида уларнинг онгига сингдиришга ҳаракат қилаётганидан шикоят қилганлар.

Мустақил Элтуз нашри Телеграм-каналида ёйинланган талабаларнинг арзига кўра, домла Буча шаҳридаги содир этилган омавий қотилликлар украинларнинг ўзлари томонидан содир этилганини иддао қилган:

“Домла ҳар сафар дарсни Россияни улуғлаш, Украинани эса фашистлар бошқаряпти, Донбассдаги русларни 8 йилдан бери украинлар қириб ташлаябди деб бошлайди. Нима эмиш, Зеленский Донбассдаги ҳамма аҳолини қириб ташлаш керак деб айтганмиш Украинага фақат қуруқ ер керак экан. Европага қочиб кетган украинларни германияликлар, францияликлар қул қилиб сотиб юборишаётган экан”.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Буча қирғини гувоҳлари: 5 март куни снайпер келиб кўчада ким кўринса ота бошлади

Талабаларнинг сўзларига кўра, уларга домланинг «украиналикларнинг ўзлари украинларни ўлдиряпти» деган гапи оғир ботган:

«Буча шаҳридаги одамларни украинларнинг ўзи ўлдирибди эмиш. Бу қанақа гап. Қайси миллат ўз миллатдошини атайлаб қириб юбориши мумкин. Бу каби ўрисқул путинқулларга дарс ўтишни тақиқлаш керак».

АДУ ижтимоий иқтисодиёт факультети иқтисод кафедраси мудири Умида Мараимова 7 апрель куни Озодлик билан суҳбатда талабалар билан бу ҳақда суҳбат ўтказилгани, аммо талабалар домла бундай гапларни айтганини инкор қилганини айтди:

«Муҳокама бўлди, раҳбарият кирди, лекин талабалар бундан хабари йўқлигини айтишди. Улар ҳам ҳайратда, ким бундай хабар берганидан. Бу домламиз шу кунларда докторлик ишлари билан банд. Шунча йил бирга ишлаганмиз, раҳбарлик лавозимларида ишлашган, лекин домла сиёсат ҳақида ҳеч қачон ўзининг шахсий фикрини ҳам билдирмаган. Бир оғиз ҳам сиёсат ҳақида гапирмаган. Домланинг сиёсатга қизиқишини биз ҳатто тасаввуримизга ҳам сиғдира олмаймиз. Талабалар ҳам домла дарсда сиёсат ҳақида умуман гапирмаган, деди».

Умида Мараимова ўқитувчининг телефон рақамини беришдан қатъиян бош тортди:

«Мен у кишининг номерларини беролмайман. Ҳозир дарсда, дарсдан чиқса ўзимнинг телефонимда гаплаштираман. Менга қўнғироқ қилиб туринг».

Аммо АДУ вакили Озодликнинг кейинги қўнғироқларига жавоб бермади.

Андижон давлат университети ахборот хизматининг хабарида айтилишича, бу воқеадан сўнг барча кафедра мудирларига профессор-ўқитувчиларга дарс вақтида белгиланган фан дастурларидан четга чиқмаслиги, ўзининг сиёсий қарашларини сингдириш мумкин эмаслиги ҳақида қатъий равишда тушунтириш ишлари олиб бориш ҳақида кўрсатма берилган.

«Андижон давлат университети бундай масалаларда Ўзбекистон Республикаси расмий позициясини қўллаб-қувватлайди», дейилади матбуот хизмати хабарида.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 17 март куни Олий Мажлис Сенатидаги чиқишида Ўзбекистон Украинанинг ҳудудий яхлитлигини тан олиши, бўлгинчи "Луганск ва Донецк халқ республикалари"ни эса тан олмаслигини билдирган эди.

Бунга қадар эса Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов Тошкент Украинадаги вазият юзасидан нейтрал позицияда эканини маълум қилган эди.

Ташқи ишлар вазирлиги вазир Комиловнинг Сенатдаги баёнотидан икки кун ўтиб, касалхонага тушгани ва хорижий давлатга даволаниш учун кетганини маълум қилди.

Озодлик манбалари Абдулазиз Комиловнинг баёноти ортидан расмий Тошкент Кремлнинг босими остидан қолганини айтмоқда.

Тошкентдаги манбалар вазирнинг эҳтимолий истеъфоси ҳақида гапирмоқда.

Ўзбекистондан фарқли Россия етакчилигидаги минтақавий блоклар аъзоси бўлган қўшни Қозоғистон Сенати раиси Маулен Ашимбаев 7 апрель кунги баёнотида Бучадаги оммавий қотиллик юзасидан БМТ текширув ўтказиши ва айбдорлар жазоланиши кераклигини айтди.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 4 апрель куни АҚШнинг National Interest журналида эълон қилинган мақоласида Россиянинг Украинадаги ҳаракатларини “уруш” деб атаган ва Қозоғистон Украинанинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишини таъкидлаган.

Ўзбекистон томони эса, ҳозирча, Бучадаги воқеаларга ўз муносабатини билдиргани йўқ.

Мавзуга алоқадор Тоқаев: Қозоғистон Украинанинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилади

Ўзбекистон 7 апрель куни Россияни БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзолигидан чиқариш ҳақидаги резолюцияга қарши овоз берди.

Россияни кенгашдан чиқарилишини ёқлаб 93 та мамлакат овоз берган.

Reuters агентлиги маълумотига кўра, Россия овоз бериш олдидан БМТга аъзо давлатларни “ёқлов” ёки овоз беришдан тийилиш қарори дўстона бўлмаган қадам ўлароқ баҳоланиши ҳақида огоҳлантирган.