Германиядаги “Статиста” ташкилоти маълумотига ишонилса, Ўзбекистон хорижда таълим олаётган талабалар сони бўйича дунёда бешинчи ўринга чиққан.
Рўйхатда хитойлик ва ҳиндистонлик талабалар етакчилик қилмоқда.
Ташкилотга кўра, чет элда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар сони 110 мингдан ошади.
Бу кўрсаткич билан Ўзбекистон Франция ва АҚШни ортда қолдирган.
Ўзбекистонда қайси ўқувчи ё талабадан сўраманг, мақсади чет элда ўқиш эканини айтади.
“Юридический лицейда ўқийман. Ўқишга Америкага кетмоқчиман. У ерда университетлар бор экан “Law” ми ё “Love” ми эслолмайман”, - дейди тошкентлик ўқувчи.
“Ота-онам рухсат берса, Малайзияга кетмоқчиман. Мени опамни ўртоғи ўқиган. Айтишича, у ерда таълим жуда яхши. Италияга ҳам бормоқчиман. Италияда ҳам таълим жуда яхши экан”, - дейди Озодлик билан суҳбатда бошқа бир ўзбекистонлик талаба.
Ўзбекистондаги олий ўқув юртлари ҳар йили қабул қиладиган талабалар сони чеклангани боис сўнгги йилларда ўзбек ёшларининг чет элга ўқишга кетиши оммалашмоқда.
“Худо хоҳласа, дипломатия соҳасини танлаганман, элчихонада ишламоқчиман. Ўзбекистон Американи боғлайдиган элчихонада. Менимча Америкада ҳаёт ривожланган. Ўзбекистонда ҳам бўляпти, лекин вақт керак” , - дейди Озодликка гапирган ўзбекистонлик ёшлардан яна бири.
Чет давлат олийгоҳларида ўқийдиган ўзбекистонлик талабалар орасида ўз маблағига ўқиётганлар ҳам, грант ҳисобидан таълим олаётганлар ҳам бор.
АҚШ элчихонаси тақдим этган маълумотларга кўра, 2015 йилда Америкада ўзбекистонлик 491 нафар талаба таълим олган бўлса, 2023 йилда уларнинг сони 1000 нафардан ошган.
Бу янги рекорд ва олдинги ўқув йилига нисбатан 72,6 фоизга ўсди, дейилади АҚШ элчихонаси Халқаро таълим алмашинуви бўйича 2023 йилги ҳисоботида.
2021-22-ўқув йилида 631 нафар ўзбекистонлик талаба АҚШ олий таълим муассасаларида таҳсил олган бўлса 2022-23 ўқув йилида улар сони рекорд даражада 1089 нафарга етган.
Аксарияти ёки 57,2 фоизи бакалавриат босқичига қабул қилинган, 29,9 фоизи магистратура босқичида, 7,9 фоизи факултатив амалий машғулотларда қатнашган ва 5 фоизи инглиз тили ёки қисқа муддатли таълим каби олий таълим бўлмаган дастурларга ўқишга кирган.
Россия элчихонаси маълумотлари бўйича эса, ўтган йили Россия Федерацияси олий ўқув юртларида ўқийдиган ўзбекистонлик талабалар сони 48, 7 мингни ташкил этган.
Бу Россиядаги хорижлик талабалар орасида иккинчи натижадир. Биринчи ўринда 61 минг талабаси билан Қозоғистон, Хитой эса 30,6 минг талабаси билан учинчи ўринда.
Ўзбекистонлик талабалар энг кўп ўқийдиган яна бир давлат бу Жанубий Корея.
Мавзуга алоқадор Корея истеъдодли ўзбек ëшларига бепул ўқиш таклиф қилмоқда
Бу давлат олийгоҳларида 11 мингдан зиёд ўзбекистонлик талаба таҳсил олади.
Кореяда ўқиш талабаларга йилига тўрт-олти минг АҚШ долларига тушиши мумкин.
Ўзбекистоннинг муҳим иқтисодий шерикларидан бўлган бу мамлакатга келаётган ўзбекистонликлар сони йил сайин ортмоқда.
Қўшни давлатлар - Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон олий ўқув юртларида эса ,Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус вазирлигига кўра, 2020 йил февраль ойигача 35 мингдан ортиқ ўзбекистонлик талаба таҳсил олган.
Аммо, 2021 йили Ўзбекистон Олий ва ўрта таълим вазирлигининг буйруғи асосида, қўшни давлат олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик минглаб талаба ўқишларини ташлаб юртига қайтди.
Уларнинг аксари Ўзбекистоннинг ўзидаги ОТМларга қабул қилинган, аммо квота чеклангани сабаб ватанида олий таълимни давом эттиролмаганлар ҳам талайгина.
Қирғизистонда хорижлик талбаларнинг 30 фоизи ўзбекистонлик. Бу давлатда 50 мингдан ортиқ ўзбекистонлик таҳсил олмоқда.
Қирғизистонда оммавий зўравонликлар ортидан хорижлик талабалар қўрқувда яшаётганини айтишмоқда.
Чет эллик талабалар учун жорий ҳафтага мўлжалланган дарслар онлайн форматга ўтказилган.
Мавзуга алоқадор "Мамлакат имижига зарба". Покистонлик талабалар Қирғизистонни тарк этмоқда
1200 нафардан ортиқ покситонлик талаба мамлакатни тарк этган. Ҳозирда ўзбекистонликлар Қирзиғистонда хорижлик талабалар сони жиҳатдан етакчи бўлиб турибди.
Иккинчи ўринда Ҳиндистон, учинчи ўринда Покистон.
Ўзбекистонлик талабаларнинг чет давлатларга ўқишга кетишига Ўзбекистонда олий ўқув юртларига қабул қилинадиган талабалар сони қатъий квоталангани ягона сабаб эмас.
Мақсад ўқишми ё "четга суриш"?
Мутахассисларга кўра, ўзбек талабаларидаги кучли амбиция ва олийгоҳларда ўқиш сифатининг тушиб кетгани Ўзбекистондан четга талабалар оқимини кўпайишига сабаб бўлаётган омиллардан.
"Олий таълим қамрови нисбатан паст. Оҳирги йилларда Ўзбекистонда олий таълим муассасалари сони кўпайган бўлса-да, кўплаб абитуриентлар олий таълимга киролмай қолади, олий таълим қамрови нисбатан чекланган", - дейди ўзбекистонлик таълим соҳаси эксперти Комил Жалилов.
Ўзбекистонда ҳар йили 1 миллиондан ортиқ абитуриент олий ўқув юртига кириш учун ҳужжат топширади.
Мамлакатдаги 191 та олийгоҳ бакалавриат учун кундузги таълим шаклига – 126714 нафар (34860 таси грант, 91854 таси контракт) талабани қабул қилиш қурбига эга.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда олий таълим энг коррупциялашган соҳалардан бири саналади.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Сўнгги йилларда очилган хусусий олийгоҳларда таълим сифати паст, ўқитувчи кадрлар етишмаётгани айтилади.
Прагадаги Study in University ташкилоти Ўзбекистондан талабаларни Чехия ва Европанинг етакчи олийгоҳларида ўқишига кўмак бериб келади.
“Чет элда ўқиш Ўзбекистонда маҳаллий олийгоҳларга киролмаганлар учун жуда яхши имконият. Ўзбекистондан ташкилотимиз кўмагида келган барча талабалар ҳозир Чехияда ўқияпти. Ўқишдан ташқари ишлаётганлари ҳам бор. Хорижда ўқишни тугатган ҳамма талабалар Ўзбекистонга малакали мутахассис бўлиб қайтаяпти. Муҳими амбиция ва ўқишга истак”, - дейди ташкилот ходими Юлия Пак.
Ўзбекистоннинг ўзида ёшларнинг IELTS бўйича баҳо олишга, сўнг хорижга кетишга интилиши кучайган, шунга монанд равишда, қарийб ҳар ой IELTS га тайёрловчи янги ўқув марказлари очилмоқда.
"Ёшларнинг хорижга ўқишга кетиши сабабларидан яна бири мамлакатдан суриш истаги. Ўқишга кетиб ўша давлатларда ўрнашиш истаги", - дейди Комил Жалилов.
Ўзбекистонликларнинг чет давлатларга ишга ёки ўқишга юборишни ваъда қилувчи ширкатлар ёки турли молиявий пирамидаларга катта миқдорда пул бериб, алданиб қолиш ҳолатлари ҳам кўп.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Озодликка маълум бўлишича, 2019-2021 йилларда “Geek study”га беш юздан ортиқ одам Кореяга кетиш учун минглаб доллар пул тўлаган, лекин улардан биронтаси ўқишга кетган эмас.
“Geek study” марказининг Жанубий Кореяга ўқишга жўнатиш ҳақидаги ваъдаларига учиб, чув тушган юзлаб ўзбекистонлик Telegram каналида гуруҳ очиб пулларини қайтариб олишда давлат идораларидан ёрдам сўрамоқда.
Ўзбекистонликларни ўқиш ниқоби остида ишга жойлаштириш билан шуғулланувчи ташкилотлар ҳам бор.
Умидларни оқламаган "Умид"
Мустақилликнинг дастлабки йиллари Туркия юзлаб ўзбекистонлик талабани бағрига олган эди. Аммо, у ерда бошпана топган ўзбек мухолифати таъсиридан қўрққан Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги президенти Ислом Каримов уларни мажбуран мамлакатга қайтарган.
Кейинчалик иқтидорли ўзбек ёшларининг чет элда таълим олиши қўллаб-қувватловчи "Умид" жамғармаси тузилди.
Бу жамғарма "ватанга фидокорона хизмат қиладиган, садоқатли, унинг буюк ва қудратли бўлиши учун қайғурадиган, ўз иқтидори билан она-юртни улуғлашга қобил, истеъдодли йигит-қизлардан юксак малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида" ташкил этилган эди.
"Умид" жамғармаси 4 йиллик бакалавр, 2 йиллик магистратура ва 1 йиллик тажриба орттиришга грантлар тақдим этган.
Аммо, жамғарма мутахассисларга кўра, умидлар ва сарфланган маблағларни оқламаган.
Президент гранти билан хорижда таълим олиб, чет эл ҳаёти билан танишган бир гуруҳ талабаларнинг Ўзбекистонга қайтишдан бош тортиши "Умид"нинг миссиясини йўққа чиқаргани айтилади.
Оқибатда, ёшларни пул тўлаб хорижга ўқишга юборишдан кўра, Ўзбекистонда чет элнинг Вестминстер, Ломоносов, Турин, Инҳа каби университетларини очиш мақбул, деган қарорга келинди.
"Умид" жамғармаси 2003 йил 1 июль куни ўз фаолиятини расман тугатди.
2017 йилда, Ислом Каримов ўлимидан бир йил ўтиб унинг беваси Татьяна Каримова ва кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева ўзбекистонлик иқтидорли йигит-қизларнинг хорижда таълим олишини молиялаштириш бўйича Каримов фонди ташкил этилганини эълон қилишганди.
Ҳозир бу жамғарманинг фаолияти ҳақида кўп нарса маълум эмас.
Мавзуга алоқадор “Умид”чилар Тошкент анжуманига йиғилади"Бунақа лойиҳалар натижа бериши учун Ўзбекистон малакали мутахассисларга жозибадор бўлиши керак. Агар жозиба бўлмаса четга кетган талабаларни бўйнига арқон боғлаб бўлса ҳам олиб келолмайсиз", - дейди таълим соҳаси эксперти Комил Жалилов.
Дунё бўйича энг кўп хорижлик талабани таҳсил оладиган давлат Америка Қўшма Штатлари. 2021 йилда АҚШда 833 минг нафар хорижий талаба таҳсил олган.
601 минг нафар талабани бағрига олган Буюк Британия эса 2-ўринни эгаллаган.
Ҳисоботда ёзилишича, йилдан йилга талабаларнинг хорижда ўқишга бўлган талаби ортиб бормоқда. Масалан, 2001 йилда дунё бўйича 2,2 млн. нафар талаба чет давлатларга ўқиш учун борган бўлса, 2021 йилда бу рақам 6,39 млн. ни ташкил қилган.