Шу йилнинг 29 июль куни товламачиликда гумонланиб қамоққа олинган блогер Олимжон Ҳайдаров устидан тергов якунланиб жиноят иши судга оширилди.
Бу хабарни Озодликка Олимжон Ҳайдаровнинг адвокати Дилшод Жабборов тасдиқлади. Суднинг қачон бошланиши ҳозирча номаълум.
Блогер қамоққа олинганидан буён унинг аҳволи ва тергов тафсилотлари ҳақида жамоатчиликка ҳеч қандай маълумот берилмаган.
Бу орада Олимжон Ҳайдаровнинг адвокатларидан бири номаълум сабаблар билан унинг ҳимоясидан воз кечган.
Адвокат Дилшод Жабборов Озодлик билан суҳбатда Олимжон Ҳайдаровга қўйилган айбларни “асоссиз” деб атади.
“Олимжон Ҳайдаровнинг умуман айби йўқ. Солиқдан бўйин товлаш масаласи бўйича айби бўлиши мумкин, лекин унда ҳам фақат маъмурий жавобгар бўлади. Олимжон Ўзбекистон Жиноят Кодексининг товламачилик, ҳақорат қилиш, туҳмат қилиш моддалари бўйича айбланяпти. Аммо бу айбловларнинг бари асоссиз, бирор бир далилларга асосланмаган ҳам, исботланмаган ҳам. Биз судда Олимжоннинг тўла оқланишига ҳаракат қиламиз ва бунга қўлимизда етарли далилларимиз бор”.
Мавзуга алоқадор Товламачиликда айбланиб қамоққа олинган Олимжон Ҳайдаров очлик эълон қилди
Бир неча кун олдин, Олимжон Ҳайдаров тергов изоляторидан мактуб чиқарди. Озодликда нусхаси мавжуд мактубда у ўзининг сиёсий маҳбус эканлигини таъкидлар экан, товламачиликда айбланиб қўлга олинишини узоқ ва пухта тайёрланган “спектакл” деб атайди.
29 июль, Олимжон Ҳайдаров қамоққа олинган куни у укаси Салимжон Ҳайдаров билан телефонда қисқа гаплашишга муваффақ бўлган эди.
“Кеча акам телефон қилди, бир минутча гаплашдик. Мени “подстава” қилишди, дейишди. Бир танишим билан турганимда келишиб, қўлимни қайириб ўша пулни ушлатишди, деди. Шунча гаплаша олдик, холос. Кейин адвокат орқали менга етказди, “шунақа ноҳақлик бўлгани учун очлик эълон қилдим, деди”, - деган эди Салимжон Ҳайдаров.
Олимжон Ҳайдаров эса унинг ҳибсга олиниш жараёни аслида қандай бўлгани ҳақида бундай деб ёзади:
“Менга нисбатан очилган иш оддий товламачилик иши эмас. ДХХ, ИИБ менинг телефон қўнғироқларимни эшитиш орқали мен билан шартнома қилмоқчи бўлган, ИИБ томонидан жиноят иши қўзғатилган тадбиркордан катта эҳтимол билан «ихтиёрий» ариза ёзиши «илтимос» қилинган . Нормал товламачилик ишларида бундай бўлмайди, тадбиркор ўзи келиб , ўзи шартнома таклиф қилиб келишувдаги пулни ярмини бериб, кейин ариза ёзмайди. Бу иш тўлиқ сиёсий характерда бўлиб, охирги кунларда Қўқондаги айрим амалдорлар фаолиятини кескин танқид қилишим натижасида буюртма тадбири деб ҳисоблайман”.
Олимжон Ҳайдаровнинг ёзишича, уни уюштирилган айблов билан ҳибсга олишлари учун, камида етти кун тайёргарлик кўрилган.
“Аввалдан қилинган режага кўра, мен бошқа томонга қараб турганимда махсус кимёвий кукун суртилган пулларни машинамга солиб қўйиб, қўлимни қайириб, мажбурлаб, ўнг қўлимнинг ички кафт қисмига кимёвий кукун суртиб қўйишгандан кейин тахминан ўнтача телефон ва камералар ёрдамида видеотасвирга тушириш билан тадбир бошланди”.
Олимжон Ҳайдаров ҳибсга олиш жараёнида унинг конституциявий ҳуқуқлари қўпол равишда бузилганини таъкидлайди:
“Аввалдан одам йиғилишини олдини олиш мақсадида ГАИ ходимлари ҳам тадбирга жалб қилинган бўлиб, тадбир давомида табиий холис гувоҳларни воқеа жойидан қасддан кетишга мажбурлашди, ИИБ ходимлари ўзлари билан олиб келган махсус гувоҳларгина ўша ерда қолишди. Мен тадбир вақтида улар олиб келган адвокатдан фойдаланишдан бош тортиб ўзимга таниш адвокатга алоқага чиқишни сўрадим, лекин ИИБ ходимлари алоқа воситаларимни тортиб олиб, мени тадбир вақтида холис адвокат хизматидан фойдаланиш хуқуқимдан махрум қилишди”.
Мавзуга алоқадор Газ-свет муаммоларини ёритаётган блогер Олимжон Ҳайдаров 21 млн сўмлик жаримага тортилди
Олимжон Ҳайдаров мактубида ўзини сиёсий маҳбус деб таърифлайди. У аввалида ҳукумат ва президент жамоаси билан дўстона муносабатда бўлгани, аммо сўнгра президент олиб бораётган сиёсатни ижтимоий тармоқларда муҳокама қилиши ортидан таъқиб ва кузатувга тушганини ёзади:
“Мен нима учун ўзимни сиёсий маҳбус деб ҳисоблайман? Мен ўзимга нисбатан қилинаётган ҳаракатларни журналистик, блогерлик, бироз бўлсада мухолиф фикрларим, фаолиятим сабаб деб ҳисоблайман. Ҳаммаси Мирзиёевнинг 2-сайловда ютганидан кейин бошланди. Сайловдан кейин эркин фикр, диний қарашларга нисбатан кичик-кичик репрессиялар бошланди. Президент Конституция эскиргани ҳақида гапирганда хаёлимга, «наҳотки Мирзиёев ҳам Каримов каби президентлик муддатини узайтириш учун Конституцияни янгиласа» деган фикр келди. Шу вақтдан буён яхши Президент қонунларга амал қилган Президент экани, Конституция янгиланса хам Президент қайта сайланиши демократик жараёнга ёмон таъсир қилиши ҳақида ёза бошладим ва хорижий ОАВ ларга ҳам бу ҳақида фикримни айта бошладим
Кейинроқ Қозоғистон воқеаларини ёритишим, Украинага русларни ҳужуми ҳақида ёзганларим, менинг назаримда Президентнинг нотўғри ҳаракатлари ҳақидаги фикрларим мени ҳукумат наздида «мухолиф»га чиқарди.
Шу каби сабаблар билан 2 йилда яқин дўстдан ёмон душманга айландим. Мен ўтган 2 йилда хеч ҳам ўзгармадим. Аввал ҳам, ҳозир ҳам ўзбек халқи эркин, фаровон, ҳар томонлама мустақил бўлиб яшашини ҳоҳлайман, шунинг учун ҳаракат қиламан. Ким давлат рахбари бўлса ҳам, мақсадларимиз муштарак бўлса, қонунларга амал қилса, ҳамфикр бўламан, қўллаб қувватлайман. Агар қонунларга амал қилмаса, халқни эмас, халқумини ўйласа, авторитар-диктатор бўлса, - унга қарши томонда танқид қиламан. Шу ҳаракатларим сабаб, ҳукумат ўз сиёсатига мени мухолиф сифатида кўриб душманлик қилаяпти. Мени бу майдондан йўқ қилиб ташлашга топшириқ бўлгани сабабли ўзимни сиёсий маҳбус деб ҳисоблайман”.
Мавзуга алоқадор Қўқонда икки блогер 15 суткага қамалди
Расмийлар Олимжон Ҳайдаров устидан олиб борилган тергов тугагани ҳақида расмий маълумот бермаган.
Бундан аввал, фақат бир марта, Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилиниб, Олимжон Ҳайдаров ҳисбга олингани ҳақида хабар берган эди.
Олимжон Ҳайдаров ижтимоий тармоқлардаги танқидий чиқишлари ортидан ҳибсга олинган биринчи блогер эмас. Шавкат Мирзиёев президентлиги даврида ўндан ортиқ журналист ва блогер турли хил айбловларда айбланиб ҳибсга олинди, айримлари узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди.
БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессияси доирасида 19 сентябрь куни нутқ сўзлаган президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон сўз ва виждон эркинлиги принципларига содиқлигини иддао қилган эди.
“Жорий йил апрель ойида миллий тараққиётнинг устувор йўналишларини белгилаб берувчи янгиланган Конституция бўйича Ўзбекистон тарихида биринчи марта умумхалқ референдуми бўлиб ўтди. Референдумда овоз берганларнинг 90 фоиздан зиёди ушбу чинакам халқ Конституциясини қўллаб-қувватлади. Шу тариқа ислоҳотларимизнинг ортга қайтмайдиган муқаррар тус олиши таъминланди”,- деган эди президент.
Аввалроқ Озодлик билан эксклюзив суҳбатда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник ўзбек расмийларини сўз ва матбуот эркинлигини ҳурмат қилишга чақирган эди:
“Ўзбекистон охирги бир неча йилда матбуот эркинлиги борасида улкан қадамларни қўйди. Аммо шу билан бирга, блогерларга қарши жиноят ишлари ташвишга сабаб бўлмоқда. Мен Ўзбекистон ҳукуматини матбуот, сўз ва ифода эркинлигини ҳурмат қилишда давом этишга чақираман. Ҳукумат бу жиноят ишлари ортида сиёсий сабаблар турмаганига амин бўлиши керак, деб ҳисоблайман”.
Демократия, сиёсий эркинликлар ва инсон ҳуқуқларини кузатувчи Freedom House халқаро нодавлат ташкилоти ўзининг 2023 йилги ҳисоботида Ўзбекистонни интернет эркин бўлмаган давлатлар рўйхатида қолдирди. Ташкилотга кўра, президент Мирзиёевнинг айрим ислоҳотларига қарамасдан Ўзбекистон авторитар давлат сифатида қолмоқда.