2020 йилнинг 27 сентябрида Тоғли Қорабоғда Арманистон ва Озарбайжон ўртасида ҳарбий тўқнашувлар бошланиб, 44 кун давом этди. Урушда Боку Тоғли Қорабоғнинг йирик ҳудудини ва унга туташ туманлар устидан назоратни тиклашга муваффақ бўлди.
10 ноябрь куни Москва воситачилигида оташкесим келишувига эришилиши ортидан Арманистон ва Озарбайжон чегарасини расман белгилаш жараёни бошланди.
Чегара ноаниқлиги туфайли оташкесим имзоланганидан бери бир неча марта икки давлат қўшинлари тўқнашди.
13 декабрь куни Арманистоннинг Сюник вилояти маркази Капан яқинидаги қишлоқда Арманистон ва Озарбайжон қўшинлари ўртасида отишма содир бўлгани ҳақида хабар қилинди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Капан шаҳри мэри Геворг Парсян Озодликка берган интервьюсида арманистонлик «мудофаачилари» яқинлашиб келаётган озарбайжонлик аскарларни огоҳлантириш учун ҳавога ўқ узганини айтди.
«[Озарбайжонликлар] бунга жавобан ўқ отмадилар», - деди у.
Капан шаҳри Озарбайжон бошқарувига ўтган ҳудудга жуда яқин жойлашган.
«Капаннинг сўнгги маҳалласи чегарадан 1 км масофада жойлашган», - дейди Парсян.
«Шу сабабли биз аллақачон ўзимизни таҳдид остида ҳис қиляпмиз».
Чегара муаммолари ҳамда Озарбайжон билан эришилган тинчлик битимидан норози арманлар, хусусан, Сюник вилоятига кирувчи шаҳарлар мэрлари бош вазир Никол Пашинянни айбламоқдалар.
Вилоятдаги бешта энг йирик аҳоли пунктлари – Капан, Горис, Сисиан, Мегри ва Кажаран шаҳарлари мэрлари Пашиняннинг истеъфосини талаб қилишмоқда.
21 декабрь куни Пашинян Сюникка хизмат сафари билан боришни режалаган эди, аммо маҳаллий аҳоли йўлларни тўсиб қўйди ва натижада бош вазир Ереванга қайтиб кетишга мажбур бўлди.
Парсян Арманистон мағлубиятида 2018 йилда «бахмал инқилоби» ортидан ҳокимият тепасига келган бош вазир Пашинянни айблайди.
Умидсизланган арманлар Россия ҳимоясига умид боғлаган.
Ноябрь ойи охирида Москва минтақага икки мингга яқин тинчликпарвар ҳарбийсини юборди. Бундан ташқари, Москва Арманистоннинг жануби-шарқий чегараси хавфсизлигини таъминлаш учун 188 нафар чегарачи юборилишини эълон қилди. Уларнинг айримлари аллақачон Капан-Горис автомагистралини қўриқламоқда.
«Биз руслар билан алоқадамиз. Улар бизга хавфсизлик таъминлашни ваъда қилишди», - деди Парсян.
Асосий жанглар тўхтаган бўлса-да, чегарани белгилаш жараёни қўшимча йўқотишларга ва ноаниқликка сабаб бўлмоқда.
4 январь куни Шурнух қишлоғида ўнлаб уй Озарбайжонга ўтган ҳудудда эканлиги аниқланиб, Бокуга ўтказиб берилди.
Аммо арманлар уйларни тарк этишдан олдин уларга ўт қўйиб юборишди. Ноябрь ва декабрь ойларида ҳам Озарбайжонга ўтган ҳудудни бўшатишга мажбур бўлган арманлар ўз уйларига ўт қўйиб юборган эдилар.
«1990 йилларда биз бир-биримизга жуда яқин яшаганмиз учун уруш бошланиб кетган эди», - деди Парсян.
«Ўғрилик, босқинчиликлар – барчаси мана шу нарсалардан бошланган эди. [Озарбайжонлар] шундай биқинимизда бўладиган бўлса, қўрқаманки, бу нарса такрорланади».