6 сентябрь куни Андижон ва Ўш вилоятлари ўртасидаги “Дўстлик” чегара-ўтказув пунктининг тантанали равишда очилиш маросими бўлиб ўтди. Қирғизистон томони шу кундан эътиборан чегара пунктида икки мамлакат фуқароларининг 60 кунлик визасиз қатновига тўсқинлик қилаётган чекловлар олиб ташланганини билдирди.
6 сентябрь куннинг иккинчи ярмида бўлиб ўтган расмий очилиш маросимида Қирғизистон Бош вазири ўринборсари Дуйшенбек Зилолаев¸ Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ва қирғиз парламенти депутатлари иштирок этди.
Маросимда қилган чиқишида Зилолаев¸ "қирғизистонликларга Ўзбекистонга ўтиш учун бундан сўнг телеграмма керак бўлмай қолди. Бундан сўнг ўтиб-қайтиш бемалол бўлади"¸ дея баëнот берди.
Воқеа жойидаги Озодлик мухбирларига кўра, очилиш маросимига чегаранинг икки томонидан ҳам минглаб одам йиғилган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
5 сентябрь куни Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев билан ўтказилган учрашувда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев айни шуни ваъда қилган эди.
- Бугун 20-25 дақиқа қирғиз телевидениесини кўрдим. Унда одамлар “Наҳотки Ўзбекистон президентининг келиши билан мен яна Андижонга аввалгидай бориб келиш имкониятига эга бўламан? Наҳотки, бу иш амалга ошади?” деб гапиришаяпти. Мен сизларга жавоб бериб, шуни айтишни ҳоҳлардимки, ҳа, бу иш амалга ошади, деди 5 сентябрь куни давлат ташрифи билан Бишкекда меҳмон бўлган Ўзбекистон президенти.
Озодлик мухбирларига кўра, расмий маросим қатнашчилари тадбирни Андижон ҳудудида ҳам давом эттирган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
«Дўстлик» чегара пункти 2010 йилги Ўшдаги қонли воқеалардан сўнг Ўзбекистон томонидан бир томонлама ëпиб қўйилган эди.
Икки давлат ўртасида жами 15 та чегара-ўтказиш пункти бор. Булардан тўрттаси темир йўлида жойлашган. Шу кунгача 11 пунктдан фақат учтаси ишламоқда.