Сурхондарё вилоятининг Денов туманида жойлашган “Ҳабиб” бозори ёниб кетиши ортидан бозорда ишлаган жами 3 мингга яқин одам ишсиз қолди. Озодликка бозордаги дўкондорлар маълум қилган бу хабарни бозор маъмурияти ходими ҳам тасдиқлади.
19 майга ўтар кечаси бозорнинг бутунлай ёниб кетиши оқибатида, Озодликнинг Денов марказий шифохонасидаги манбасига кўра, жами 21 киши енгил жароҳат олган.
Денов туман ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбанинг Озодликка айтишича, Сурхандарё вилояти маркази Термиздан келган мутахассислар кийим-кечак бозорида ёнғин электр симларининг қисқа туташуви оқибатида келиб чиққани аниқлаганлар.
Бозор берк
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Озодлик мобил мухбирларининг 22 май тушликкача берган маълумотига кўра, буткул яроқсиз ҳолга келган бозор ичида тозалаш ишлари олиб борилмоқда.
“Бозор ичида тозалаш ишлари олиб бориляпти. Бозорга борадиган йўл бозордан 200-300 метр узоқликда бетон бордюр билан беркитиб қўйилган. Ҳаво жудаям иссиқ бўлгани учун ҳеч ким бозор томонга бораётгани йўқ,” – деди бозорда савдо қилувчи деновликлардан бири.
Унинг қўшимча қилишича, бозорда ишлаган 1200 га яқин дўкондор дохил жами 3 минг одам ишсиз қолган.
“Бозорда 3 мингга яқин одам ишларди. Улардан 1200 га яқини дўкондор эди. Уларнинг бари ишсиз қолди. Кўпчиликнинг кайфияти тушиб кетган,” деди у.
Уч мингга яқин одамнинг ишсиз қолганини тасдиқлаган “Ҳабиб” бозори маъмуриятининг ходими Сурхандарё вилояти ҳокими бозорни қайта тиклашда дўкондорларга ёрдам беришга ваъда қилганини айтди.
“Ёнғиндан бир кун ўтиб, вилоят ҳокими келиб мажлис ўтказди. Дўкондорларга дўконларини қайта тиклаб олишлари учун банкдан фоизсиз пул оберишга ҳаракат қилишини айтди. Ҳозир бозор тозалансин, кейин маълум бўлади кимга қандай ёрдам керак бўлиши,” – деди бозор маъмуриятининг ходими.
Жабрланганлар
Ёнғин ортидан Денов аҳли орасида талафотлар ҳақида турли миш-мишлар тарқалган.
Аммо, Озодликнинг Денов марказий шифохонасидаги манбаси ёнғинда ҳеч ким ҳалок бўлмаганини маълум қилди.
Унинг айтишича, 19 майга ўтар кечаси ёнғиндан ёрдам сўраб жами 21 киши шифохонага мурожаат қилган.
“Ҳаммаси бўлиб 21 киши шифохонага келтирилди. Уларнинг ҳаммаси бозорда савдо қилган одамлар. Улардан 8 таси ўз дўконларидаги товарларнинг ёниб кетгани учун қон босими кўтарилган, яна 13 таси дўконидаги товарларини сақлаб қолишга уринган пайтида оёқ ва қўл пайлари кесилган. Уч кишини операция қилдик. Ҳаммага жавоб берилган. Ҳозирда бозорда қоровуллик қилган 55 яшар Нурматов Абдуллоҳ шифохонада даволанаяпти, холос,” – деди Денов марказий шифохонасидаги манба.
Деновдаги "Ҳабиб" бозори Сурхондарё вилоятидаги энг катта кийим-кечак бозорларидан бири ҳисобланарди.
Денов шаҳри ғарбида жойлашган бозорда Денов, Сариосиё, Узун, Олтинсой туманлари аҳолиси савдо қиларди.