Ўзбекистонга импорт қилинаëтган маҳсулотлар учун белгиланган бож тўловлари икки бараварга қимматлаши ортидан Тошкент ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларидаги йирик бозорларга мол келиши, савдогарларнинг айтишича, деярли тўхтаб қолган. Оқибатда Тошкентнинг "Абу Саҳий", "Ўрикзор" бозорларида кийим-кечак, пойафзал, қурилиш ва саноат моллари тақчиллиги сезила бошлади, савдогарлар эса, асосан, қолдиқ товарларини сотиш билан банд.
4 сентябрь куни Ўзбекистон Марказий банки чет эл валюталарининг расмий ва биржа нархларини унификация – бир хиллаштириши оқибатида импорт учун белгиланган бож тарифлари қарийб икки бараварга ошган эди.
Хитойдан мол олиб келиб Тошкентнинг "Абу Саҳий" бозорида сотиш билан шуғулланувчи тошкентлик тадбиркорнинг Озодликка айтишича, хориж валютасининг сўмга нисбатан расмий курси бир кунда икки баравар оширилиши тадбиркорларга катта зарба бўлган.
- Ўзи эски курс бўйича ҳам 85 фоизлик бож тўлаб келганмиз. Ҳозир шу икки баравар ошди ҳисоб. Чунки давлат курсида 1 доллар 4500 сўм эди, ҳозир 8 минг сўмдан тепада. Биз ҳам Хитойдан келтириладиган мол нархини оширсак, ҳеч ким олмайди, чунки долларнинг расмий курси икки баравар ошгани билан қора бозор курси деярли ўзгармади. Шунинг учун мол олиб кириш зарарига бўляпти. Келиш тўхтади, савдогарлар қолган қолдиқ моли билан савдо қилаяпти, - деди "Абу Саҳий" бозорида бир қанча дўконга эга тадбиркор.
Тошкентнинг Ўрикзор бозорида ҳам шу аҳвол. Бу бозорда бир қанча дўкони бор тадбиркорнинг Озодликка айтишича, муаммо фақат бож тарифларининг ошганида эмас.
- Бож тарифлари ошди, тўғри, айни пайтда "Абу Саҳий" орқали олиб келинадиган молнинг килосига тўланадиган транспортировка ҳақи ҳам ошди. Ҳар кило учун 9 доллар тўланади. Ҳозир расмий курс икки баравар ошганидан сўнг, бу тўлов ҳам икки баравар кўтарилди, чунки расмий курсда ҳисобланади, - дейди тадбиркор.
"Абу Саҳий Карго" орқали Ўзбекистонга мол жўнатиш камайганини шу ширкатнинг Хитойда ишловчи ходими ҳам тасдиқлади.
- "Абу Саҳий Карго" ишлаяпти. Лекин, тарифлар ошгани сабаб юбориш камайди, лекин ишлаяпти. Маҳсулот турига қараб килоси учун ҳақ 7-9 доллар атрофида бўляпти, - деди "Абу Саҳий Карго" ҳодими.
Айни пайтда Хитойдан жўнатиладиган юкнинг транспортировкаси ҳақи бир хил туришига ҳам ишонч йўқ. Хитойнинг Урумчи шаҳридаги "Абу Саҳий Карго" бўлими Ўзбекистонга мол юборувчилардан йўл кира ўзгариши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилганликлари тўғрисида тилхатлар олмоқда.
Озодликка юборилган тилхат нусҳасида “Абу Саҳийнинг Урумчидаги обморига юк топширдим. Юк йўл кираси ўзгариши мумкинлиги ва етиб бориш вақти аниқ эмаслиги ҳақида огоҳлантирилдим. Абу Саҳийга ҳеч қандай даъвом йўқ”, - деб ёзилган.
Ўзбекистоннинг бозорларида мол камайишининг яна бир нозик жиҳати борки, у ҳам Ўзбекистонда чет эл валютаси расмий курсининг икки баравар ошиши билан боғлиқ.
Тошкентлик тадбиркор буни шундай тушунтирди:
- Кўплаб тадбиркорлар конверсион карталарига долларни расмий курсда туширтириб, Дубайда, Туркияда, Хитойда шу карталарида тўлаб мол олиб келарди. Расмий курс икки баравар ошганидан сўнг уларнинг бозори ҳам касод бўлди, чунки расмий курс икки баравар ошди, - дейди тошкентлик тадбиркор.
Ўзбекистонлик иқтисодий таҳлилчи Жаҳонгир Шосалимов Озодлик билан суҳбатда мамлакатда ишлаб чиқариш заиф бўлиб қолаётган ва аҳоли асосан Хитой, Туркия ва бошқа давлатлардан келадиган импорт молларига қараб қолган бир пайтда ҳукумат шу молларни импорт қилиш билан шуғулланадиган тадбиркорларга йўл очиб бериши керак, дейди.
- Ҳукумат девальвациядан кейин тадбиркорларга келадиган зарбанинг олдини олиш учун ставкаларни олдиндан ўзгартириши керак эди. Чунки у ставкалар давлат курси пастлиги эътиборга олиниб белгиланган ва тадбиркорлик ҳам давлатнинг паст курсига мослашган эди. Ҳозир ҳам кеч эмас. Тарифлар камайтирилиши ёки умуман олиб турилиши керак, токи тадбиркорлик янги ўзгаришларга мослашиб олсин. Агар шундай қилинмаса, бозор касодга учрайди ва бу ҳозирдан бозорларда кузатиляпти, - дейди Шосалимов.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëевнинг 29 сентябр кунги қарори билан 1 октбярдан Ўзбекистонга келтириладиган озиқ-овқат¸ ун¸ ўсимлик ëғи¸ сариёғ ва картошка каби асосий истеъмол маҳсулотларига қўйилган акциз солиғи олиб ташланди.