OzodDayjest: “Барча кўргилик ва ситамнинг баҳоси 700 минг сўм маошми?”

Kun.uz сайти Тез тиббий ёрдам врачининг калтаклангани тўғрисида ёзди. Сайтнинг 12 сентябрда эълон қилинган материалида айтилишича, 10 сентябрь куни Мирзо Улуғбек тумани 5-бўлим Тез тиббий ёрдам бўлими шифокори Зафар Қаюмов ушбу тумандаги Қорасув 4-мавзеси 1-уй, 9-хонадонга касал кўришга борган.

Врач оғриб ётган болани кўраётган пайтда унга беморнинг отаси Абдумалик Каримов ташланиб, калтаклаган.

«Сен боламга қарамоқчи эмассан, билмайсан даволашни» қабилидаги иддаолар билан Зафарнинг ўнг кўзига мушт туширди. Гандираклаб ерга қулаган савлат бориб тиббий қутига урилди. Ўзининг аҳволи ночорлигига қарамай, беморга беғараз ёрдам кўрсатмоқчи бўлаётган шифокор хонадон эгаларининг минг маломат ва сўкинишлари остида ишини давом эттирган. Дағдаға ва беҳаё сўзларга парво қилмай, менга ишлаш учун имконият берасизми, деб ялинишни бошлайди...”, деб ёзди сайт.

Айтилишича, айни пайтда шифокор Зафар Қаюмов Республика Нейрохирургия илмий марказида даволанмоқда. У шифохонага етказилганда, бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, пешона юмшоқ тўқималарининг лат ейиши, кўз косаси гематомаси, субконюктивал ўнг томон кўзга қон қуйилиши ташхиси қўйилган.

Kun.uz муаллифи ўз материалини мана бундай сўзлар билан якунлаган:

“Кун охирлаб борар пайти, йўлда ўйланиб қолдим, барча кўргилик ва ситамнинг баҳоси 700 минг сўм маошми? Асло, ахир, шифокорлар орасида мана шундай халқ манфаати учун ҳар қандай қийинчиликларга чидаб келаётганлар бор-ку? Уни дўппослаб турган беморлар масаласини эса ҳуқуқ-тартибот орган ходимлари тегишлича ўрганиб чиқади, деган умиддамиз”.