Фоҳишахона мижозларини ҳайдаган аёл калтаклаб ўлдирилди

Турғуной Олтинова 30 январь куни олган жароҳатидан оламдан ўтди. (Суратда Т. Олтинова)

Наманганда фоҳишахонага келганларни ҳайдагани учун калтакланган аёл бир ҳафта ўтиб касалхонада жон берди. Гувоҳларнинг Озодликка айтишича, 23 январь куни Наманган шаҳар 4-кичик ноҳия, 40-уйда яшовчи 52 ёшли Турғуной Олтинова ушбу уйда қонунга зид равишда ташкил этилган фоҳишахонага келган мижозларни ҳайдаб, милицияга шикоят қилмоқчи бўлган пайти калтакланган.

Номаълум шахслар тарафидан калтакланганидан сўнг, оғир аҳволда Наманган шаҳар касалхонасига ётқизилган Турғуной Олтинова 30 январь куни олган жароҳатидан оламдан ўтди.

Марҳуманинг қўшниларидан бири Озодлик билан суҳбатда Олтиновани фоҳишахонага айлантирилган квартирага келган мижозлар калтаклаганини кўрганини айтди:

- Домимизда фоҳишахона бор. 23 январь куни кечки 10.45ларда ўшаларни олдига келганлар Турғуной опани калтаклаб кетишди. Мени ўзим кўрдим. Турғуной опа ҳаммаларингни милицияга бервораман, деб бақирганини эшитдик-да, ташқарига чиқдик. Чиқишимиз билан қочиб кетишди. Биттасининг юзида маскаси бор эди. Турғуной опа ерда қонга беланиб ётганди. Наманган шаҳар шифохонасига олиб бордик. Бир ҳафта ўтиб, мана бугун (30 январь. таҳр.) касалхонада жон бердилар, - дейди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган марҳуманинг қўшниларидан бири.

Наманган шаҳридаги 4-кичик ноҳия, 40-уй.

Наманган шаҳар Ички ишлар бошқармаси ходимлари Озодликка ушбу воқеани тасдиқлаб, Олтиновани калтаклаган шахслар қўлга олинганини билдирди:

- Учта эркак ушланди, бу бўйича тергов кетяпти, жиноят иши очилган, - дея гапни қисқа қилди, - Наманган ИИБси мулозими Озодлик билан суҳбатда.

Эркаклар аёлни нима учун калтаклаган?

Бу саволга ИИБ мулозими тергов сири важидан жавоб беролмаслигини айтди.

-Ҳозир тергов давом этяпти. Шунинг учун бу борада маълумот беролмаймиз, - деди милиция мулозими.

Айни пайтда марҳуманинг қўшнилари шу пайтгача милиция фоҳишаларга қарши чора кўрмаганини айтиб, бунга норозилик билдиришди:

- Бу домда ёш болали оилалар бор. Шунга қарамай домни фоҳишахонага айлантириб қўйишган. Ярим яланғоч кийинган қизлар, уларни кетидан шубҳали эркаклар кириб кетади. Ҳар куни шундай. Турғуной опа ҳар доим бу ерда ёш болалилар бор, деб улар билан урушар эди. Охири уни тинчитишди. Нега милиция жим? Мана шу бизни ҳайрон қолдиради, - дейди марҳуманинг яна бир қўшниси.

Наманган шаҳар 4-кичик ноҳия, 40-уй жойлашган маҳалла фаоли эса иддаоларни шундай изоҳлади:

- Мен энди олдин буни эшитмаганман тўғриси. Ҳозир у ëқ бу ëқдан эшитаман. Шунақалар бор деб эшитаяпман. Лекин, ўзим кўзим билан кўрмадим, нима қилмадим, - деди маҳалла фаоли.

Ўзбекистонлик мустақил журналист Носир Зокир ўзи яшайдиган Наманган шаҳрида сўнгги йилларда “фоҳишахонага айлантирилган” квартиралар кўпайгани, фоҳишахона ташкил этган ёки қайдсиз турган одамлар эса маҳалла ва бошқа назорат идоралари учун қўшимча мўмай даромад манбаига айланиб қолганини айтади:

- 6-микрорайонда бир аёл фоҳишаларни қўйиш учун олтита подъезднинг биринчи қаватини сотиб олган. Етти йилдан бери (фоҳиша) қўйиб келган. Ичида Италияни қимматбаҳо мебеллари, биллур қандиллари бор. Ҳалигиларни қўйиб, миллион-миллион пул топган. Ўшани наҳотки ҳар бир одамни уйига ҳар куни текширишга кириб турадиган маҳалла ёки участка нозирлари билмайдими? Демак, ўша участкавойи ҳам маҳалласи ҳам шулардан улуш олади, индамайди, - дейди Носир Зокир.

Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 131 моддаси – “Фоҳишахона сақлаш ёки қўшмачилик қилиш” бўйича фоҳишахонага айлантирилган квартиралар мусодара этилиши керак.

Фоҳишахона ташкил этиш ёки сақлаш — энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима ёки олти ойгача қамоқ ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг етмиш беш бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.