Хоразм вилоятининг Хива тумани Пишканак қишлоғида 8 яшар қизча бедарак йўқолган. Қизнинг отаси Ҳушнуд Ёқубов Озодлик билан суҳбатда унинг Диана исмли қизи 3 октябр куни куни уйи олдида изсиз ғойиб булганини айтди. Хоразм милицияси йўқолган қизни кўрган-билганлардан маълумот беришни сўрамоқда, йирик миқдорда суюнчи пули ҳам ваъда қилмоқда.
Ҳушнуд Ёқубов саккик ёшли қизи йўқолгани ҳақидаги маълумотни ижтимоий тармоқларда эълон қилди ва одамлардан қизини топишга ёрдам сўради.
Озодлик билан суҳбатда Ёқубов қизи 3 октябр куни соат 16.30лар атрофида кўчада ўйнаб юрган пайтда ғойиб бўлганини айтди.
- Ўша куни дадамни уйида Худо йўлига эҳсон берилаётган бўлган. Қизим мактабдан келиб, дадамникига борган. Бизни уй билан дадамни уйини ораси 400 метр. Дадамни уйи олдида ўйнаб юриб ғойиб бўлган. Мана ўн кун ўтди дараги йўқ, - дейди Ёқубов.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Қизнинг отаси ўн йилдан буён Россияда ишлайди. Қиз бобоси ва бувиси қарамоғида қолган.
- Қизим йўқлганини эшитиб 5 октбярда келдим. Ўзим Россияда қурилишда ишлайман. Тирикчилик. Онаси ҳам эрталаб 7да ишга кетади, кечқурун келади. Қизим мени дадам ва онамни қарамоғида. Ягона фарзандимиз, - дейди Ҳушнуд Ёқубов.
Хоразм вилояти ИИБси қизчани қидириш ишига Ички ишлар вазирлигидан муьахассислар жалб этилганини айтишди.
Милиция йўқолган қизни кўрган-билганлардан маълумот беришни сўрамоқда, йирик миқдорда суюнчи пули ҳам ваъда қилмоқда.
- Қизалоқни қидириш ишлари давом этмоқда. Уни кўрган-билганлар маҳаллий милициянинг 998623753654 телефонига қўнғироқ қилишлари мумкин, - деди Хива ИИБсининг Озодлик боғланган ходими.