Ўз ўқувчиларини қаторасига териб, ҳақоратли сўзлар билан бирма-бир дўппослаган наманганлик коллеж ўқитувчиси ишдан бўшатилди.
Наманган Савдо ва маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Фарҳод Каримов ўқувчиларни сабабсиз дарс қолдирганини пеш қилиб, русча сўзлар билан ҳақорат қилаётгани ва дўппослаётгани акс этган видео 27 октябр куни ижтимоий тармоқда тарқалган эди.
Айни пайтда айрим ота-оналар ўқитувчи "қаттиққўл ва талабчан" эканини айтиб, коллеж раҳбариятига уни ишга қайтаришни сўраб мурожаат этган.
Озодлик суҳбатлашган Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мулозимига кўра, воқеа жорий йилнинг 25 октябр куни касб-ҳунар коллежида бўлган.
27 октябр куни коллеж ўқитувчиси ўқувчиларини калтаклаши акс этган видео ижтимоий тармоқлар ва Озодлик Facebook каналида тарқалиши ортидан айни воқеа юзасидан коллежда йиғилиш ўтказилган ва ходимлардан бундай ҳолатларни такрорламаслик талаб қилинган.
10 йилдан кўпроқ педагогик тажрибага иқтисодиёт ўқитувчиси Фарҳод Каримов билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Наманган шаҳридаги Савдо ва маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг исмини айтишни истамаган мулозими ўқитувчининг ишдан бўшатилганини тасдиқлади.
- Унга интизомий чора қўлланилиб, ишдан бўшатилди. Қолган ўқитувчилар бундай хатти-ҳаракатлар қабул қилиб бўлмас ҳол экани ҳақида огоҳлантирилди, - деди коллеж мулозими.
Айни пайтда айрим ота-оналар ўқитувчи "қаттиққўл ва талабчан" эканини айтиб, коллеж раҳбариятига уни ишга қайтаришни сўраб мурожаат этган.
"Талабчан муаллим"
Ўғли Наманган шаҳридаги Савдо ва маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида ўқийдиган ота-оналардан бири Озодлик билан суҳбатда ишдан бўшатилган муаллим коллежнинг энг талабчан муаллимларидан эканини айтади.
- Ўзи жуда яхши одам. Жуда қаттиққўл ва талабчан. У ҳам болалар сабабсиз дарсни қолдирмасин, деб жон куйдиряпти-да. Ҳозир биз, ўнга яқин ота-она, коллеж раҳбариятига шу ўқитувчини ишга қайтаришни сўраб мурожаат қилдик, - дейди исми сир қолишини сўраган наманганлик коллеж ўқувчисининг онаси.
Айни пайтда наманганлик бошқа бир она ўқувчиларига қўл кўтарадиган муаллимга коллежда ўрин бўлмаслиги кераклигини айтади.
- Мен шу видеони кўрдим. Айтиб бўлмайдиган сўзлар билан болаларни ҳақоратлаяпти. Педагог болаларни етакловчи бўлади. Шуми бизда ўқитувчи? Бундай тарбия берадиган педагоглардан келажакда ким чиқишини тасаввур қилиш қийин эмас, - дейди наманганлик бошқа бир коллеж ўқувчисининг онаси.
Қўрқиб қолдим
Бошқа мактаб ва коллежларда ҳам ўқитувчилар ўқувчиларини дўппослаётгани ёки ҳақоратлаётгани акс этган видеолар интернетда бундан олдин ҳам тарқалган.
Ўқувчининг онаси даъвосича, ўқитувчи фарзандини сўнгги бир ой ичида камида икки марта аёвсиз калтаклаган.
Ўқитувчи биринчи ҳолат юзасидан боланинг ота-онасидан кечирим сўраган ва бошқа қайтарилмаслигини ваъда қилгач, у жазосиз қолган.
Лекин калтаклаш иккинчи марта рўй бергач, боланинг онаси муаллимга нисбатан жазо кўрилишини талаб қилиб, ҳуқуқ-тартибот идораларига шикоят қилганди.
Калтакланган 1-синф ўқувчисининг онаси Азиза Муҳамедова Озодлик билан суҳбатда шундай дейди:
- Халқ таълими вазирлигидагилар қаёққа қараяпти. Мен шикоят қилиб борсам "боланг тирикку, шукур қилмайсанми", деб айтишяпти. Mактаб директори ҳам ўқитувчининг ёнини оляпти. Ҳозир боламни мактабга юборишга ҳам қўрқиб қолдим, - дейди Азиза Муҳамедова.
Ўтган ҳафта Тошкентдаги бошқа бир мактабда ўқувчи дарс пайтида физика ўқитувчисини уриб, бурнини синдиргани ҳақда Озодлик хабар берган эди.