Тошкентлик 28 яшар тадбиркор Фируз Аллаев буюк инглиз ëзувчиси Жорж Оруэлл тарафидан 1949 йилда ëзилган антиутопия жанридаги энг машҳур китоб - “1984” романини ўзбек тилига таржимаси ва нашр қилинишини молиялади. Newsweek журнали тарафидан тузилган “Инсоният тарихидаги энг зўр 100 китоб“ рейтингида иккинчи ўринда турадиган бу роман Марказий Осиëда илк марта таржима қилинди.
Жорий йилнинг 12 ноябрида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги тарафидан босишга изн берилган бу асар ëзувчи Карим Баҳриев таржимасида “Ниҳол” нашриëтида 5000 ададда босилди. Китоб чиқаришга пул тиккан «Asaxiy Books» лойиҳаси раҳбари Аллаевнинг Озодликка айтишича¸ “адад чекланмаган”:
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
- Буюртма асосида нашриёт бизга китоб чиқариб бераверади. Ҳали китоб чиқмасиданоқ 700 киши буюртма берган эди.
Китобни чиқаришда ташкилотчилик қилган филолог Элдор Асановнинг Озодликка айтишича¸ “Жорж Оруэлл романидан ташқари Нобель мукофоти совриндори Ўрхон Памуқнинг “Менинг отим қирмизи” романи ҳам айни лойиҳа доирасида нашрга тайëрланмоқда”.
Айни пайтда антиутопик романнинг ўзбек тилидаги таржимаси тор китобхон доирасидагина ўқилиб, кенг китобхонлар оммасига бориб етмаслиги ҳақида ҳам айтилмоқда.
Элдор Асановнинг фикрича, китобнинг электрон ва аудио вариантлари ҳам чиқарилса “ўқувчилар доираси анча кенгаяди”.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
"Шунингдек, китобнинг лотин ëзувидаги варианти ҳам чиқарилиши режаланган", деди Асанов.
Китоб нима ҳақда ?
Бу китобнинг ўта машҳур ва муҳимлиги ҳақида Озодликка гапирган таниқли ëзувчи Ҳамид Исмоиловга кўра¸ асар бугунги Ўзбекистонни таҳлил қилиш учун “мия хамиртуруши ролини ўйнайди”:
- Асар таржимони Карим Баҳриевни муборакбод қиламан. Асар хаëлий тоталитар давлатнинг партия аъзоси ҳукумат қудратига қарши туришга ҳаракат қилгани ҳақида. У ўз тафаккурини “буюк оға” манипуляциясидан” ҳимоя қилишга тиришади.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Ҳамид Исмоиловнинг фикрича, “китоб 1949 йилнинг ўзидаëқ ўзбекчага таржима қилингани” маъқул эди.
Жорж Оруэллнинг "1984" романидан парча
«Ғалаба» уйи эскирган бино эди, 1930 йилда ё шу атрофда қурилганди, ҳозир буткул путурдан кетган эди. Деворлар ва шифтдан доим сувоқ кўчиб, тўкилар, ҳар бир қаттиқ совуқда қувурлар ёрилар, озроқ ёмғир ё қор ёғса, томдан сув сизиб ўтар, иситиш тизими ярим босимда ишларди — албатта, агар иқтисод нуқтаи назаридан ўчириб қўйилмаган бўлса. Агар ўзинг тузата олмасанг, тузатиш ишлари олиб бориш учун юқори мартабали комиссияларнинг фармойиши зарур бўларди, улар эса оддий деразанинг синган ойнасини тузатиш масаласини ҳал қилиш учун икки йиллаб мажлис қиларди. (таржима Карим Баҳриевники)
Нега айнан бу китоб таржима қилинди?
Бу саволни лойиҳа раҳбари Фируз Аллаевга бердик.
- Facebook ва ижтимоий тармоқларни кузатганимизда, одатда кўп китоб ўқийдиган блоггерларимиз, зиёлиларимиз ёшларимизга қайсидир китобни маслаҳат берганларида, биринчи бўлиб одатда «ўзбек тилида борми?» деган савол қайта ва қайта такрорланишини кўп кузатдим. Ўша вақтлардаёқ ўзбек тилига қачон таржима қилинар экан машҳур китоблар, ким таржима қилар экан деб кўп ўйлардим ва аста-секинлик билан мияда лойиҳа шаклланиб бошлади. Июль ойида Европадаги сафарим давомида Франциядаги китоб бозорини жуда катта қизиқиш билан ўргандим, кўплаб саволларга жавоб топдим ва янада янги фикрлар, янги шижоат билан қайтиб келдим. Танланган китоблар таржимонларга бўлиб берилди ва жараён бошланди. Илк таржимаси тугатилган кироб Жорж Оруэллнинг дунёга машҳур «1984» романи бўлди¸- деди Аллаев.
Инсоният тарихидаги энг зўр китоблардан бири
Роман муаллифи 1950 йилда оламдан ўтган Жорж Оруэлл бугун кенг ишлатиладиган «совуқ уруш» атамасининг муаллифи ҳисобланади.
Китоб 2003-йилда BBC томондан тузилган “Инсоният тарихидаги энг зўр 200 китоб“ рейтингида 8-ўринни эгаллаган
2009-йилда “Times“ нашри “1984“ романинг “Энг зўр 60 китоб“ рейтингига киритган.
“Newsweek“ журнали “Инсоният тарихидаги энг зўр 100 китоб“ рейтингида “1984“ романига иккинчи ўринни берган.
Китоб 1988-йилгача СССР ҳудудида расман тақиқлаб қўйилган.
Асарда “икки карра икки - беш“ деган машҳур ибора бор. Ушбу ибора Оруэллнинг хаёлига Совет Иттифоқидаги «пятилетку в четыре года» шиорини эшитгандан сўнг келган.
“Apple“ширкати 1984 йили машҳур режиссёр Ридли Скот билан бирга чиқарган рекламада "1984“ романидан иқтибос келтирилади.
Роликда IBM компютери “Катта оға“ сифатида тақдим этилади.
Умуман, жаҳонда турли фильм ва китобларда диктатура ва тоталитаризм рамзи сифатида бу китобдан иқтибос келтириш урф бўлган.