“Дунёнинг 100 та буюк карикатурачи рассоми” рўйхатига киритилган 60 яшар ўзбек рассоми Маҳмуджон Эшонқуловнинг "Муштум" журналининг 2018 йил 1 сонида чоп қилинган карикатураси ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегментида баъзи радикал диндорлар ғазабига нишон бўлди.
Баъзи радикал кайфиятдаги диндорлар рассомга ўлим таҳдиди билан чиқишди. Ўзбекистондаги "Муштум" журналининг жорий йил 1- сонида (1802- сони) чоп қилинган карикатурада қора байроқ кўтарган жангарилар қурол ëрдамида аëлларни қора чодра кийишга мажбурлагани акс эттирилган.
Бу карикатура "Муштум" журналининг facebookдаги саҳифасида нашр қилиниши ортидан рассом ва у чизган карикаткрага нисбатан нафратга тўла таҳдидли изоҳлар ëзилди.
9 март куни бу карикатура Озодликнинг facebookдаги саҳифасида чоп қилинганида рассомга ўлим билан таҳдид қилинган 30 дан зиëд изоҳ келди. (Озодлик бу изоҳларни ўз фейсбукидан олиб ташлади ва уларнинг мазмунида таҳдид ва ҳақоратлар бўлгани боис, аниқ иқтибос келтирмаймиз -таҳр.)
Келган изоҳлар орасида карикатура ва унинг муаллифига нисбатан ижобий фикр билдирганлар ҳам бор.
Ижобий изоҳ қолдирган озчилик вакили Хуршид Йўлдошев рассомга қилинган таҳдидлар замирида "Санъатни тушунмаслик" ëтганини таъкидлайди:
- Ҳар қандай фикр турлича йўллар билан билдирилади. Масалан, мен "ҳижобга руҳсат беришларига қаршиман", деб айтишим мумкин, ёзишим мумкин ёки расм ишлаб, шу орқали ўз фикримни, позициямни билдиришим мумкин. Шунча одам ҳижобга қарши ёзиб ётибди, уларнинг устидан бирор ким шикоят қилмаяпти. Аммо нима учун худди шу фикр расм орқали берилса, муаллиф жазоланиши керак? Абсурд нарсаку бу?! Бу ерда фикр эмас, ифода воситаси устидан шикоят қилиняпти. Ўзи аслида, ўша карикатурада муаллиф ҳижобга эмас, мажбурлаб ҳижобга киритишга қарши фикр айтган, менимча. Чунки тасвирдаги қуролланганлар бежизга эмас. Бу карикатура маълум маънода динда мажбурлаш йўқлигини ҳам ифодалайди. Ва экстремизмга қарши йўналган. Шикоят қилувчилар шуни тушунмаяпти ёки ўзлари ўша экстремистларга хайрихоҳ¸ деб ëзди юзер Хуршид Йўлдошев .
Рассом Маҳмуджон Эшонқуловнинг ўзи ҳам Озодлик билан суҳбатда таҳдидлар билан юзма-юз қолганидан ҳавотир билдирди.
Карикатура билан танишган тошкентлик санъатшунос Акмал Ризаевга кўра, “асар ИШИД жангариларининг аëлларга қарши зўравонлигини акс эттиради”.
Ўзбекистонда қора байроқ тарафдорлари шунча кўпми?
Озодлик билан 13 март куни гаплашган санъатшунос Ризаев ўз фикрини давом эттириб “ Карикатура муаллифи таниқли рассом¸ Европа ва Лотин америкасидаги конкурслар ғолиби Маҳмуджон Эшонқуловнинг бу асарига қарши чиқаëтганлар ўзларининг “Қора байроқ кўтарган ИШИД ва Толибон режими тарафдори эканлигини фош қилишган. Бу жуда ëмон симптом. Экстремизм учун Ўзбекистонда замин мавжудлигининг симптомидир”, дейди санъатшунос. Ризаевга ¸ “Туризм ривожланиши ва Ўзбекистонга чет эллик туристлар келишини истаëтган ҳукумат мамлакатдаги радикал диндорларнинг кейинги пайтда кўпайган чиқишларидан келадиган зарар ҳақида ўйлаб кўрсин”, дея тавсия берди.
Башаранг қийшиқ бўлса ойнадан ўпкалама..
Озодлик шу кунларда ўзининг 60 ëшини нишонлаган рассомнинг ўзи билан 12 март куни суҳбатлашди. Суҳбат давомида рассом “Қодирий асос солган даврдан то бугунгача 95 йил мобайнида қадимчи мутаассибларни танқид қилиб келган “Муштум” журналининг тиражи камайгани ва аҳолининг саводи¸ интеллектуал савияси тушиб кетганидан нолиди.
Рассом Маҳмуджон Эшонқулов Каримов даврида мажозий карикатура чизиб “Тош юмалатишга қурби етмай қолган қари диктатор” тасвири орқали “диктатуранинг самарасиз бошқарув услуби эканлигини” уқтирган эди.
Рассомга президент ҳам фикрдош
Айни пайтда рассом ўзини мамлакат президенти Шавкат Мирзиëев билан фикрдош эканлигидан севинчини ҳам яширмайди?
- Мен шу пайтгача расм қилиб чизган тушунчаларни президент сўз билан айтаяпти.”Каламуш”¸ “Ғўдайган ит” “Столбани қамайдиган СНБчи”. Ахир буларни мен 3-4 йил олдин чизганманку! "Мирзиёев мулозимларни каламуш ва ғўдайган ит деса индамайдиганлар¸ мен шуни расм қилиб чизсам, менга таҳдид қилишмоқда", дея таъидлаган рассом “башаранг қийшиқ бўлса ойнадан ўпкалама”, дея сўзини тугатди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Ўзбек карикатурачиси Маҳмуджон Эшонқулов Бразилияда бўлиб ўтган "Piracicaba-2017" халқаро юмор фестивалининг Tira мукофоти соҳиби бўлган эди.
Маҳмуджон Эшонқулов “Дунёнинг 100 та буюк карикатурачи рассоми” рўйхатига киритилган ижодкорлардан бири.
Ўз фаолиятини “Муштум” журналида бошлаган Эшонқулов¸ Ўзбекистон Республикасининг “Дўстлик ордени” соҳибидир.
Озодлик радиоси таниқли рассомни 60 ëшлик тўйи билан қутлайди ва унга ижодий парвозлар тилайди.