Tutu.ru сайёҳлик сервиси маълумотларига қараганда, куз фаслида Россиядан учаётган авиайўловчиларнинг энг кўпи ўзбекистонликлардир.
Сервис ўтказган тадқиқотга кўра, 1 сентябрдан 30 ноябрга қадар борди-келди авиачипта нархи 22,5 минг рублни ташкил этиб, бу ўтган йилга нисбатан 7 фоиз арзонроқдир.
Лекин, мигрантлар ва сайёҳлар Россиядан Ўзбекистонга сотилаётган авиабилетлар қўшни давлатларга нисбатан анча қиммат эканидан норозилик билдирмоқда.
Tutu.ru сайёҳлик хизмати орқали 2018 йилнинг 1 сентябридан 30 ноябригача Россиядан энг кўп авиачипта сотилган мамлакатлар рўйхати Ўзбекистон, Грузия ва Италия билан бошланиши маълум қилинди.
“Авиапорт” нашри тақдим этган тадқиқот натижаларига биноан, келгуси уч ойга сотилган билетларнинг 10,7 фоизи Ўзбекистонга сотилган. Tutu.ru сайёҳлик хизмати ўтган йилда Ўзбекистон 6,5 фоиз билан бу рўйхатда 3 ўрин эгаллагани маълум қилинганди.
Шунингдек, Ўзбекистон шаҳарларига сотилган чипталарнинг икки томонга ўртача нархи ҳам очиқланди. Ўтган йилнинг кузида битта борди-келди чипта ўртача 24 144 рубл (371 АҚШ долл.) турган бўлса, 2018 йилда билет нархлари 22570 рублни ташкил этди.
Шу тариқа, Озарбайжон (+39%), Молдова (+32%), Қозоғистон (+32%), Тожикистон (+17%) Қирғизистон (+5%) давлатларига авиабилетлар нархлари кўтарилган бир пайтда, Ўзбекистонга чипта нархлари 7 фоизга арзонлагани кузатилди.
Агентлик тадқиқотчилари Россия билан яқин қўшни саналган мамлакатларга энг оммабоп авиарейслар рўйхатини ҳам келтирганини кўриш мумкин. Унда бирданига 10 фоизга арзонлаган Москва-Тошкент йўналиши 4- ўринни эгаллади.
Россиялик мутахассислар ўтиб бораётган ёз фаслида рус сайёҳлари учун энг оммабоп йўналишлар бешлигига айнан Ўзбекистон ҳам киритилганини алоҳида урғуламоқда.
Бироқ, Ўзбекистон йўналишида чипта сотиб олганларнинг қанчаси россиялик сайёҳлару, қанчаси ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари экани тўғрисида маълумот берилмаган.
Озодлик суҳбатлашган ўзбек муҳожирлари ҳар кузда Россияда кириб келаётган совуқлар ва катта қурилиш ишлари тугаши фаслида ўз юртларига қайтишини одатий ҳол деб атади.
Москвада узоқ йиллардан бери меҳнат қилаётган андижонлик Раъно Ҳакимова фикрича, айнан салқин тушган куз Ўзбекистонда турли тадбирлар фаслидир:
- Биринчидан, иссиқ пасайиб, кузда Россия билан мулоқот кучаяди. Кузда “Ўзбекистонга боринглар”, деб реклама қилинади. Тошкентда ва бошқа шаҳарларда катта тадбирлар айнан кузда ўтказилади. Ёзда иссиқда россияликлар бошқа давлатларга кетади, кузда эса Ўзбекистон ёзга ўхшайди. Кейин, мевалар пишган вақт – тўй фасли бошланди. Кунига бизда тўй! Ва энг асосийси – Мустақиллик байрамига боради одамлар. Деҳқонлар, фермерлар кузда ҳосилларини сотишиб, тўй қилишади ва меҳнат мигрантлари ҳам шу сезонга уйга шошилади.
Яна бир суҳбатдош – наманганлик Адҳам, октябрда Ўзбекистонга кетишни мўлжалламоқда.
Қирғизистон орқали авиачипта сотиб олганини айтган Адҳам, кузда совуқ тушиши билан катта-катта қурилишларда ишлаётган ўзбек муҳожирлари Ўзбекистонга қайтади, дейди:
- Асосан қурилишда ишлайдиганлар кузда кетади. Буни ҳамма ҳам билади! Мана менинг танишларим ҳаммаси кузга билет олган. Шу сабабли “Ўзбекистон ҳаво йўллари” кузда Ўзбекистонга боришни қиммат, келишни арзон қилади. Баҳорда эса аксинча – Россияга келиш қиммат, қайтиш арзон. “Ҳаво йўллари” рус компанияларига қараганда 1,5 – 2 минг рубл арзонроқ юради, чунки юкни кўпроқ олишга рухсат беради. Ҳозирда кейинги ойга кетишга 16 мингга билет олди болалар – ўтган йилга қараганда 2 мингча арзонроқ. Қирғизистондан бориш 10 минг – икки-уч кундан кейин кетаман мен ҳам.
Ўзбекистон йўналиши бўйича кетаётган учоқларга чипта нархи қўшни давлатларга нисбатан сезиларли даражада қиммат бўлиб келаётгани ўзбек мигрантлари норозилигига сабаб бўлаётгани маълум.
Айни пайтда, Ростуризм 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар сони 22 фоизга ошгани тўғрисида маълумот берди.