Тошкентнинг Юнусобод тумани, 11 квартал, 17 уй ëн деворига Францияда туғилиб, СССРда ишлаган таниқли ака-ука рассомлар Петр ва Николай Жарскийлар тарафидан 1966 йили яратилган мозаика устини оқ бўëқ билан бўяб қўйишди. Ўзбекистон маданият вазирлиги мулозими Озодлик билан суҳбатда «вандализм» деб баҳолаган қилмиш 12 июль куни амалга оширилган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги мулозимига кўра¸ мозаикани бўяш ишлари Юнусобод туман коммунал таъмирлаш-тиклаш авария хизмати хизмати ходимлари тарафидан амалга оширилган. Хизмат ишчилари эса, асарни ўчириш борасидаги буйруқни Юнусобод туман ҳокими Бахтиëр Абдусаматов берганлигини Озодлик мухбирига айтишди. Туман ҳокимлиги бу ҳодиса борасида Озодлик саволига жавоб бермади.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги Шаҳарни режалаштириш, архитектура ва дизайн бўйича экспертлар қўмитаси бино фасадларидаги декоратив паннолар вайрон қилинганига оид масалани 18 июль кунги мажлисида муҳокама қилади. Бу ҳақда ҳокимлик вакили Озодликка билдирди. Унга кўра¸ бино фасадларидаги декоратив панноларни тиклайдиган мутахассислар ҳам қўмита мажлисига таклиф этилган. Айни қўмита эълон қилган сўровда қатнашганларнинг 91 фоизи мозаик панноларнинг қайта тикланишини ëқлаган.
Ўчирилган расм ҳақида
Тошкентлик меъмор Абдумалик Турдиевнинг 17 июль куни Озодликка айтишича¸ Юнусободдаги мозаика “Тошкентда вайрон қилинган биринчи деворий асар эмас”.
- Сўнгги 25 йил ичида санъат ва меъморчиликни умуман тушунмайдиган жоҳил ҳокимчалар буйруғи билан юздан зиëд панно йўқ қилинди. Бу панноларда совет символикаси бор дея бузишди. Масалан “Шарқ” матбаа концерни биноси пештоқидаги мозаик лавҳада “Правда” газетаси кўриниб қолгани учунгина йўқ қилинди. 12 июль куни Юнусобод ҳокими буйруғи билан ўчирилган мозаика панносида совет символикаси умуман йўқ. Петр ва Николай Жарскийлар асосан шарқ мотивларини акс эттиришган¸ - дейди меъмор.
Тошкентлик кекса декоратор рассом Юрий Кузнецов Озодлик билан суҳбатда бу асар тарихини гапириб берди:
- Мен 1966 йилда Петр ва Николай Жарскийларга ëрдамчи бўлиб ишлагандим. Петр Франциядаги рассомлик билим юртини тугатган¸ француз тилида бемалол гапирарди. Улар Францияда оқ гвардиячи эмигрант олиласида туғилишган. Уруш пайтида СССРга келиб, рассомликни ўқиб, шу ерда қолиб кетишган.1966 йилда у 32 ëшда эди¸ ҳозир ҳаëтми ëки ўлганми билмайман. Укаси Николай билан келиб Тошкентдаги уйсозлик комбинатига ишга киришди. Зилзиладан вайрон бўлган Тошкентни чиройли қиламиз деган романтик идея билан келишди. Ўша пайтдаги раҳбарлар уларнинг идеясини қўллаб қувватлади. Ленинграддан энг сифатли ва энг ëрқин смальта тошларини Тошкентга совға деб олиб келишди. Юнусободдаги мозаикада ҳам ана шу сифатли смальта ишлатилган. Ўзим болға билан майдалаб бергандим. Расм темаси дунë цивилизацияси ҳақида . Паннода Миср эҳромлари¸ Бағдоддаги қасрлар тасвири ва Бухоро гиламларидаги нақшлар ишлатилган, - дейди тошкентлик расссом.
Маданият вазирлиги хавотирда
Ўзбекистон маданият вазирлиги мулозими Мавлуда Асқархўжаева Озодлик билан 17 июлдаги суҳбатда юз берган воқеани “вандализм” деб атади:
- Биз Самарқанд ва Шаҳрисабздаги қадимий обидалар бузилиши мисолида барча мутасадди ташкилотларни жиддий огоҳлантирганмиз. Санъат ва маданият билан ëдгорликларга Маданият вазирлигидан изн олмасдан тегмаслик ҳақида тушунтирдик. Мана бугун эрталаб ижтимоий тармоқда таниқли рассом яратган мозаик панно бузилгани ҳақида ўқидим. Бу вандализм борасида ҳавотир билдирамиз. Бу ишни қилганлар қонунда белгиланган тарзда жавоб беришади¸ - деди Ўзбекистон маданият вазирлиги мулозими.
Менинг шаҳрим
Мозаика ўчирилган мавзеда истиқомат қилган ва туман ҳокимлиги ишчиларининг девордаги расмни ўчираëтгани акс этган фотоларни жўнатган 32 яшар Шерзод Эгамбердиев Озодлик билан суҳбатда маҳаллий амалдорлар савиясизлиги боис шаҳар ўз жозибасини йўқотаëтганидан ташвиш билдирди:
- Мен Тошкентда шунақа уйлар ичида ўсдим, бу менинг Тошкентим. Расмда ҳеч қанака политика, совет пайтидаги символика йўқ. Менинг фикрим буйича, бу санъатни умуман билмаган, таппи ëпишган девордан бошқа нарсани тушунмайдиган ҳозирги бюрократлар нафақат Тошкентни, балки бутун ватанимиз безакларини ўлдирмоқдалар Чунки улар Ўзбекистон ва Тошкентнинг ота -боболаримиз яратган меъморий қиëфасини севмайдилар хам, тушунмайдилар хам. Мен таниқли режиссер Марк Вайл ишлаган “Йўқотилган Тошкент” фильмида бу муаммо кўтарилганини биламан. Фильм олинганидан бери ўткан 18 йил давомида Тошкент қайта ва қайта варварларча бузилди¸ дарахтлари кесилди. Марҳамат қилиб, Юнусобод ҳокими ўз чўнатгидан пул чиқариб бу мозаикани қайта тиклаб берсин,- дейди суҳбатдош.
Маҳаллий геростратлар
Маҳаллий амалдорлар ëдгорликларни “таъмир қиламиз”, деган баҳона билан вайрон қилгани ҳақида Озодлик қатор мақолалар эълон қилган.
Қўқон расмийлари буйруғи билан театр деворидаги асар “исломга зид” дея бузиб ташлангани ҳақидаги Озодлик мақоласи ортидан ўтган ойда Маданият вазирлигида ишчи гуруҳ тузилган эди.
2016 йилда Тошкент метрополитени бошқармаси “Алишер Навоий” метро бекати деворларидаги таниқли рассом Чингиз Аҳмаров ижодига оид ложувард кошин панноларни оддий мойбўëқ билан “бўяб” санъат асарига путур етказган эди.
Ўшанда¸ Ўзбекистон халқ рассоми Чингиз Аҳмаров томонидан ишланган саккизта паннодан учтасини қўпол равишда “таъмир” қилишга улгурган метро раҳбарияти айбини тан олган ва “таъмирлаш”ни тўхтатиб, керамика устига сурилган бўëқни сидириб ташлашга қарор қилган эди.