9 май - Хотира ва қадрлаш куни кенг нишонланаëтган айни кунларда¸ Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари уруш фахрийларига кўрсатилаëтган иззат-икром ҳақида махсус дастурлар ҳозирламоқда.
Уларда оиласи¸ маҳалла-кўй¸ қолаверса¸ ҳукумат эъзозида яшаëтган уруш ва меҳнат жабҳаси фахрийларини кўриш мумкин.
Ислом Каримов¸ қолаверса¸ Шавкат Мирзиëев йил сайин сийраклашиб бораëтган бундай фахрийларга моддий ва маънавий¸ қолаверса¸ тиббий ëрдам кўрсатишга доир қатор ҳужжатларни имзолаган.
Бу қарорлар умумиятла ижро этилаëтган бир пайтда¸ айрим фахрийларнинг қаровсиз қолаëтгани ҳам кузатилмоқда.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Тошкент шаҳридаги “Бошқирд татарлари жамияти” 9 май - Хотира ва қадрлаш куни арафасида Озодликка қаровсиз қолган фахрийлардан иккитасининг аянчли аҳволи ҳақида маълумот йўллади.
Жамият фаоли Албина Султонова Сергели туманининг "Ёрқин ҳаёт" маҳалласидаги бир хонали квартирада ёлғиз яшаётган меҳнат фронти фахрийси Зайтуна Сайфуллинанинг уч йилдан буён тузук-қуруқ овқат емаганини айтади. Унга кўра¸ юролмай қолган 90 яшар бу меҳнат фахрийси бировнинг ëрдамисиз овқат ейиш ëки ювинишга ярамайдиган ҳолга тушган.
Султоновага кўра¸ бундай ëрдамга муҳтож қарияларга хизмат кўрсатиши лозим бўлган Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича бошқармаси ходимлари бу аëл ҳолидан деярли хабар олмай қўйган:
- Уруш фахрийси билан 10 кун бирга бӯлдик. Ижтимоий ёрдам ходими кунига бир мартагина келар эди. Қӯшнилари бу кампирнинг бақиришидан шикоят қилишган. Оч қолиб кетган. У ўзи мустақил овқат еёлмайди, мустақил ванна ҳам қабул қилолмайди, мунтазам қаров керак. Қарздорлиги сабаб¸ уйини иссиқ сувдан ҳам узишган. Ҳар куни ҳолидан хабар олиши керак бўлган Сергели тумани тиббий-ижтимоий ёрдам ходимлари келмаган, - дейди Албина Султонова.
Зайтуна Сайфуллина уруш йилларида Бошқирдистонда қурол заводида ишлаган. Уруш тугаганидан сўнг у Ўзбекистонга келган ва Тошкент шаҳар транспорт бошқармасида ишлаган.
“Бошқирд татарлари жамияти” фаоли Албина Султонова Россия элчихонасининг молиявий кўмагида ёлғиз қолган татар-бошқирд фахрийларига ёрдам бериш йўлга қўйилганини айтади:
- Бармоқ билан санарли даражада қолган уруш фахрийларининг Тошкентда бу қадар аянчли даражада кун кўришидан одам даҳшатга тушади. 90 ёшли ветеран 10 кун битта памперсда қолиб кетган. Биз шу аҳволни кўриб, уларга Россия элчихонаси кўмаги билан ёрдам қилишга ҳаракат қилаяпмиз, - дейди Султонова.
Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 1995 йил 27 майда имзолаган “Ўзгаларнинг ижтимоий ёрдамига муҳтож кексалар ва нафақахўрлар, ногиронларга ғамхўрлик кўрсатиш” тўғрисидаги қарорига мувофиқ¸ тиббий-ижтимоий муассаса ходимлари бундай тоифадаги одамлар ҳолидан хабар олиб туриши керак.
Сергели туманидаги “Тиббий-ижтимоий марказ” масъулларидан бири Дилфуза Тўхтаева Озодлик билан суҳбатда уруш фахрийларининг қаровсиз қолганига оид Озодликка билдирилган иддаоларни рад этишга уринди:
- Сергели туманида 40 та фахрий бўлса¸ шуларнинг ҳар бирига ижтимоий марказдан бир одам қарайди, кечаси маҳалладан одам беркитилган. Уларга пенсиясидан ташқари 170 минг сўмлик озиқ-овқат ҳар ойда берилади. Пенсиясини ўзи олади, имзо қўйиб. Кейин памперсга ишлатилади, нима хоҳласа¸ шу пулга олиб келиб берилади. Уйи қарз бўлса¸ 2012-2013 йилдаги қарзлари қолиб кетган, у пайтда бу аёл қарамоғимизда бўлмаган, шундан қарз бўлиб кетган. У қарз учун биз жавоб бермаймизку, - дейди Дилфуза Тўхтаева.
“Бошқирд татарлари жамияти” фаоли Албина Султонованинг айтишича, қаровга муҳтож фахрийлар орасида уйини ҳолидан мунтазам хабар олишни таклиф этадиган квартира қаллобларига инъом қилиб, ўзлари кўчада қолганлари ҳам бор:
- Яна бир уруш фахрийси бор, Нуралиева Октябрина, у деярли кўчада қолган. Квартираси қўлма-қўл бўлган. Қараб турамиз, деб кимлардир квартирасига эгалик қилиб, ўзи кўчада қолган. Ҳозир бу аёл Миробод туманидаги олдинги "Машинасозлар" ётоқхонасида яшайди, у ҳам ёрдамга муҳтож, - дейди Албина Султонова.
Сергели туман Соғлиқни сақлаш бўлими қошидаги Тиббий-ижтимоий марказ масъулларидан бири Дилфуза Тўхтаева Озодлик билан суҳбатда уруш фахрийларининг уйларига эгалик қилишга уринаётган қаллоблар борлигини эътироф этади:
- Бизнинг қарамоғимиздаги қарияларни уйига борсак¸ қандайдир шубҳали одамлар ўзларича ғамхўрлик қилаётганини кўрамиз. Қариялар ҳам бир-икки кило гўшт олиб келиб берса¸ уларга уйини инъом қилишга рози бўлиб туради. Лекин ҳозир кўпчилик ветеранлар буни билади. Уйларини запретга қўйган. Чунки булар давлат муҳофазасида, уйлари ҳам. Ҳеч ким сотолмайди, ҳеч ким ололмайди. Мабодо оламдан ўтса, олти ой ичида ҳеч ким чиқмаса, қариндоши меросхўри чиқмаса, давлат ҳисобига ўтади. Биронта ногиронга берилади, болалар уйидан чиққан оилага берилади, - дейди Дилфуза Тўхтаева.
Бу мақолада номлари келтирилган меҳнат фахрийлари телефонда гаплаша олмайдиган заиф аҳволда экани боис, Озодлик уларнинг ўзлари билан суҳбатлаша олмади.
Иккинчи жаҳон уруши даврида қарийб 1,5 миллион ўзбекистонлик фронтга кетган; улардан ярмига яқини уйига қайтмаган.
“Нуроний” жамғармаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ҳозир 1800 дан кўпроқ уруш фахрийси қолган. Кўпчилигининг ëши 90 дан ошган уруш фахрийлари сонининг кейинги 10 йил ичида тўрт бараварга камайгани айтилади.